
Германияда кутилмаган ҳолат кузатилди — мамлакатда полиомиелит касаллигини келтириб чиқарувчи ёввойи полиовирус штамми аниқланди. Бу ҳақда Роберт Коҳ институти маълумотларига таяниб, Reuters хабар берди.
Маълум қилинишича, Германияда бу каби инфекция охирги марта 1990 йилда учраган. Аммо мутахассислар 2021 йилдан бери атроф-муҳит намуналарини тизимли текшириб келмоқда ва вирус айнан шундай мониторинг жараёнида топилган.
Шуниси эътиборлисики, аҳоли орасида ҳозирча ҳеч қандай касалланиш ҳолати қайд этилмаган. Тиббиёт ходимлари буни мамлакатдаги юқори эмлаш даражаси билан изоҳламоқда. Вакцинация вирус тарқалишининг олдини олган асосий омил сифатида кўрсатилмоқда.
Полиомиелит — асаб тизимини жиддий шикастловчи, баъзан фалажликка олиб келиши мумкин бўлган инфекция. У асосан ифлосланган озиқ-овқат ва сув орқали юқади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Бразилия кўршапалакларида ҳам янги вирус тури топилгани ҳақида хабар берилганди. Унинг намуналари бир вақтнинг ўзида Маранян ва Сан-Паулу штатларида аниқланган.
Мутахассислар вазиятни назоратга олиб, вируснинг келиб чиқиши ва тарқалиш хавфини ўрганишни давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.