date
views 250

Хитой ва Россиянинг яқинлашуви Ҳиндистон учун чақириқми?

Хитой ва Россиянинг яқинлашуви Ҳиндистон учун чақириқми?
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди янги муддатга сайланганидан кейин илк хорижий сафарини Россияга уюштирди. Киевдаги шифохонага ракета тушиши фонидаги музокаралар Ғарб медиасида кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uzʼнинг "Геосиёсат" дастурида сиёсатшунослар Шуҳрат Расул ва Исломхон Ғаффоров мавзунинг муҳим нуқталари хусусида ўз таҳлиллари билан ўртоқлашди.

— Модининг ташрифи учун қандай сабаблар бор эди ва учрашув давомидаги муҳим нуқталар қайсилар бўлди?

Шуҳрат Расул
: — Моди 5 йилда биринчи маротаба Россияга борди. Ўзи Моди ўтган йили Москвага таклиф қилинганди, лекин қабул қилинмаган, бу йил эса таклиф қабул қилинди. Бундан ташқари икки президент 2 та платформада учрашган: 2022 йил Самарқанддаги ШҲТ саммитида ва БРИКС ташкилоти доирасида ҳам бир марта учрашган. Яқинда бўлган Остонадаги ШҲТ саммитига Моди келмади.

Ўзи Россия ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳал қилиниши керак бўлган масалалар йиғилиб қолган эди. Биринчи навбатда иқтисодий муаммолар, Россия 2 йил давомида Ҳиндистонга 40 млрд доллар атрофида энергия ресурслари, нефт сотди. Бу сотилган нефтнинг пулидан бир қисми Ҳиндистонда қолиб кетяпти, бир қисми дирҳамда олинди, яна бир қисмини рупия қилиб бермоқчи (10 млрд) Ҳиндистон, Россия бундан бош тортяпти, чунки рупияга ҳеч нарса сотиб ололмайди дунё давлатларидан, фақат Ҳиндистон билан савдо қилиши мумкин бу валютада. Аммо Ҳиндистон бозорида Россия оладиган кўп нарса йўқ. 2023 йилда икки давлат савдо айланмаси 65 млрд долларни ташкил қилган, шунинг 85 фоизи нефт савдоси. Ҳиндистон бор-йўғи 3,3 млрд долларлик товар сотган Россияга, таркиби озиқ-овқат, чой ва бошқа маҳсулотлар. Россия қизиқиши мумкин бўлган бошқа товарлар йўқ.

Financial times нашри бу ташрифнинг геосиёсий аҳамияти ҳам бор, Ҳиндистон глобал жанубдаги йирик ўйинчи, Хитой билан геосиёсий рақиб, Россия ва Хитой савдо айланмаси 240 млрд доллардан ошди, Ҳиндистонники эса номутаносиб тарзда паст. Шу сабабли Россияга таклиф қилиши мумкин бўлган товарларини таклиф этиб, Россиядан қўшимча энергия ресурслари олмоқчи, деб баҳолади.

Ҳиндистон олдин СССРнинг, ҳозир эса Россиянинг ҳарбий комплексига қизиқади совуқ уруш давридан бери. 70-йилларда Ҳиндистон ва Покистон урушида СССР Ҳиндистонни, АҚШ Покистонни қўллаган. Шундан бери Ҳиндистон СССР ва Россия қуроллари билан қуролланиб келаётган эди. Лекин бу тенденция 4-5 йилдан бери пасайган, Россиядан сотиб олаётган қуроллар ҳажми 2 баробар камайди. Украина урушидан бери Франция билан кўпроқ ҳамкорлик қиляпти қурол сотиб олишда. Шунга қарамай Путин ва Моди учрашувида ҳарбий шартномалар, қурол-яроғ масаласи кун тартибида бўлган. Бу учрашув тафсилотлари очиқланмади, лекин тезисларда шуни кўрдик.

— 15 та ҳужжат имзоланди дейиляпти. Энг асосий масалалар қайси бўлган бунда?

Исломхон Ғаффоров
: — Асосий урғу ҳарбий саноат комплекси, космонавтика ҳамда ядро энергетикаси, ядро қуроллари соҳасига қаратилди. Ҳиндистон АҚШ, Россия, Хитой каби катта давлатлар қаторига қўшилишга ҳаракат қиляпти, у ҳозир ўтиш даврида турибди. Юқори даражага чиқолмаётганига 3 та сабаб бор. Биринчиси, ҳарбий саноат комплексида 3 та катта давлатдан ортда қоляпти, иккинчиси, космонавтикада, учинчиси, ядро технологияларида ортда қоляпти. Ҳиндистон ядро қуроли борасида Покистондан ҳам ортда қолиб, еттинчи ўринда. Бу салоҳият билан БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси бўлолмайди. Россия танг аҳволда бўлгани учун Ҳиндистон вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи. Кўпчилик Ҳиндистон Россиядан нефт оляпти дейди, лекин кўпроқ ядро технологияларини олишга эътибор қаратяпти. Хитой ҳам, Ҳиндистон ҳам ядро технологиялари бўйича Россия ва АҚШдан заифроқ. Шундан хулоса қилиб, Моди ташрифи асосан космонавтика, ядро технологиялари, ҳарбий саноат комплексини ўз ичига олади.

Сайловдан кейин Россияга бориши билан Москвага йўналиш олди, деган гап ҳам бор. Лекин Моди яқинда АҚШга ташрифни хам режалаштиряпти. Россияга йўналиш олди деган гап АҚШга боргач, йўқолади.

— Ғарбнинг Россияни яккалашга ҳаракати фонида амалга оширилган ташрифга халқаро реакциялар қандай бўляпти?

Шуҳрат Расул
: — Bloomberg нашри Россияни санкциялар остида қолдириш қийин бўлаётгани, глобал жануб давлатлари бу санкцияларга амал қилавермаётганини алоҳида урғулади. Журналистлар биринчи ташриф Россияга бўлганида рамзий маъно бор, деяпти. Лекин айтилгандек, АҚШга ҳам ташриф бор. Ҳиндистондек катта давлат фақат ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб иш кўради. Россиядан нефт оляпсиз, деган гапга Ҳиндистон энергетика вазири биз фақат миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб иш қиламиз, Россиядан келаётган энергия ресурслари керак бизга, деди журналистларга.

Ҳиндистон Ғарб танқидларидан кейин бу ҳамкорликни чекламайди, бу каби катта давлатларга босим ўтказиш қийин. Украинадаги болалар шифохонасига зарбадан кейин Зеленский матбуот анжуманида Путин ва Моди учрашувига муносабат билдириб, энг катта демократик давлат лидери энг қонхўр одам билан қучоқлашиб кўришяпти, қандай тушуниш керак, деган маънода гапирди.

Исломхон Ғаффоров: — Ҳозир Моди 73 ёшда, бу охирги муддати бўлиши мумкин, дея тахмин қилинмоқда. Охиргиси бўлгани учун у кескинликларга бориши мумкин, дейилмоқда. Сайловлар ўтгунча Россияга ташриф буюрмаётганди, чунки бу репутациясига таъсир қилиши мумкин эди, энди бемалол учраша оляпти, дейилмоқда. Washington post нашри кўпроқ Байден ҳукуматини танқид қилди. Трамп даврида Ҳиндистон билан яқинлашиш бўлган, Осиё Тинч океани минтақасини Ҳинд-Тинч океани минтақаси деб номлаб, 2017 йилда ҳамкорлик кучайганди ва асосий мудофаа ҳамкоримиз, деган. Байден даврида эса муносабатларда тушишлар бўлди, аҳамият бермади Ҳиндистонга. Шу сабаб ҳам Байденни танқид қилишди.

Европа нашрлари бу учрашув НАТО саммити арафасида бўлганига эътибор бериб, бу саммитга Россия ва Ҳиндистон жавоб, дейиляпти. NYT нашри эса Ҳиндистон ўз манфаатларидан келиб чиқиб геосиёсат олиб боряпти, Россия танг аҳволидан фойдаланяпти, деб ёзди. Ҳиндистон ўзида мухолиф бўлган Раҳул Ганди Модининг Ҳиндистон шимолидаги офатлар пайтида Россияга боришини танқид қилди.

— Сўнгги йиллардаги Россия-Хитой муносабати яқинлашувини Ҳиндистон қандай қабул қиляпти?

Шуҳрат Расул
: — Хитой ва Ҳиндистон ўртасида рақобат бор. Лекин бу рақобат ҳозирча сиёсий, чунки Ҳиндистон иқтисодий рақобат қилолмайди Хитой билан айни пайтда, 4 баробар кам ЯИМ.

Хитой таклиф қилаётган континентал йўлга Ҳиндистон ҳам Европага чиқувчи ўз лойиҳаларини тақдим этяпти. Бу нарса геосиёсий фонда бўляпти. Ўзи Ҳиндистон Европага, Россияга нима сотиши мумкин, Хитой тақдим этаётган товарларга муқобил вариант беролмайди у. Ҳиндистон иқтисоди яқин 30 йилда биринчи ўринга кўтарилишини айтишади, лекин бунга шубҳам бор. Хитой ва Ҳиндистон иқтисодини таққослашга ҳали эрта. Хитой дунёга юқори технологияли товарлар етказиб беряпти, Ҳиндистон бундай товарлар беролмаяпти. АҚШ ва Европа Ҳиндистонни ўзига тортиш учун геосиёсий платформада бир ўйин сифатида Ҳиндистоннинг йўл лойиҳасини қабул қиляпти. Бу йўл қурилса ҳам, катта товар ташилмайди. Россия учун МО орқали Афғонистон билан ўтувчи йўл бўлса, яхшироқ бўлган бўларди.

— Тўлдирувчи савол: Ҳиндистоннинг халқаро сиёсий муҳитда аниқ бир томонни танламагани, санкциялар хавфи йўқлиги унинг ривожланиши учун имконият бўлиши мумкинми?

Шуҳрат Расул
: — Ҳиндистон ўз мавқейидан келиб чиқиб ҳеч бир томонга қўшилмайди, унинг тарихий традициялари бор, бу ҳам бор. У совуқ уруш даврида қўшилмаслик ҳаракатини бошлаган эди. Бундай традицияларга эга давлат қайсидир томонга ўтиши қийин масала.

Исломхон Ғаффоров: — Пекин ва Москва яқинлашишини Ҳиндистон ўзининг кўп томонли дипломатияси учун чақириқ деб билади. Агар Россия ва Хитой жуда яқинлашиб кетса, Ҳиндистоннинг кўп тармоқли дипломатиясига путур етиши мумкин. Агар Россия билан яқин бўлолмаса, ўз-ўзидан Ғарбга оғиши мумкин, деган фикр ҳам бор. Ҳиндистон замонавий давлатчилиги пайдо бўлгандан (1947 й.) бери қайсидир томонга йўналиш олмайди. Лекин барибир совуқ уруш даврида оз бўлса ҳам СССРга юзланган. Ҳозирги кунда шундай муқобил сифатида АҚШ ўзини тақдим этяпти. АҚШнинг хавфсизлик стратегиясида Ҳиндистон Ҳинд океани минтақасида лидер бўлишини, Жанубий Осиё , Жануби-Шарқий Осиёда фаол бўлишини исташини айтиб ўтган. Бунинг учун ҳарбий соҳада, разведкада ҳамкорлик қилишга тайёрлигини ҳам билдирган

Хитой кучайиб бораётган бир пайтда АҚШ учун Ҳиндистон асосий ҳамкорлардан бири сифатида кўрилмоқда. АҚШ Ҳиндистон билан бирлашиб Хитойга босим қилмоқчи, яъни учбурчак дипломатияни қўллаяпти. Шундай вазиятда Москва ва Пекин яқинлашиб кетса, Ҳиндистон Вашингтонга ён босиб, унинг кўп тармоқли дипломатиясига путур етиши эҳтимоли бор.

Ҳиндистон ва Хитой ўртасида катта ҳудудий муаммолар бор. Агар Россия ва Хитой яқинлашса, Россия бу масалада ҳам Хитойга ён босади.

Яна бир томондан Ҳиндистон ўзининг Евросиё минтақасида асосий рол ўйновчи давлат бўлишини хоҳлайди. Россия ва Хитой тандеми пайдо бўлса, асосий жараёнларда Ҳиндистонни четлаб ўтиш бўлиши ҳам мумкин. Бу нарса Ҳиндистоннинг Евросиёдаги ташқи сиёсатига таҳдид сифатида кўрилади.

Иқтисодий омиллар ҳам бор. Ҳиндистон Хитойнинг транспорт логистика коридори лойиҳаларини қўлламайди. Ҳиндистон ўзи таклиф этяпти шундай лойиҳани, бунда Эроннинг Чобаҳор порти асосий нуқтага айланади, бу лойиҳани Россия қўллаяпти. Агар Россия Хитойга оғса, бу лойиҳаларга ҳам путур етади.

Россия ва Ҳиндистон тандемини АҚШ кучли танқид қилмаяпти, чунки маълум манфаати бор. Яъни Россия Хитой билан яқинлашиб кетгандан кўра Ҳиндистон билан яқин бўлиши маъқулроқ.

— Россия–Ҳиндистон муносабатлари Марказий Осиё учун қандай аҳамиятга эга?

Исломхон Ғаффоров: — Бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик МО, хусусан, Ўзбекистон манфаатларига тўғри келади. Яъни транзит ҳабига айланиш истиқболи пайдо бўлади. Лекин МО давлатлари бу Ҳиндистон ва Россия лойиҳаларига қўшилиб, Чобаҳор порти орқали бўладиган коридорга чиқиши Хитой билан алоқаларга таъсир қилиши мумкин, чунки Хитой бу лойиҳани қўлламайди, ўз лойиҳасини олға суряпти. Трансафғон коридорини эса Ҳиндистон қўлламайди. Шу сабаб МО давлатлари фаол дипломатия юритиб, барча коридорлардан унумли фойдаланиши керак бўлади.

Шуҳрат Расул: — Ҳиндистон энг катта фармсаноатга эга. Путин билан учрашувда ҳам Моди фармацевтика маҳсулотларини таклиф этган. Ўзбекистонда ҳам Ҳиндистон фармацевтикаси фаол.

Бизда коммуникация бўйича муаммолар бор: Покистон ва Ҳиндистон алоқалари ёмон, Афғонистондан йўл ўтмаган. Чобаҳор портидан ўтувчи товарлар МОни четлаб ўтиб кетади, биз ундан улуш ололмаймиз. Ҳозир Россия ва Ҳиндистон денгиз орқали товар алмашяпти. Агар қуруқлик орқали бўлганда, биз айни чорраҳада бўлардик ва манфаатли бўларди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой ва Россиянинг яқинлашуви Ҳиндистон учун чақириқми?