00:30 / 16.02.2024
573

«Омма суюклиси» ўрнига «қассоб»: Украинада бош қўмондон нега алмаштирилди ва оқибатлар қандай бўлади?

«Омма суюклиси» ўрнига «қассоб»: Украинада бош қўмондон нега алмаштирилди ва оқибатлар қандай бўлади?
Фото: Украина президенти матбуот хизмати / EPA / Scanpix / LETA
Нега Украинанинг янги бош қўмондонини танқидчилар «қассоб» деб аташади? Сирский ва Залужнийнинг қандай фарқи бор? Икки йиллик уруш даврида улардан қай бири муваффақиятлироқ бўлган?

Meduza нашри бу борадаги энг асосий саволларга жавоб излади.

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари бош қўмондонини алмаштирди. Ўзи билан узоқ можарога эга бўлган Валерий Залужний ўрнига қуруқликдаги қўшинлар қўмондони Олександр Сирский тайинланди.

Бундай алмаштиришни Зеленский командаси армияни тезкор қайта тузиш зарурати билан асослаган. Лекин бу ҳолатда қуролли кучларни ислоҳ қилиш ва уруш олиб бориш борасида Залужний ва Сирский ўртасидаги фарқ тушунарсиз: ҳар иккиси сўнгги йилдаги кам сонли чиқишларида деярли бир хил гапларни айтишган. Уларни фарқловчи ягона нарса (Зеленскийга кўра) сиёсий ҳокимиятга муносабати: Залужний «ҳаммасини ўзича қилган», Сирский эса — садоқатли ва буйруқларни ижро қиладиган қўмондон.

Бироқ уларнинг қўшинлардаги (эҳтимол, жамиятдаги) нуфузи тамомила қарама-қарши. Залужнийга «барча яхшиликлар» ёпиштирилади: тактик эгилувчанлик, аскарлар ҳаёти ва фаровонлиги ҳақида қайғуриш, йўқотишларни минималлаштириш, сиёсий эмас, ҳарбий афзалликни танлаш. Сирскийнинг чекига эса (адолатли эканлиги факт эмас, албатта) тарихан «барча ёмон нарсалар» тушган: 2015 йилдан буён кўпчилик уни сиёсий раҳбарият буйруқларини сўзсиз бажарувчи «қассоб» деб атайди.

«Яхши»ни «ёмон»га тўғридан тўғри алмаштириш Зеленский учун сиёсий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Боз устига, Сирскийнинг қариндошлари Россияда яшайди ва Россия пропагандаси бу фактдан ўзи истаганича фойдаланмоқда.

Залужний ва Сирский урушнинг дастлабки икки йилида қандай муваффақият ва хатоларга дучор бўлишди?

Валерий Залужний Россияга қарши кенг кўламли урушда Украина армияси муваффақияти рамзига айланди. У урушнинг илк кунлариданоқ Украина ҚКга раҳбарлик қилди, унинг қўл остида «мўъжиза» рўй берди: 2022 йилда армия нафақат пароканда бўлишдан сақлаб қолинди, ҳужумдан сўнг эгаллаб олинган катта ерларни ҳам қайтариб ололди.

Бироқ унинг раҳбарлиги остида Украина ҚК мамлакат жанубини қўлдан бой берди — урушнинг биринчи кунларида у ердаги қаршилик синдирилди, қўшин жанговарликдан мосуво бўлди, бир қисми эса Мариуполда қамалга тушиб қолди. Украина прокуратураси бу эпизод устидан суриштирув олиб бормоқда, бироқ (қўшинлар тайёргарлиги ва ҳаракати учун масъул бўлган) Залужнийга қарши ҳалигача айблов илгари сурилмаган.

Олександр Сирский эса йўналишлар қўмондони сифатида урушнинг дастлабки йилида икки муваффақиятли операция — Киев мудофааси ва Харкив атрофидаги қарши ҳужумда қўшинларни бошқарган. Бу ерда у «мутаассиб совет генералитети»га қарши илгари сурилаётган айбловларга терс сифатларини намоён қилган.

Киев остонасида Украина ҚК пиёдалар, танклар ва артиллерия ҳамоҳанглигидаги эгилувчан мудофаа орқали Россия қуролли кучлари ҳужумини қайтаришга муваффақ бўлган — коммуникацияларга берилган зарба туфайли русларнинг қўшимча куч ва таъминот еказишига тўсқинлик қила олган. Операцияда Украина ҚКнинг разведкадаги устунлиги, жумладан, пилотсиз парвоз қурилмалари орқали разведкаси муҳим рол ўйнаган.

Харкив областида Сирский енгил пиёдалар сони кўпроқ бўлган яширинча қўшинни жамлай олган — шу қўшин фронтни ёриб ўтишга муваффақ бўлган. Шундан сўнг ўт очиш салоҳиятида кучсизроқ бўлган Украина ҚК манёвр орқали Россия ҚКнинг йирик гуруҳини чилпарчин қила олган.

Сирскийнинг Харкивдаги қарши ҳужумидан бироз аввал Залужнийнинг сиёсатчилар билан илк зиддияти рўй берганди. РФ ҚК Украина ҚКнинг Северодонецк ва Лисичанскдаги кучларини қуршаб олишга интилаётган пайтда Залужний гўёки йўқотишларни камайтириш учун ушбу шаҳарларни тарк этиш тарафдори бўлган. Бироқ Лисичанскдаги жанглар авж паллага чиққан пайтда президентнинг «Халқ хизматкори» партиясидан халқ депутати бўлган Маряна Безуглая чиқиб, гўёки операция устидан раҳбарликни ўз қўлига олмоқчи бўлган ҳатто. Жанглар яна бир ой давом этган, Украина қўшинлари қарийб қуршаб олинган Северодонецкда бир ой таъминотсиз қолишган; июл ойи бошларида ҳар икки шаҳарни ташлаб чиқишга мажбур бўлишган. Ушбу жанг ва ундан кейин Харкив областидаги қарши ҳужум якунларига кўра Украина ҳукумати Северодонецк ва Лисичанскнинг умидсиз мудофааси ўзини оқлади, деган хулосага келган ва буни Россия қўшинлари бошпанасиз қолдирилгани билан тушунтирилган.

Харкив областида Балаклия ва Купянскда қўлга киритилган ғалабалардан сўнг Сирский Россия қўшинлари олдинга силжишни амалга ошираётган фронтнинг ягона участкасига — Бахмутга жўнатилган. Россия томонидан у ерда афв этилган маҳбуслар билан кучайтирилган «Вагнер» ХҲК жанг қиларди.

2023 йил 9 январида вагнерчилар Бахмут шимолидаги Соледар орқали ёриб киришди ва бу йўналишдан мудофаани қийин аҳволга солиб қўйишди. Бахмут чуқурликда жойлашган ва унинг шимолидаги тепаликлар вагнерчилар томонидан эгалланди, бироқ шаҳардан ўн километрча ғарброқда Украина ҚК Часив Яр шаҳри тепаликларида қулай позицияда жойлашган эди. Россия каналлари тарқатган миш-мишларга кўра, Залужний ўшанда Зеленскийдан қўшинларни Бахмутдан чекинтиришни талаб қилган, бироқ унга рад жавоби берилган ва мудофаани давом эттириш учун Сирскийга қўшимча захиралар берилган.

Шундан сўнг Зеленский Бахмутдаги фронтда Сирский ҳамроҳлигида пайдо бўла бошлаган. Бироқ Залужний мудофаани давом эттиришга қарши бўлганини исботловчи мустақил далил йўқ. Соледар қўлдан кетишидан бир ойча аввал Залужний The Economist журналига берган интервюсида Украина ҚКнинг асосий мақсади Россиянинг январ-феврал ойларида бошланувчи ҳужумига қарши туриш, русларга бир қарич ҳам ер бермаслик, чунки уни озод қилиш жуда қийин бўлиши ҳақида айтган. Ўшанда, 2022 йил охирларида Зеленский халқ ва армия ўртасида шуҳрат қозонган Залужнийни Сирскийга алмаштиришни истаётгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлади.

Бахмутни ушлаб туришнинг имкони бўлмади. У қўлдан кетишидан бир неча кун аввал, 2023 йил май ойи бошларида Украина ҚК «Вагнер» ХҲК қанотларида қарши ҳужум уюштиради. Сирский тез орада Бахмут озод қилинишини айтади. Шаҳарга ҳужумни Украинанинг тажрибали бригадалари билан бирга, шаҳарни баҳорда ҳимоя қилганлар, шунингдек Сирский қўмондонлигига янги берилган бўлинмалар амалга ошира бошлаган. Бунга параллел равишда Украина ҚК янги шакллантирилган ва ҳали тажрибаси бўлмаган бригадалар билан жанубда Токмак ва Мелитополга юришни бошлаган.

Бугунги кунга келиб кучларнинг бир-бирига боғлиқ бўлмаган икки йўналишга тақсимланиши ғарбда Украина қўмондонлиги хатоси, деб ҳисобланмоқда. Жанубдаги қарши ҳужум барбод бўлди. Кучларни бўлишни ким ўйлаб топгани ҳозирча аниқ эмас — Залужнийми, Зеленскийми ёки «Вагнер» ХҲКдан мағлубият аламини олишни истаган Сирскийми.

Ҳисобланишича, Залужний қарши ҳужумнинг илк муваффақиятсизликларидан сўнг операция режасини алмаштирган: жангга фронт ёриб ўтилганидан сўнг уни кучайтириш учун мўлжалланган захиралар ташлана бошлаган. Бундан ташқари, Украина ҚК катта сонли зирҳли техникалар билан ҳужум қилишни йиғиштириб, кичик пиёдалар гуруҳи билан олдинга ўта бошлаган. Бу эса арзимас бўлса-да тактик муваффақиятлар келтиради. Биринчи фронт линиясидан бир неча километр олисдаги Работине қишлоғи озод қилинади. Қайд этмоқ жойизки, кичик штурмчи гуруҳлар татикаси Залужнийнинг жанубдаги операция учун ихтироси эмасди. Бу усулдан Сирский Бахмут остонасида, унгача эса тўқнашув чизиғида зирҳли техникадан фойдаланишни умуман афзал билмайдиган «Вагнер» ХҲК ҳам фойдаланган.

Ноябр ойида, қарши ҳужум тамомила барбод бўлгани ойдинлашганидан сўнг, Россия қуролли кучлари бутун фронт бўйлаб ўз ҳужумларини ёйгач, Залужний The Economist нашри учун эссе ёзиб берди. Унда у сарлавҳага («Урушни қандай ютиш мумкин?») терс ўлароқ ғалабанинг бирор бир аниқ рецептини тасвирламаган — матнда уруш олиб бориш технологияси икир-чикирларидан тортиб, қандайдир «технологик мўъжиза, янги порох ихтироси»ни қўлга киритиш истаги баён этилган. Бироқ Залужний ўз фикрида агар «янги порох» ихтиро қилишнинг имкони бўлмаса, уруш томонларни ҳолдан тойдириш йўналишига ўтиши ва курашнинг бундай усулида Украина ютқазишини таъкидлаб ўтган.

Бу гўёки сиёсий баёнотдек янграган: агар жанг майдонида ғалаба имконсиз бўлса, урушнинг мақсадини ўзгартириш керак. Зеленскийнинг офиси эса Украина учун ягона натижа Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни, жумладан Қримни озод қилиш эканини таъкидлаб турарди. Президент командаси ушбу эссени айнан шундай оғир қабул қилди.

Bild газетаси январ ойи охирларида Залужний Зеленскийдан ярим қамал ҳолатидаги Авдийивкадан қўшинларни олиб чиқишни сўраганини ёзди, бироқ гарчи вазият критик кўринишга эга бўлса-да, бош қўмондонга рад жавоб берилган. Бироқ Залужний бу ерда ҳам ўз фикрига эга бўлгани ва тиқиштиргани ҳақида далиллар йўқ. Бундан аввалроқ бош қўмондон Авдийивка бир неча ой ичида қўлдан бой берилиши мумкинлигини айтган эди.

Залужний ва Сирскийнинг усуллари нимаси билан фарқланади?

Ўз гап-сўзларидан (Украина сиёсий ва ҳарбий қўмондонлигидаги бошқа одамлар фикрича ҳам) ҳар икки генералнинг уруш ва армияга бўлган қарашлари жуда ўхшаш.

Ҳар иккиси «совет сарқитлари»га қарши чиқишади: жойлардаги қўмондонликларни марказлашувдан халос этиш, кичик қўмондонларга ишонч билдириш, сиёсатчилар сиёсат, ҳарбийлар жанговар ҳаракат билан машғул бўлишни назарда тутувчи қўмондонликнинг НАТОча тузилмаси жорий этилиши тарафдори.

Залужний кўпроқ қўмондонга етакчилик сифати кераклиги ва у «аскарларнинг отаси» бўлиши кераклигига таянса, Сирский ҳаммаслаклари фикрича, «операцияларни режалаштиришда бадастир ва урушни математика сифатида қабул қилади».

Ҳар иккиси Украинанинг ёзги қарши ҳужумигача бўлган оптимистликдан энди Украина ҚК қатъий мудофаага ўтиши керак, деган йўлни босиб ўтган.

Истеъфога чиқишидан аввал Залужний CNN телеканалига Украина ҚК энди бундан буёғига артиллерия ўрнини боса оладиган бош зарба қуроли сифатида ўзи ишлаб чиқарадиган камикадзе-дронларга таяниши кераклигини таъкидлаган. Худди шу фикрни Сирский Залужний ўрнига бош қўмондан этиб тайинланганидан сўнг баён қилган.

Ёндашувлар ва гап-сўзлар, умумий ғалабалар ва муваффақиятсизликлар ўхшашлигига қарамасдан генералларнинг битта катта фарқли томони бор — уларнинг обрўси. Жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўровномалар ҳамда ҳарбийлар фикрига кўра, Залужний Украинанинг барча ғалабалари рамзи бўлиб қолаверади. Сирский эса ҳарбийлар ўртасида ҳар қандай ҳукуматнинг топшириқларини бажаришга тайёр, шахсий таркибни аямайдиган ҳиссиётсиз, садоқатли инсон сифатида танилган.

Сирский нега бундай ёмон ном олган?

Омма эътиборига Олександр Сирский илк марта 2015 йил баҳорида — Донбассдаги аксилтеррорчилик операциясининг «С» сектори штаби бошлиғи, генерал-майор сифатида тушган. Бироз аввалроқ, ўша йил январидан 20 февралига қадар у Украина қуролли кучлари ва кўнгиллилар бўлинмаларининг ҳаракатларини Дебалцеве дўнглигида бошқарган.

Унинг қўл остида генерал Валерий Залужний ҳам сектор қўмондони ўринбосари ва унинг бўлажак содиқ ҳаммаслаги Сергий Шаптала ҳам хизмат қилган. Шаптала бош қўмондон Залужний вақтида Бош штаб бошлиғи эди ва у билан бирга истеъфога чиқарилди. Ўшанда у Дебалцеве мудофааси билан машғул бўлган 128-тоғ пиёда бригадасига қўмондонлик қилган.

Залужнийнинг кейинчалик хотирлашича, у «Киев руси» 25-ҳудуди мудофаа баталёнини «Дебалцевега олиб кирган». Олиб кириш «юракдаги оғир юк билан» амалга оширилган — Дебалцеве «ЛХР ва ДХР милицияси» бостиришига қадар ярим қамал ҳолатида бўлган; таъминот ягона трасса бўйлаб амалга оширилган.

Феврал ойи ўрталарида Дебалцеведаги гарнизон қуршаб олинган (таъминот трассаси Россиянинг Улан-Уде шаҳридан келган 5-танк бригадаси кучи билан кесиб қўйилгани айтилади). 12 февралда мана шу вазият босими остида президент Петро Порошенко Украина учун ҳақоратомуз «Минск-2» келишувларини имзолашга мажбур бўлади. 18 феврал куни Украина қўшинларининг катта қисми, жумладан 128-бригада ва 25-баталён далалар ва тепаликлар ошиб ўтиб, Дебалцеведан шимолдаги ўз қўшинларига қўшилишга муваффақ бўлади. Бу операция Киевда ғалаба сифатида қабул қилинади: Порошенко иштирокчиларни, жумладан, Сирский ва Шапталани тақдирлайди.

Шундан сўнг 25-баталённинг «Арти Грин» лақабли офицерларидан бири, Донбассдаги урушгача Қримда бизнес қилган Евгений Бекренев Киевдаги ҳарбий прокуратурага турли ҳарбий хизматчилар имзо қўйган хатни олиб бориб топширади. Унда ҳарбийлар Порошенко ва унинг «содиқ ижрочиси» Сирскийни Дебалцеведаги операцияга раҳбарлик қилишдаги критик хатоларда (ҳаттоки атайлаб сотқинликда) айблашади. Хат остида Шапталанинг ҳам имзоси турарди, кейинчалик у ҳеч нарсани имзоламаганини айтган. Бекренев Украина хавфсизлик хизмати томонидан Россияга ва унинг махсус хизматига ишлашда айбланади, бироқ иш ҳибсга олишгача бориб етмайди.

Шундан сўнг Сирский Порошенконинг рақибларининг анъанавий нишонига айланади. Бекренев публицистга айланади ва Дебалцеведаги «жиноятлар» тафсилотларини янада кўпроқ ёзиш билан генерални фош этишда давом этади. Эҳтимол, номига тушган айнан мана шу қора доғ туфайли Зеленский ҳокимиятга келгач, Сирский хизмат пиллапояларидан юқориламай қолган, 2021 йилда у эмас, унинг собиқ ўринбосари Залужний бош қўмондон этиб тайинланган бўлиши мумкин.

Ўшандан бери Украинада Дебалцеведаги сингари мудофаа операцияси — нима қилиб бўлса ҳам унчалик афзал бўлмаган позицияларни душманга зиён етказиш ва сўнгра ўзиникиларга қўшилиб олишга ишонч билан ушлаб туриш шакли метиндек ўрнашди. Ярим қамал шароитида онгли мудофаа («душманни тўхтатиб туриш») Мариуполда, Северодонецк ва Лисичанскда ҳамда Бахмутда давом эттирилди. Энди эса Авдийивкада қўлланмоқда. Албатта, бундай шакл баҳсли: қўшинлар чекланган таъминот билан (ёки Мариуполдаги сингари усиз) урушишига тўғри келади. Бу эса уларнинг жанговарлигини пасайтириши эҳтимоли юқори. Бундан ташқари, масалан Бахмут учун жанглар бундай операциялар ҳар доим ҳам сиёсий дивидендлар олиб келмаслигини кўрсатди. Алалоқибатда мағлубият билан тугайдиган қаҳрамонларча ҳимоя жамият учун етарли бўлмаслиги мумкин — ғалабалар ҳам керак.

Зеленский командаси эса гарчи матонатли мудофаа устаси бўлса-да (албатта, бу Украинага ҳозир айнан зарур нарса), бироқ раҳбариятнинг сиёсий манфаатларини ҳарбий мулоҳазалардан устун қўювчи инсонни муҳим лавозимга қўйиб катта тавакаллчилик қилмоқда. Президент офиси ва унинг у қадар машҳур бўлмаган армия бошқарувчиси 2024 йилда ваъда қилинаётган оғир даврларда жамиятда муқаррар пайдо бўладиган негативларнинг барчасини ўзига қабул қилиши мумкин. Негативлар бўлмаслиги эса айниқса сафарбарлик муқаррар кенгайтирилиши лозим бўлган шарт-шароитларда жуда муҳим жиҳат.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё