07:10 / 24.11.2023
483

Россия ва Хитойнинг АҚШ билан совуқлашгани Ким учун айни муддао бўлди

Россия ва Хитойнинг АҚШ билан совуқлашгани Ким учун айни муддао бўлди

Фото: EPA/Vostock-photo

FT'да эълон қилинган мақолада ёзилишича, КХДР раҳбари коронавирус пандемиясидан мамлакат чегараларида назоратни кучайтириш учун фойдаланган. Хорижий ОАВга маълумот бериш учун ўлим жазоси жорий қилиш эвазига эса энди ўзини ҳукуматга келганининг илк йилларига қараганда анча хавфсиз ҳис қилмоқда.

Отаси ва бобосининг сиёсатидан чекиниб

Шимолий Корея етакчилари доим ўз қўлларидаги ричаклардан халқаро ҳамжамият уларга ён босиши йўлида фойдаланиб келган. Масалан, аввалига Корея яриморолида сунъий инқироз юзага келтириб, кейин эскалация кучаймаслиги эвазига санкцияларни юмшатишни сўрашади. Афтидан, ҳозирги раҳбар Ким Чен Ин бундай сиёсатдан воз кечган ва АҚШ билан муроса қилиш ҳақида ўйламаяпти ҳам.

38 North дастури директори Женни Тауннинг айтишича, янги совуқ уруш ҳақидаги гаплар фонида ўз томонини аниқлаб олди ва бунинг мукофотини ҳам олмоқда: Россия ва Хитой билан қалин алоқалар эвазига КХДР ядро дастурини ривожлантириб бормоқда.

КХДР Россияга қурол ва иш кучи юбориб, эвазига технология олмоқда

Россия Украинага бостириб кирганидан кейин ўқ-дори билан боғлиқ муаммога дуч кела бошлади. Шимолий Корея эса русларга бу борада ёрдам берган кам сонли давлатлардан бўлди. АҚШда октябр ойида минглаб қурол-яроқ ортилган контейнерлар Шимолий Кореядан Россияга олиб кетилаётгани акс этган коинотдан олинган суратлар эълон қилинди. Вашингтоннинг тахминича, КХДР бунинг эвазига Россиядан қирувчи самолётлар, «ер – осмон» классидаги ракеталар, баллистик ракета ясаш учун ускуналар ва юқори технологиялар олади. Жанубий Корея ҳукумати маълумотига кўра, Шимолий Корея яқинда илк парвози амалга оширилган разведка сунъий йўлдоши борасида ҳам Россиядан техник кўмак олган.

Россия билан алоқаларни яхшилаётганидан ташқари Ким Чен Ин Хитойнинг паноҳида қолишни ҳам давом эттирмоқда. Масалан, Хитой охирги бир неча ой ичида КХДРга мамлакатда бўлиб турган юзлаб шимоллик қочоқларни қайтарди. Ваҳоланки, бунга БМТ, АҚШ ва кўплаб халқаро ташкилотлар қаршилик қилганди. Ким Чен Ин бу қочоқларни қайтарганини ўз ғалабаси деб қабул қилган.

«Хитой Шимолий Кореяни доим буфер зона сифатида қадрлаган. Гарчи уларнинг ядро дастури ва провокацион ҳаракатлари чинликларга ёқмаса ҳам. Хитой АҚШ билан бир неча ўн йиллар давомида конфликт ҳолатида бўлишини англагач, Пхенянни қўллашда давом этиб, эвазига кўп нарса сўрамайди ҳам», дейди кореяшунос Андрей Ланков.

Россиянинг Узоқ Шарқ ҳудудида ишчи кучи етишмовчилиги кузатила бошлагач, Шимолий Корея у ерга кўплаб ишчиларни юборди. Хитой билан мамлакатнинг савдо айланмаси охирги 4 йил ичида энг юқори даражага етди. Пекин КХДРга санкция бўйича тақиқланган маҳсулотларни очиқчасига экспорт қилган. Бундан ташқари, БМТ тақиқига қарамай, Шимолий Кореядан кўмир ва пўлат сотиб олган.

Россия ва Хитойнинг ўзи етарли

Шимолий Корея мамлакатнинг Африка, Европа ва Осиёдаги элчихоналарини ёпмоқда. Таҳлилчиларга кўра, бу КХДР Россия ва Хитойдан ташқарида савдо алоқаларини ривожлантиришни истамаётганидан далолат беради. «Ким АҚШ билан алоқаларни яхшилашдан камроқ фойда берадиган ҳамкорлик билан чекланмоқда. Лекин бу ҳамкорлик ишончли ва кўп нарса талаб қилмайди», дейди Женни Таун бу ҳақда.

Financial Times охирги йилларда Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик кенгаши санкция сиёсатини расман қўлламай қўйганига эътибор қаратган. Икки давлат ҳам доимий равишда Шимолий Кореяга қарши санкцияларни юмшатиш борасида резолюциялар киритиб келмоқда. Бундан ташқари, Россия ва Хитой Ғарб ракета синовлари учун танқид қиладиган КХДРни оқлаб келмоқда.

Ғарбда санкцияларни юмшатиш ва мамлакат иқтисодиёти ўсиши Шимолий Корея ядро дастурини ривожлантириб юборади деб ҳисоблашади. Экспертлар, Шимолий Корея шунча санкцияларга қарамай ядро дастурини яхшилаб бораётгани санкцияларнинг таъсир кучи пастлигидан нишоналигини айтмоқда.

FT хулосасига кўра, Ким Чен Ин ўз олдига қўйган яна бир асосий мақсад хорижий таъсирнинг олдини олиш. Тузум коронавирус пандемиясини маҳаллий аҳолига ижтимоий босимни ошириш ва Хитой билан чегарасида назоратни кучайтириш учун фойдаланган.

«У ички рақибларини тозалади, ядро қуроли яратиш бўйича йирик дастур бошлади ва жамият устидан назоратни кучайтирди. Россия ва Хитойнинг АҚШ билан душманчилиги Ким учун айни муддао», дейди Вена университетидаги Шимолий Кореяни ўрганиш маркази илмий ходими Питер Уорд.

АҚШ Шимолий Кореянинг ядро дастури билан нима қилишни билмаяпти. Афтидан, дастур фақат ривожланиб бормоқда

Таҳлилчилар тузум яшаб қолиши учун мамлакат иқтисодий жиҳатдан гуллаб-яшнаши шарт эмас деб ҳисоблашади. «Шимолий Корея учун иқтисодиёт яхши ёки ёмон экани эмас, у жуда паст ҳаёт тарзига одатланган одамларнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш учун етарлими, деган савол муҳим», дейди Швеция халқаро алоқалар институтининг Шимолий Корея бўйича эксперти Бенжамин Зилберштейн. У мамлакатда кўпчилик тўйиб овқат емаслиги, лекин оммавий очлик ҳолати мамлакатда кўп кузатилмаслигининг ўзи Ким учун етарли эканини айтган.

Financial Times'нинг ёзишича, АҚШ ва иттифоқчилари Шимолий Кореянинг ядро дастури билан нима қилишни билмаяпти. Улар КХДР Россия ва Хитой билан алоқаларни яхшилаши ортидан ядро дастурини ривожлантириб олишидан хавотирда. Чунки бу давлатлар Шимолий Кореяга плутоний ва юқори бойитилган уран етказиб беришни ошириши мумкин. Агар Россия КХДРга уранни тўғридан тўғри етказиб беришни истамаса, уни Пхенянга центрифугларни модернизация қилиш учун фойдаланишга мўлжалланган композит материаллар кўринишида юбориши мумкин. Бундай ҳолатда керакли маҳсулотни фуқаролар эҳтиёжи учун деб олиб кириш мумкин.

Жануб хавотирда

Бўлиб ўтаётган воқеалар, айниқса, Жанубий Кореяда қаттиқ хавотир уйғотмоқда. Жо Байден иттифоқчисини қўллаш учун ядровий муаммо бўйича икки томонлама консултация гуруҳи ташкил қилишга рози бўлди. Америкалик ҳарбийлар ҳам Жанубий Кореяда тез-тез кўриниш бермоқда. Аммо Сеулдаги Сиёсий тадқиқотлар институти илмий ходими Го Миенг Хуннинг фикрича, АҚШнинг барча ҳаракатлари шунчаки жанубликларни тинчлантиришга қаратилган. Бу билан эса Шимолий Кореяни тийиб туриб бўлмайди.

Эксперт Андрей Ланковнинг фикрича, Шимолий Корея томонидан таҳдид бундан кейин фақат ошиб боради. Чунки ҳали 40 ёшга кирмаган Ким Чен Ин ўз ҳукуматини кучайтириб бормоқда. «Ким ядро дастурини кучайтиришга бунчалик жиддий эътибор қаратаётганини фақат бир нарса билан изоҳлаш мумкин: Шимолий Корея жиддий тарзда иккинчи Корея урушига тайёрланмоқда ва Жанубни босиб олишни мақсад қилган. Бу таҳдид кейинги 10-15 йилда янада яққол кўрина бошлайди», дейди Ланков.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё