18:54 / 09.03.2024
740

Сиёсий таҳлилчилар: Медведев Кремлдаги кайфиятни Путиндан кўра анча очиқроқ ифодалади

Сиёсий таҳлилчилар: Медведев Кремлдаги кайфиятни Путиндан кўра анча очиқроқ ифодалади
РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Сочида ёшлар билан учрашувда сўзга чиқиб, аввал рус тарихчилари ва шовинист қатлам томонидан постсовет ҳудудига нисбатан айтиб келинган даъволарни юқори даражада расмийлаштиргандек бўлди. Kun.uz унинг баёнотлари нимани англатиши ҳақида сиёсий таҳлилчилар Ойбек Сирожов ва Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

— Бугун Медведевнинг Россиядаги сиёсий вазни қандай? У Москванинг қарашларини қанчалик ифодалай олади?

Камолиддин Раббимов
: — Жамоатчилик ва дунё экспертлари фикрига қулоқ солсак, Медведевга берилаётган баҳо анча пастдек кўринади. Яъни гўёки у сиёсий ўйиндан чиқарилган, ҳокимиятга, ички ва ташқи векторга таъсир қилиш салоҳияти анса паст, деган қарашлар бор. Лекин менимча, бу қарашлар анча нотўғри. Медведев президентликдан кетгани билан унга берилаётган саволлар, журналистлар билан учрашувлари камайгани йўқ. Унинг чиқишлари доим Россия жамоатчилиги фикри ва сиёсий элитага таъсир қилган. Россия ҳокимияти коллектив йиғилишларида доим Путинга яқин ўтиради, муттасил равишда Путин билан учрашиб ҳам туради.

Бошқа томондан қарасак, Путин ҳокимиятга келгандан буён юқори лавозимларга чиқиб, кейин ҳокимият таркибидан чиқарилган шахслар бор, лекин Медведев билан бундай бўлгани йўқ. У доим диринчи қаторларда ўтиради, доим интервьюлар, баёнотлар беради. Агар Медведев ҳокимиятдан узоқлаштирилганда, унинг чиқишлари ҳам камайган бўлар эди.

Хулоса қилиш мумкинки, Медведев Россиядаги 10 та ёки 5 та қудратли сиёсий шахслардан бири. Медведев айтаётган гаплар Кремлдаги умумий об-ҳавони, сиёсий, геосиёсий кайфиятни Путинга нисбатан анча очиқроқ ва агрессивроқ ифодалаб беряпти.

Ойбек Сирожов: — Баёнот ички аудиторияда айтилган бўлса-да, асосан ташқи аудиторияга қаратилган эди. Европага, АҚШга, Украина ва постсовет ҳудудларига қаратилган ёндашувлар бор. Баёнотда Россия чегараси қаерда тугайди, деган масалани географик ва стратегик нуқтайи назардан асослашга ҳаракат қилинган. Стратегик нуқтайи назардан Россия чегараси ҳеч қаерда тугамайди, деди. Бу – жуда катта чақирув. Географик нуқтайи назардан эса, Путин айтган ҳудудлардан ҳам кўпроқ ҳудудни назарда тутди.

Чиқиш бошида Франция масаласини кўтариб, 210 йил олдин рус аскарлари Парижгача бориб Европада тартиб ўрнатган, керак бўлса бу иш яна такрорланади, деган фикрни айтди. Бу гаплар Макроннинг француз ҳарбийларини Украинага киритиш ҳақидаги баёнотига жавоб сифатида гапирилди. АҚШ, Германияга нисбатан ҳам ўз ёндашувларини илгари сурди. Катта Россия, кичик Россия деган тушунчаларни тилга олиб, постсовет ҳудудларини қайтариш ҳақида ҳам гапирди.

— Медведев СССРни “Россия империясининг қадрли давомчиси” дея, империя пайтида қўлга киритилган ҳудудларни Россияга қайтариш ҳақида гапирди. Бу баёнотлар постсовет ҳудудида қандай қабул қилинди ёки қилиниши керак?

Камолиддин Раббимов
: — Медведевнинг баёнотлари халқаро ҳуқуқ ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги нуқтайи назаридан салбий қабул қилинади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин халқаро қонунчилик, халқаро ҳуқуқнинг асосида давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги туради. Дунё ҳамжамияти тан олган чегараларга бостириб киришга, ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳудудий яхлитликни бузиш ички аралашув орқали ҳам бўлиши мумкин эмас. Масалан, ичкаридан бирор бир гуруҳни қўллаб,шу орқали эскалацияни кучайтириш каби аралашувлар расман мумкин эмас.

Медведевнинг ички шахсий мотивларига ҳам тўхталиш керак. Президентлик даврида либерал деб қабул қилинган Медведев бугун агрессив баёнотлар берувчи шахс бўлиб турибди. У президентликдан кетгач, 2014 йилги Қрим аннекциясидан кейин Путин атрофида куч ишлатиш тарафдорлари йиғилиб қолди, шундай муҳитда Медведев ўз мавқеини сақлашга ва парваришлашга ҳаракат қиляпти. Лекин унинг баёнотлари фақатгина бунинг учун эмас, ростдан ҳам тафаккури ўзгарди деб ўйлайман. Россия сиёсий элитасининг асосий салмоқли қисмида агрессия, шовинизм, империячилик тафаккури юқори туради. Медведевнинг баёнотида ҳам “буюк Россия империяси” деган жумла бир неча марта такрорланди. Бугунги Москва тафаккурига кўра, Чор Россияси, Совет иттифоқи ва бугунги Россия – битта структура. Медведев бу тафаккурни очиқ тасдиқлаяпти.

Баёнотни Болтиқбўйи давлатларида, бошқа постсовет ҳудудидаги давлатларда кўплаб экспертлар таҳлил қилишди. Баъзилар Медведев кўп алкогол истеъмол қилишини эслади, лекин у сўзга чиқиш чоғида ҳуши ўзида эди. Қолаверса, ўз қарашларини нутқ сифатида ёзиб келиб, ўқиб берди, хариталар ҳам кўрсатилди, демакки, бу гаплар – англанган ва тизимга солинган фикрлар.

Ойбек Сирожов: — Шундоқ ҳам Прелепин ва бошқаларнинг таҳдидли чиқишларидан кейин постсовет ҳудудидаги давлатлар жамиятида сергаклик ва Россияга нисбатан эҳтиёткорлик, ишончсизлик кучайди, бундай чиқишлар эса бу тенденцияни янада кучайтиради. Медведевнинг баёноти Европа давлатларини қўрқитиш маъносида бўлгандир, лекин бунинг оқибатлари акс таъсирли бўлиши мумкин, яъни постсовет ҳудудлари нуқтайи назаридан.

— Жамият учун қўрқувдир, лекин сиёсий элиталар учун сигнал эмасми бу?

Ойбек Сирожов
: — Ғарб элитасига ҳам сигнал бўляпти бу ерда. Лекин бу сигнал улар кутгандан тескари натижа бериши мумкин. Ғарбда асосий масала урушни тўхтатиш бўлиб турибди. Лекин Россия сиёсий элитасининг юқори вакилидан бири Россия чегараси ҳеч қаерда тугамайди, Европада тартиб ўрнатамиз, дейиши уларни сергаклантириб, иккиланишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, энг муҳим масалалардан бири – келажакда режалаштирилаётган Россия ва бошқа давлатлар харитаси эълон қилиняпти, бу орқали эса уларнинг истаги намоён бўляпти. У харитада Украина ерларининг катта қисми босиб олиниб, Россия ва бошқа давлатларга бўлиниши кўзда тутилган. Бундан келиб чиқиб Ғарбда Украинани кўпроқ қўллпшимиз керак деган позиция мустаҳкамланиши мумкин. Баъзи украиналик экспертлар ҳам Медведевнинг бу чиқиши бизга ёрдамни ошириши ҳам мумкин деяпти.

Камолиддин Раббимов: — Бу нутқ орқали Россия Ғарбга қарата: “Биз урушнинг кейинги юқори босқичларига ҳам тайёрмиз, таслим бўлмаймиз, шунинг учун сизлар чекинишингиз керак”, деган бўлиши ҳам мумкин. Лекин менимча, бу баёнотлардан асосий мақсад – ички молибизация, яъни сиёсий элита ва Россия жамиятига биз конфликтнинг юқори нуқтасига келдик, ортга чекинишга имконият йўқ, деган фикрни етказиш.

— Бундай вазиятда постсовет ҳудудидаги давлатлар қандай йўл тутиши керак?

Ойбек Сирожов
: — Асосий масала шовинизм бўлиб турибди. Шовинизм бугунги Россия сиёсий элитасининг асосий мотивларидан бирига айланди, менимча. Уларнинг наздида шовинизм ғоясисиз Россиянинг яхлитлигини, орзу-ниятларини амалга ошириб бўлмайди.

Қандай йўл тутиш керак, дейдиган бўлсак. Бундай пропагандаларга қарши пропагандани амалга ошириш керак. Дейлик, сиёсий таҳлилчилар агар Россия Марказий Осиё давлатларига ҳужум қилса, қандай сценарий бўлиши ҳақида суҳбатлар қилиб, сигналлар бериш мумкин. Россиянинг кучсизланишига қараб ўтирмасдан, Марказий Осиё давлатларининг ўзи кучайиши ҳам керак. Кучайишнинг оптимал йўли эса интеграция. Интеграция биз учун уникал имконият, бу борада жиддий қадамлар қўйишимиз лозим.

— Медведевнинг бу баёноти илгари пастки шовинистик қатламдан янграган гапларни расмийлаштириш, дейиш мумкинми?

Камолиддин Раббимов
: — Медведевнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича позицияси икки нуқтадан иборат бўлди. Биринчидан, Марказий Осиё давлатларига раҳмат айтди, яъни коллектив ғарб томонга ўтиб, антироссия бўлмаяпти, деган маънода. Иккинчидан, СССРнинг биз билган шаклдаги кўриниши тикланиши имконсиз, лекин Чор Россияси, Совет иттифоқи ва ҳозирги Россия боғлиқ, деди, яъни буларни тўлиқ Россияга боғлади.

Медведевнинг таъбирига кўра, Марказий Осиё “Янги Россия” таркибига киради. Яъни минтақанинг Ғарбга қўшилмаётгани яхши, лекин барибир бизга қўшилиши керак, деган позицияни кристаллаштирган ҳолда билдирди.

Путин ҳам бу позицияларни бир неча марта айтган, лекин анча оҳисталик билан, қоғозга ўраб. У Совет иттифоқи қулашини 20-асрнинг энг катта фожиаси бўлган деб билади. Иттифоқни уникал давлат бўлган деб эса жуда кўп айтган. Сталинни ёқлайди, Ленинни эса танқид қилади. Карлсон билан интервьюда ҳам Ленинни танқид қилиб, давлатларнинг чиқиб кетишини конституциясига кириб нотўғри қилган, деди.

— 2022 йил Марказий Осиё интеграциясини чуқурлаштириш учун энг қулай вақт эмасмиди?

Ойбек Сирожов
: — 2022 йил қулайроқ эди, лекин ҳозир ҳам қулай фурсат. 2022 йилдаги уруш жуда кутилмаган ҳолат бўлди, қандай оқибатлар бўлиши, сценарий қандай бўлишини ўрганиш учун ҳеч бўлмаганда бир йил керак бўлди. Кўпчилик уруш бунчалик чўзилиб кетишини ўйламаганди.

2 йил давомида маълум қадамлар ҳам бўлди, туркий давлатларнинг яқинлашуви тенденцияси кучайди. Лекин ҳали жиддий қадамлар олдинда ва бу қадамлар ташланиши керак. Бундан кейинги империячиликка қарши реал жавоб бера оладиган кучни шакллантиришимиз керак, хоҳ армия бўлар, хоҳ иқтисодий, технологик тараққиёт бўлар. Чунки бу каби ўзаро тирашувлар кучайиб боради ва бундай жараёнда ўз позициясини сақлаб қолиш учун минтақамизга ўзаро интеграция керак бўлади.

Бундан ташқари, туркий давлатлар ўртасида ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш керак. Туркия ва Озарбайжон модели барча туркий давлатлар учун асос бўла олади. Марказий Осиё ичида иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, Ҳиндистон билан ҳам иқтисодий алоқаларни кучайтириш мақсадга мувофиқ. Сиёсатда кучлиларни ҳамма эътироф этади ва ҳисоблашади, шу сабаб бирлашиш, кучайиш масаласи устуворлик касб этади. Интеграция ўзи алоҳида катта мавзу.

— Медведевга қулоқ солинса, Москванинг ғарб билан тирашиш иродаси жуда кучли. Нега у зўриқиш даражасини оширмоқда? Бу нутқ ва ундаги баёнотлар Ғарбга қандай чақириқларни баён этади?

Камолиддин Раббимов
: — Кремлнинг мақсади бир нечта, менимча. Биринчиси – “Кремлнинг иродаси заифлашгани йўқ, қанча керак бўлса шунча урушамиз, биз эмас, сизлар заифлашяпсиз”, деган сигнал бермоқчи. Иккинчиси, Навалний ўлими ҳукумат легитимлигига таъсир қилди, шу фонда Медведев бу ноталарни пасайтириб, сиёсий элитадаги эски консенсусни кучайтириб, биз урушяпмиз, ички масалаларга чалғиманглар, деган тафаккур етказмоқчи.

Путин ва унинг атрофидаги сиёсатчилар “агар Россия урушда енгилса, Россия бугунги кўринишдаги кучли давлат, федерация мақомида бўлмайди, катта стратегик ютқазиш бўлади” деб ҳисоблайди. Менимча, Россия ҳозирги шаклда Путиндан кейин ҳам, ҳали узоқ вақт сақланиб қолади, яқин орада унинг парчаланиши эҳтимоли ҳам жуда кам. Ҳозирги РФда сепаратизм, марказдан қочиш бўлаётгани йўқ.

Ойбек Сирожов: — Менимча, Медведевга яна бир вазифа – Россиянинг ядровий салоҳиятга эга давлат эканини эслатиб туриш ва вазият чигаллашганда Россия ядро қуролини ишлатишга тайёрлигини билдириб туриш вазифаси юклатилган. Украина билан уруш давомида айнан Медведев ядро қуроли масаласини бир неча марта кўтарди. Ғарбни ўйлантираётган нарса ҳам шу ядро қуроли, чунки ишлатилса, умуминсоний фожиага, инқирозга олиб келади.

Россиянинг парчаланиши на ғарбга, на шарққа керак. Чунки бир қанча омиллар бор. Ҳозирги кундаги агрессив руҳда сиёсат олиб бораётган Россиянинг ҳовурини пасайтириш асосий муаммо бўляпти. Аммо бу йўлда Ғарбнинг ҳам хатолари бўляпти. Масалан, Ғазодаги вазият Россияга маълум даражада легитимлик берди. Бутун дунё ҳудудий яхлитлик, суверенитет ҳақида гапириб турганда, Исроил Ғазода бундай ишлар қила бошлади.

Сиёсатда башорат қилиш қийин. Жуда кўплаб таъсир омиллари бор, яъни давлат раҳбарининг қарорлари, сиёсий элитанинг қарорлари, хатолар, музокаралар ва бошқа омиллар. 2023 йил бошида вазият жуда чигаллашган эди, шу вақтда Украинага керакли ёрдамлар берилганида ҳозир вазият бутунлай бошқача бўларди. Баъзида Ғарб ўзи ростдан ҳам Украинанинг ғалаба қозонишини истайдими-йўқми, деган савол ҳам пайдо бўлиб қолади. Ғарб бу вазиятга глобал томондан ёндашади, яъни фақат Украина нуқтайи назаридан эмас: бу тенденция бошландими, яна давом этиши мумкин, янги ўчоқлар пайдо бўлиши мумкин, шу сабаб эҳтимолий конфликтлар учун ҳам қурол-яроғ захираси сақланаётган бўлиши мумкин.

Умуман олганда, Россияда бу шовинистик тафаккур давом этади. Сиёсий элитага кўра, гўёки Россияни бирлаштирувчи, ушлаб турувчи омил – шовинизм. Медведевнинг ички аудиторияга сигнали ҳам бор: бизнинг қиладиган ишларимиз кўп, зарур бўлганда шунга яраша қурбонлар бўлади ва биз шунга чидашимиз керак, деган маънода.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё