date
views 665

А-50 йўқ қилиниши: Украина русларнинг учиб юрувчи радарига қандай ҳужум қилган?

А-50 йўқ қилиниши: Украина русларнинг учиб юрувчи радарига қандай ҳужум қилган?

Фото: Getty Images

А-50 самолёти уриб туширилгани ҳақида аввалига 14 январ куни украиналик, кўп ўтмай россиялик блогерлар ёзиб чиқишди. Кейинги куни эрталаб Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний бу ҳақда расман маълумот берди. Қўмондон русларнинг Ил-22М учоғи ҳам йўқ қилингани ҳақида айтганди, аммо кўп ўтмай самолёт Анапа аэропортига қўнишга муваффақ бўлгани тасвирланган суратлар тарқалди.

Кадрларда Ил-22М учишга имкон бермайдиган даражада зарарланганини кўриш мумкин. Кейинроқ Украина қуролли кучлари расмий вакили Юрий Игнат ҳам самолёт жиддий зарар кўрганига қарамай, учувчилар уни қўндира олганини тасдиқлади.

А-50 ҳалокати ҳақида бир қатор украиналик расмийлар, шунингдек, Россия ҳарбий авиациясига алоқадор одамлар хабар берди. Россия мудофаа вазирлиги ўз йўқотишларини доим ҳам тан олавермайди. Айрим ҳоллардагина бироз вақт ўтгач баъзи йўқотишлар ҳақида хабар берилади. BBC таҳлилига кўра, Ил-22М самолёти зарар кўрган ҳолатда бўлса-да, ерга қўнгани тасвирлари тарқалгани ҳисобга олинса, А-50 чиндан йўқ қилинган деган хулосага келиш мумкин. Агар бу учоқ «омон бўлганида» унинг ҳам сурати қаердадир пайдо бўларди.

Ким отди?

Самолётлардан бири қандай йўқ қилингани ва иккинчисига қандай зарар етказилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Тармоқнинг русча сегментида тарқалган версиялардан бирига кўра, Ил-22М самолёти Қримга ўтадиган Керч кўпригини ҳимоя қилаётган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ўқидан зарар кўрган.

Валерий Залужний эса самолётларга ҳужумни махсус операция деб атади. Бундан учоқлар Украина ҳужумига учраганини билиш мумкин. Шундай бўлса-да, украинлар қўмондони операция қай йўсинда амалга оширилганини айтмаган.

Украина ҚК расмий вакили Юрий Игнатга кўра, асосий нишон А-50 бўлган, Ил-22М эса шунчаки ҳужум остида қолган. Залужний ўз телеграм-каналида бу икки самолётнинг траекториялари акс этган график видео эълон қилди. Унда самолётлар радардан йўқолиб қолганини кўриш мумкин. Графикага кўра, учоқлар Азов денгизи шимоли-ғарбий қисмида, Приморск райони ҳудудида навбатчилик қилаётган бўлган.

А-50 МАКС авиасалонида

Украинларнинг «Суспiльне» нашри эса Ил-22М Херсондаги Стрелкова райони ҳудудида, А-50 Запорижжядаги Кирилловка қишлоғи ҳудудида бўлганини ёзган. Ҳар икки ҳудуд ҳам Қрим кўпригидан 130-140 км, фронт чизиғидан тахминан 160 км узоқликда жойлашган. Россиянинг С-400 типидаги зенит ракета комлекслари бундай масофадаги нишонларни Қрим кўпригидан туриб йўқ қила олади. Аммо россиялик операторлар А-50 каби гигант самолётни ва Ил-22М учоғини украинлар самолёти билан адаштириб юбориши қийин масала. Шундай экан, самолётлар руслар томонидан янглиш ҳужумга учрагани ҳақида хабарларга ишониш қийин.

Ўз навбатида, операцияни украинлар амалга оширган бўлса ҳам, буни қандай қурол билан қилишгани номаълумлигича қолмоқда.

Қандай уриб туширишган?

Русларнинг икки самолётига ҳужум қилингани ҳақида хабарлар чиқиб, улардан бирининг сурати ҳам пайдо бўлганидан кейин кўпчилик битта қурол ҳақида гапира бошлади – Patriot зенит-ракета комплекси. Ҳозиргача Украинада Patriot батареяларидан учтаси борлиги ва уларда PAC-3 туркумига кирувчи ракеталар ишлатилаётгани маълум. Бундай ракеталар эса кўпроқ «Кинжал» типидаги баллистик ракеталарни тутишга мослашган.

PAC-3 туркумидаги ракеталар 40 км радиусда 20 км баландликдаги нишонларни уриб тушира олади, холос. Patriot'га мослашган PAC-2 оиласидаги ракеталар эса 25 км баландликдаги нишонларни 160 км радиусда ура олади. Украинага берилган бошқа хорижий қуроллар ҳам, советлар даврида ишлаб чиқарилган ракеталар ҳам бундай нишонни уриб тушира олмаган бўларди. Чунки фронт чизиғи бошқа ҳар қандай қурол бундай нишонни уриб тушириши учун узоқлик қилади.

Бу нишонларни уриш учун Patriot'ни ҳам фронт чизиғига максимал яқин олиб келиш талаб қилинарди. Бу эса камёб ва жуда қиммат техникани хавф остида қолдириш дегани. Бу хавфнинг кўламини тушуниш учун – битта Patriot тизими 9 миллиард доллар туради. Ундан отилган ҳар бир ракета 3 миллион долларга тушади.

Украинада советлар даврида ишлаб чиқарилган С-200 зенит-ракета комплекслари ҳам бор, лекин улар 10 йил аввал қуроллар сафидан чиқарилган. Қуролли кучлар улардан ердаги нишонларни йўқ қилишда фойдаланишга ўтган. Агар Украина бундай комплексларни ҳаводаги нишонларни уриш учун жанговар ҳолатга келтирган бўлса, унинг ёрдамида 600 км радиусдаги нишонларни уриб тушириш мумкин. А-50 шу каби эскириб қолган ракета тизимлари учун ҳам қийин нишон ҳисобланмайди. Чунки у жуда катта ва керакли даражада манёвр қила олмайди.

Ҳарбий экспертлар илгари сураётган яна бир версияга кўра, украинлар ҳужум учун МиГ-29 ва Су-27 қирувчи самолётларидан фойдаланган бўлиши мумкин. Аммо Россияда ишлаб чиқарилган бундай учоқлар учун Украинада авиаракеталар йўқ. АҚШда ишлаб чиқарилган F-16 самолётлари эса ҳозирча Украинага берилмаган.

Бундан ташқари, агар нишонлар қирувчи самолётлар ёрдамида йўқ қилинганда, улар ўз ҳаракатларини яшира олмаган бўларди. F-16 қандай ҳаракатланиши ҳам русларга яхшигина маълум. Чунки бундай қирувчилар ўз вақтида Жуковскийдаги авиасалонда парвоз қилган. Агар ҳужумда F-16 ишлатилганида бу ҳақда ёки украинлар ёки руслар хабар қилган бўларди.

Россия Telegram-каналларида Ил-22М жиддий зарар кўргани тасвирланган сурат тарқалди. Унда самолётда каттагина тешиклар пайдо бўлганини кўриш мумкин. Улар катта эҳтимол билан ердан туриб отиладиган зенит-ракета комплекслари ўқ-дориларидан пайдо бўлган. Чунки авиаракета бундай зарар етказиши қийин.

Тактика

Украина Россия учун жуда муҳим бўлган самолётни йўқ қилишда қандай тактика ишлатгани аниқ эмас, аммо бу борада самарали бўлган мавжуд тактикаларни тахмин қилиш мумкин.

Украина НАТО разведкачи-самолётларининг маълумотларидан фойдаланади. Улар Қрим ва Россия жанубидаги ҳаво кенгликларини доимий разведка қилиб боради.

Юрий Игнатнинг айтишича, Ил-22М иккинчи даражали нишон бўлган (суратда — Ил-22, ёки Ил-18 модификацияларидан бири)

Биринчидан, А-50 ва Ил-22 каби самолётлар ҳавога кўтарилганини сезиш қийин эмас: улар жуда катта ва радар экранларида яхши кўринади. Иккинчидан, А-50 тепасида катта айлана «ликопча» – «Шмел» радиотехник радари бор бор. Бу радар радиосигнал манбаси бўлиб, узоқ масофадан ҳам яхши кўринади.

Одатда бундай самолётлар рақиб учун жиддий нишон бўлгани сабаб фронт чизиғига яқин учмайди. Уруш учун жуда муҳим бўлган икки самолёт ҳужумга учраганига қараганда улар узоқ вақтдан буён бир хил йўналиш бўйлаб ҳаракатланган. Ёки бир хил манзилларда патруллик қилган.

Улар маълум воқеалар сабаб ҳавога кўтарилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Масалан, Украина бўйлаб дронлар ва қанотли ракеталар ҳужуми вақтида. Масалан, улар бундай вақтда Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари фаоллигини кузатиши мумкин.

Ҳаракатлар шаблонли кўриниш олгани эса уларга қарши тузоқ тайёрлаш имконини яратган бўлиши мумкин. Масалан, маълум жойга зенит-ракета комплекслари ўрнатиш ёки қирувчи самолётни юбориш каби.

А-50 қанчалик муҳим самолёт?

Кўрган зарарига қараганда Ил-22М ҳали-бери жангга қайтиши қийин. Балки уни бутунлай сафдан чиқаришар ҳам. А-50 самолётининг тақдири эса номаълум. Аммо у ҳам сафдан чиққан, катта эҳтимол уриб туширилган кўринади. Акс ҳолда, унинг суратлари ҳам ижтимоий тармоққа сиздирилган бўларди.

Бу самолёт Россия Ҳаво-космик кучлари учун жуда жиддий йўқотиш ҳисобланади. Чунки русларда бундай самолётлар кўп эмас. Бундан ташқари, ҳамма А-50 самолётлари ҳам жанговар вазифаларни бажарада олмайди. Разведка мақсадида фақат махсус ишлаб чиқарилган А-50У самолётларидан фойдаланиш мумкин. Оддий А-50 самолётлари ҳарбий вазифага ярамайди.

Россияда умумий ҳисобда 10 та А-50 самолётлари бор экани айтилади. Military Balance'га кўра, русларда учта А-50 ва 6 та А-50У бор.

А-50У учиб юрувчи радар бўлиб, рақибнинг ердаги ва ҳавода фаоллигини кузатиб боради. Улар ердаги локаторлардан фарқли ўлароқ, ҳавода кўпроқ ҳудудни кузатиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, замонавий радарлар ердаги нишонларни тузоқлар билан адаштирмай аниқ кўра олади. А-50У самолётига ўрнатилган «Шмел» комплекси айнан шу хусусияти билан ажралиб туради.

Айнан мана шундай радарлар русларга Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, радарлар ва отиш тизимлари қаерда жойлашганини билиш имконини беради. Улар Украина авиацияси фаоллигини ҳам доимий кузатиб боради. Масалан, А-50 Азов денгизи устида парвоз қилаётган вақтда Су-24 қирувчи самолётлари Storm Shaddow ракеталари билан парвоз қилиши жуда қийин, имконсиз деса ҳам бўлади.

А-50 амалда ҳаво жангларини бошқариб, ҳарбий самолёт ва вертолётлар ҳаракатларини назорат қилади. Қўмондонлик пункти вазифасини бажарадиган бундай самолётлар ҳаво кенгликлари ҳақида аниқ маълумотни реал вақтда ҳаво операциялари қўмондонлигига узатиб туради. Бундай маълумотларсиз ҳаво жангига кириш қийин.

2022 йил ноябр ойида россиялик ҳарбий эксперт Иля Крамник Россия ҳаво--космик кучлари етарли муҳофазага эга бўлиши учун камида 20 та А-50У самолёти кераклигини айтганди. Бу эса ҳозиргидан уч баравар кўп дегани.

Уруш бошланганидан буён руслар А-50 самолётларидан яна бирини диверсия сабаб йўқотишганди. 26 феврал куни Беларусдаги Мачулишчи аэродромида шундай самолёт дронлар ҳужумига учраб, сафдан чиққанди. Унинг кейинги ҳолати ҳақида маълумот беришмаган.

Ил-22М қандай вазифа бажарган?

Урушда Ил-22М самолётининг вазифаси тўлиқ аниқ эмас. Бу Россия ҳаво-космик кучлари ҳарбий авиация ҳаракатларини бошқарган қўмондонлик пункти бўлгани ҳақиқатга яқин. Бу учоқ ретранслятор вазифасини ҳам бажариб, ҳаводаги сигналларни ердаги штабга узатиб турган бўлиши ҳам мумкин.

Military Balance маълумотига кўра, уруш бошланганда Россияда 12 та Ил-22М ва 10 та эскироқ модификациядаги Ил-22 бўлган. Улардан бири 2023 йил июн ойида вагнерчилар исёни вақтида уриб туширилганди. Яна бир самолёт эса Украина ҳужуми вақтида зарар кўрган. Россия нашрлари ўша самолёт ҳужумидан кейин базага қайта олгани ҳақида ёзганди, лекин унинг кейинги тақдири аниқ эмас.

2018 йилда эса Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими хатолик сабаб Россиянинг Ил-18 асосида ишлаб чиқарилган Ил-20 разведкачи-самолётини уриб туширганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » А-50 йўқ қилиниши: Украина русларнинг учиб юрувчи радарига қандай ҳужум қилган?