00:12 / 14.12.2023
431

Зеленскийнинг АҚШга учинчи ташрифи нега янги ёрдам пакети ажратилишига олиб келмади?

Зеленскийнинг АҚШга учинчи ташрифи нега янги ёрдам пакети ажратилишига олиб келмади?

Фото: EPA

BBC’нинг Вашингтондаги мухбири Энтони Зуркер Зеленскийнинг Америкага ташрифи якунларини таҳлил қилди.

Зеленскийнинг ҳаракатларида умидсизлик сезилиб турибди, чунки ҳозир унинг мамлакати тақдири ҳал бўлаётган бўлиши мумкин. Украинадаги урушни демократик давлатлар ва автократик режимлар ўртасидаги глобал можародаги ҳал қилувчи жанг деб ҳисоблайдиган АҚШ президенти Жо Байден ҳам шундай ҳолатда.

Аммо украинлар президентининг бу сафарги ташрифи якунларига кўра Зеленский ҳам, Байден ҳам муайян ютуқ билан мақтана олмайди.

Володимир Зеленский Вашингтонга ўтган йил декабрида келганида уни АҚШ Конгресси палаталарининг қўшма мажлисида қизғин кутиб олишган ва Оқ уйда ҳам тантанали қабул уюштирилганди. Орадан кўп ўтмай Қўшма Штатлар Украинага 50 млрд долларлик ёрдам пакетини маъқуллади, бу Киевнинг Россия босқини бошлангач бой берилган ҳудудларини қайтариб олиш ҳаракатларига ёрдам берди.

Аммо бу сафар барчаси мутлақо бошқача кўринишда. Зеленский америкалик сенаторлар билан ёпиқ эшиклар ортида учрашди. У Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон билан учрашув ўтказди, спикер эса камералар қаршисига Украина президенти билан бирга чиқмади ҳам.

Зеленскийнинг Оқ уйга ташрифи ҳам аввалгилари каби дабдаба билан ўтмади — ва бу тасодифий эмасди. Бўлган воқеаларни, албатта, кимларгадир шундай туюлса-да, навбатчи табассум билан омад тилаб, эшикни ортдан ёпиб хайрлашиш сифатида баҳолаш ҳам тўғри эмас. Зеленский Америкадан ёрдам олиш имкониятини яхшилаш учун дунёнинг ярмини босиб ўтиб келди, аммо амалда бу амалга ошмади.

Миграция муаммоси

Украина президенти ташрифи муҳити Вашингтондаги умумий кайфиятни акс эттиради, бу ерда Украинага қўшимча маблағ ажратиш масаласи Америка миграция сиёсатидаги ички сиёсий кураш билан боғлиқ.

Фото: Getty Images

Демократлар АҚШ чегаралари хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун маблағ ажратишни Украина, Исроил ва Тайванга ҳам ёрдам кўрсатишни ўз ичига олувчи 110 млрд долларлик умумий пакет доирасида таклиф қилмоқда. Аммо республикачилар АҚШ ҳукуматининг мамлакатдан бошпана сўровчи ҳужжатсиз мигрантларга муносабатини тўлиқ қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда.

Зеленский билан учрашувдан кейин сешанба куни тонгида республикачи сенаторлар Украина тақдирига ҳамдард бўлишса-да, Америка чегарасидаги вазиятни миллий хавфсизликнинг муҳимроқ омили деб билишларини яширишмади.

«Мен улардан ҳайратланаман, аммо бу менинг биз нима қилишимиз кераклиги ҳақидаги қарашларимни ўзгартирмайди», — деган BBC мухбирига республикачи сенатор, узоқ вақт давомида Америка ташқи сиёсатидаги «қирғий»лардан бири сифатида кўрилган Линдси Грэм. «Мен келишувга эришишимиз учун нима бўлиши кераклигини биламан. Мен чегарамиз хавфсизлигини таъминлашни истайман», — дея қўшимча қилган у.

Энди Байденда фақат икки вариант қолмоқда: ёки бундан кейин ҳам республикачиларни миграция бўйича позициясини юмшатишга ундашда давом этиш ёки уларга ён бериш, иккинчи вариант эса Демократик партиянинг сўл қанотини қаноатлантирмайди.

Ҳозирча барчаси шунга ўшамоқдаки, республикачилар Киевга ёрдам тугашини кутишга тайёрдек. Улар шу тариқа анчадан буён Украина учун янги пуллар ажратилишидан норози бўлиб келаётган сайловчиларига маъқул кўринишда демократлар устидан ғалаба қозонишлари мумкин.

Бундан ташқари, ҳозирги вазият демократлар лагеридаги бўлинишни чуқурлаштиришга қодир, бу эса республикачиларнинг кейинги йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидаги имкониятларини яхшилайди.

Иммиграция ислоҳоти — Украинага янги ёрдам ажратиш йўлидаги ягона тўсиқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Зеленский билан учрашувдан кейин Вакиллар палатаси спикери Жонсон ҳарбий ёрдам «аниқ стратегия» ва Конгресснинг тегишли назоратига боғлиқлигини айтган.

«Улар бизга [урушни] якунлаш бўйича стратегия қандайлигини тушунтиришмади», — деган у.

Бундай формулировка шуни англатиши мумкинки, агар Сенатда келишувга эришилган тақдирда ҳам, бу пакет амалда икки партия томонидан бўлиб олинган Вакиллар палатасидан ўтишини кафолатламайди.

Учрашувларга сероб бўлган узун кун охирида ўтказилган қўшма матбуот анжумани вақтида Зеленский ва Байден ўз саъй-ҳаракатлари (афтидан, самарасиз) натижаларини оптимистик нуқтайи назардан тақдим этишга уринишди.

Америкаликлар президенти ҳеч нарса ваъда қила олмаса ҳам, барибир ечим топилишига умид қилишини айтди.

Зеленский ўз режаларини америкаликлар билан ўртоқлашгани ва ижобий жавоб олганини билдирди.

Бироқ, у бундай туйғуга эга бўлган ягона одам бўлиши мумкин.

Америкадаги PBS жамоат телеканали журналисти Лиза Дежарденнинг сўзларига кўра, ташриф вақтида Зеленский сенаторлар билан инглиз тилида сўзлашган ва бир неча бор ўзи тушунмаган сўзларни таржима қилишни сўрашга мажбур бўлган.

Журналистнинг айтишича, бундай сўзлардан бири «stalemate» [«боши берк кўча», «турғун вазият» — BBC] эди.

Зеленский бу сўз маъносини оғир тажриба орқали ўрганишга мажбур бўлди. Ҳокимият бўлинган Қўшма Штатларда эса «турғунлик» ибораси Америка сиёсатининг одатий ҳолатини ифодалайди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё