23:01 / 28.01.2024
224

Луврда радикал экофаоллар «Мона Лиза»га шўрва сепишди

Луврда радикал экофаоллар «Мона Лиза»га шўрва сепишди
Фото: Видеодан кадр
Парижда намойишчилар «Мона Лиза» картинасига шўрва сепиб юборишди. Усти ўқ ўтказмайдиган шиша билан қоплангани туфайли картинага зарар етгани даргумон.

Кузатув камерасида олинган видеода икки намойишчи «соғлом озиқ-овқат ҳуқуқи» талаб қилаётганини кўриш мумкин.

«Нима муҳимроқ? Санъатми ёки соғлом ва экологик тоза овқатланиш ҳуқуқими? Бизнинг қишлоқ хўжалиги тизимимиз касал!» — дея бақиришган улар.

Сўнгги кунларда Франция пойтахтида фермерларнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Жума куни намойишчилар Парижга олиб борувчи асосий йўлларни тўсиб қўйишган.

Намойишчилар ёнилғи нархи ошиши, Украинадан ғалла импорти, шунингдек қишлоқ хўжалигидаги бюрократик тартибларнинг қийинчиликларидан норози бўлишмоқда.

«Мона Лиза» мунтазам равишда вандализм ҳаракатларига дучор бўлади. Ҳозиргиси — 1956 йилдан буён олтинчиси

Леонардо да Винчининг XVI асрда мўйқаламда чизган ушбу ноёб портрети — дунёдаги энг машҳур санъат асарларидан биридир. Картина Париждаги Лувр музейида сақланади.

Жоконда 1956 йилда Франция жанубидаги Монтобан шаҳри музейида ўтказилган кўргазма вақтида илк бор суиқасдга учраганди. Ташриф буюрганлардан бири картинага сулфат кислота сепиб, полотнанинг қуйи қисмини шикастлаганди.

Ўша йили (бу йил Мона Лиза учун анча омадсиз йил бўлганди) боливиялик Уго Унгаза Виллегас унга тош отганди, ўшанда Жоконданинг чап тирсак қисмида сезилмас из ҳосил бўлганди. Айрим манбаларга кўра, Виллегас Мона Лизани она сифатида севиб қолгани, аммо бирдан у ўзининг устидан кулаётганини сезиб қолгач, бунга чидай олмаганини айтиб берган.

Шундан кейин картинани ўқ ўтказмайдиган шиша билан ҳимоялашга қарор қилишади.

1974 йилда эса япониялик сайёҳ картина томон бўёқ тўлдирилган шишани улоқтиради, у нима мақсадда бундай қилгани номаълум — аммо картинани шикастланишдан айнан ҳимоя шишаси сақлаб қолганди. Бу воқеадан кейин «Мона Лиза»нинг ҳимояси янада кучайтирилиб, у ўқ ўтказмайдиган шишалардан махсус тайёрланган қутига жойлаштирилган.

Аммо бу чоралар ҳам Жокондадан нафратланувчилар унга «суиқасд» қилиш ҳолатларига барҳам бермайди. Хусусан, 2009 йил августида россиялик сайёҳ «Мона Лиза» томон кружка отади, аммо ҳимояловчи экран яна иш беради, сайёҳ эса полиция участкасига олиб кетилади.

2019 йилда музей раҳбарияти картинани янада мустаҳкам ўқ ўтказмайдиган шиша ичига солади.

2022 йилда ташрифчилардан яна бири картинага қарата торт улоқтириб, атрофдаги одамларни «сайёра ҳақида ўйлаш»га чақиради.

1911 йилда Лувр ходими Винченцо Перуджиа «Мона Лиза»ни ўғирлаш учун тунда шкаф ичига бекиниб олганди. Картинани икки йил ўтганидан кейин, уни Флоренцияда антиквар сифатида сотмоқчи бўлишганида топишади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё