12:05 / 29.06.2024
399

Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан ҳақида сиз билмаган 10 та факт

Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан ҳақида сиз билмаган 10 та факт
Дубай ҳукмдорининг иккинчи ўғли, валиаҳд шаҳзода Ҳамдан ибн Муҳаммад Ал Мактум дунёдаги энг келишган ва кўплаб қизларнинг орзусидаги бўйдоқлардан бири бўлган. Шаҳзода Ҳамдан ўзининг юксак унвонидан ташқари, кўплаб истеъдодларга, жумладан, ноодатий қобилиятларга ҳам эга.

Катта оилада тарбияланган

Шаҳзода Ҳамдан ибн Муҳаммад ибн Рашид Ал Мактум 1982 йил 14 ноябрда Дубайда туғилган. У 11 нафар ука-сингиллари билан катта ва дўстона оилада ўсган. Отасининг ҳаммаси бўлиб 25 нафар фарзанди (миш-мишларга кўра 30) бор, улар турли хотинлардан, шу жумладан, араб аёллари ва насроний европаликлардан туғилган. Дубай ҳукмдорининг нечта аёли борлиги маълум эмас, аммо жаҳон оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, гап олти ёки етти аёл ҳақида кетяпти. Ҳамданнинг онасининг исми Ҳинд бинту Мактум ибн Юма Ал Мактум. У асосий рафиқа ҳисобланади ва амирликнинг биринчи хоними вазифасини бажаради. Ҳинд — Муҳаммаднинг амакиваччаси (БАА маданиятида бундай қариндошлик никоҳи кенг тарқалган) ҳисобланади.

Ҳамдан Дубай шайхининг иккинчи ўғли бўлиб, ундан аввал Рашид исмли акаси бўлган. Анъанага кўра, катта ўғилга Дубайнинг расмий вориси бўлган валиаҳд шаҳзода унвони берилган, бироқ Рашид қўл остидаги ходимини ўлдиргани ҳақидаги маълумот кенг оммага тарқалгач, отаси қарорини бекор қилади. Бундан ташқари, шайхнинг тўнғич ўғли ноқонуний моддалар билан боғлиқ муаммолар туфайли реабилитация марказида даволанган ҳам. Рашид ибн Муҳаммад ибн Рашид Ал Мактум 2015 йилда 34 ёшида юрак хуружидан вафот этган.

Британиялик меросхўрлар билан бир коллежда ўқиган

Бошланғич ва ўрта таълимни Дубайда тугатгандан сўнг, Ҳамдан Буюк Британиянинг машҳур Сандхерст Қироллик ҳарбий академиясида (RMAS) ўқийди — у ерда иқтисод бўйича таҳсил олади. Ўз вақтида бу ерда бошқа машҳур меросхўрлар — шаҳзода Уилям ва Гарри ҳам ўқиган. Ҳамдан ўз интервьюсида айтганидек, RMAS’да ўқиш унинг қалбида қатъият, интизом, жамоавийлик ва меҳнатсеварлик каби муҳим фазилатларни шакллантирган. Кейинчалик Дубай шаҳзодаси Лондон иқтисодиёт мактабида ўқишни давом эттиради.

Шеъриятдан завқланади

Валиаҳд шаҳзода адабиёт оламида Fazza тахаллуси билан танилган — Ҳамдан қадимий арабча набатий услубда шеър ёзади. Fazza номи афсонавий араб жангчисига берилган нисбат бўлиб, “ёрдам берувчи” деган маънони англатади. 2019 йилда шаҳзода икки тилда “Отларга бўлган муҳаббат сабаб” номли 18 та шеърдан иборат тўпламини чиқаради. Шаҳзода Ҳамдан Тhe National нашрига берган интервьюсида шеърият ёрдамида у “одамлар қалбида шодликни тиклашга ва уларнинг дардини енгиллаштиришга ҳаракат қилишини”, айтади.

Экстремал спорт ишқибози

Ҳамдан ибн Муҳаммад ибн Рашид Ал Мактум моҳир спортчи. Унинг қизиқиш доираси жуда кенг — поло, теннис, югуриш, лочин ови ва найза отиш, велоспорт, зиплайнинг, сноуборд, денгизга шўнғиш, парашютда сакраш, фридайвинг, айсбергларда сайр қилиш ва бошқа экстремал машғулотларни ўз ичига олади. 2013 йилда шаҳзода Ҳамдан сайёрадаги энг баланд бино Бурж Халифага чиқиш орқали жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборини тортди — Бурж Халифа минораси дунёдаги энг баланд бино ҳисобланади. Унинг баландлиги 828 метрни ташкил қилади. У лифтда энг юқори қаватга чиқиб, бинонинг ташқи деворидаги зинапоя ёрдамида тепага кўтарилади ва БАА байроғини кўтариб, мухлисларини қутлайди.

Туяқушлар пойгаси

Шаҳзода Ҳамдан ёввойи табиатга бўлган муҳаббати билан ҳам танилган ва у велосипед минишни ҳам яхши кўради. 2021 йилда у туяқушларга қарши велосипед пойгасини ташкил қилиш орқали икки севимли машғулотини бирлаштиради. Ҳамданнинг ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеода унинг ғалабаси акс этган — шайх йўл четида чопаётган қушларни қувиб ўтган.

Айтганча, бу ғайриоддий пойгада бирорта ҳам жонивор зарар кўрмайди. Филантроп ва эколог бўлган шаҳзода табиатга ғамхўрлик қилади. 2020 йил ёзида шайхга тегишли йўлтанламас капотига қушлар уя қурганида, Ҳамдан машинани ҳимоя лентаси билан ўраб, унга яқинлашишни тақиқлайди. Унинг ғамхўрлиги туфайли кейинчалик уяда жўжалар пайдо бўлади.

Уйида ҳайвонот боғи сақлайди

Шаҳзода Ҳамдан Дубай ҳукмдорининг 2 миллиард долларлик расмий қароргоҳида яшайди. 1963 йилда қурилган архитектура ва дизайн дурдонаси бўлган Забил саройи 14 гектар майдонда жойлашган. Оилада экзотик ҳайвонлар, жумладан, йўлбарслар, шерлар, гориллалар ва маймунларнинг кўплаб турлари мавжуд бўлган шахсий ҳайвонот боғи мавжуд.

Укалари билан бир кунда уйланган

2019 йилда Дубайда ажойиб воқеа бўлади — шаҳзода Ҳамдан ва унинг укалари Мактум ва Аҳмаднинг тўйлари бир кунда бўлади. Меросхўрнинг рафиқаси унинг амакиваччаси шайха бинту Саид ибн Тани Ал Мактум бўлиб, уни болалигидан Ҳамданнинг хотини бўлишга тайёрлашган. Тўй маросими учун Жаҳон савдо маркази танланади. Уч шаҳзода ҳам диний никоҳдан ўтиб, никоҳ шартномасини имзолаган. Олий мартабали меҳмонлар орасида Иордания қироллик оиласи ва Уммон султонининг қариндошлари ҳам бор эди.

Ҳамдан — меҳрибон ота

Шаҳзода Ҳамдан биринчи марта 2021 йилнинг май ойида ота бўлди. Рафиқаси эгизаклар — Рашид ва кичик Шайхни дунёга келтирди. 2023 йил февраль ойида оила учинчи фарзанди туғилганини эълон қилди — болакайга бобоси шарафига Муҳаммад исмини қўйишди. Ҳамдан меҳрибон ота бўлиб, ижтимоий тармоқларда фарзандлари ҳаётидаги тафсилотлар ва уларнинг суратларини баҳам кўради. Айтганча, Дубай меросхўри обуначиларнинг катта аудиториясига эга — 2024 йил ҳолатига кўра 16 миллиондан ортиқ.

Жамоат фаоли

2006 йилдан 2009 йилгача шайх Ҳамдан Дубай Ижроия кенгаши раиси бўлиб ишлаган ва Спорт кенгаши, Аутизм маркази, Шайх Муҳаммад ибн Рашид номидаги Ёш бизнес раҳбарлари институтига раҳбарлик қилган, шунингдек, болалар ва ҳайвонларга ёрдам берадиган бир қанча хайрия ташкилотларига шахсан ҳомийлик қилган. Шаҳзода Ҳамдан томонидан бошланган ташаббуслар қаторида Бирлашган Араб Амирликлари аҳолиси учун давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини оширадиган “Ақлли ҳукумат дастури” ҳам бор.

Халқ уни келажакдаги илғор ҳукмдор сифатида кўради

Шайх Ҳамдан мамлакат келажагига оптимистик қарайди ва Дубайнинг футуристик ва технологик глобал марказ сифатидаги мақомини сақлаб қолишга ёрдам берадиган технологиялар ривожланишига ишонади. 2015 йилда ҳукумат саммитида Ҳамдан БААнинг АИ ва робототехника бўйича мукофот жамғармаси 1 000 000 АED (БАА учун) ва 1 000 000 АҚШ доллари (чет эллик иштирокчилар учун) бўлган UАE АI & Robotics Award for Good мукофоти таъсис этилганини эълон қилди. Ғолиблар АI ва робототехниканинг учта йўналишда — ижтимоий соҳа, таълим ва тиббиётда энг яхши лойиҳаларни ишлаб чиққан олим ва тадқиқотчилар бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан ҳақида сиз билмаган 10 та факт