00:30 / 17.08.2024
321

Афғонистоннинг янги ҳукумати қандай ишларни амалга оширмоқда?

Афғонистоннинг янги ҳукумати қандай ишларни амалга оширмоқда?
“Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимият тепасига келганига 3 йил бўлди. Ўша пайтдаги вазият кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. АҚШ мамлакатдан қўшинларини олиб чиқиб кетгач, Ғарб билан ҳамкорлик қилган шахслар қатағонга учрайди деган ҳадик бор эди. Қўрқув натижасида одамлар самолёт шассисига осилиб бўлса-да, мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилганди.

Мазкур воқеалардан кейин орадан 3 йил ўтди. Шу давр мобайнида афғон жамиятида қандай ўзгаришлар юз берди? Афғонистон ҳали ҳам минтақа учун хавф туғдирадими? Ривожланган давлатларнинг бу ўлкада қандай манфаатлари бор? “Дарё” ана шу мавзуда сиёсатшунос Абдували Сойибназаров билан суҳбатлашди.

Ўтган йиллар мобайнида Афғонистон ҳукумати жиддий ўзгаришларни амалга оширишга муваффақ бўлди. Биринчидан, мамлакат анча тинч, хавфсиз ва барқарор. Иккинчидан, иқтисодий барқарорлик юзага келмоқда. Бир вақтлар советлар қурган завод-фабрикалар қайта тикланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, иш ўринлари яратилмоқда. Бу миллий валютанинг барқарорлашувига олиб келди.

Абдували Сойибназаров:
— “Толибон” коррупцияни бирмунча жиловлашга муваффақ бўлди. Коррупция ботқоғига ботган сиёсатчиларми, амалдорларми – ким бўлишидан қатъи назар, панжара ортига ташланмоқда. Порахўрлик, таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчиликка қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Аммо айрим Ғарб ташкилотлари буни Афғонистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши, деб баҳолаяпти”.

Катта давлатларнинг Афғонистондаги манфаатлари масаласига келадиган бўлсак, мисол учун АҚШнинг мақсади Марказий Осиёда ўз таъсир доирасини кучайтириш. Афғонистон эса минтақанинг қоқ марказида жойлашган, унинг ҳудуди орқали қулай транзит йўлаклар ўтказиш мумкин. Шу сабаб Қўшма Штатлар раҳбарияти Марказий Осиёга оид сиёсий ёндашувларни ишлаб чиқиш чоғида масалага бу ердаги мамлакатларнинг бошқа катта давлатлар, яъни Россия ва Хитой таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик концепциясидан ёндашди.

Хитой эса табиий бойликларни ўзлаштиришга сармоя киритмоқда. Бу ерда жуда катта маблағ ҳақида гап кетяпти – тахминан 2 триллион доллар. Аммо Хитой доимгидек, сабрли сиёсат олиб бормоқда, яъни шошмасдан, аста-секинлик билан кириб бориш. Ёдингизда бўлса, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида Покистонга катта маблағ киритган эди, аммо гувоҳи бўлаётганимиздек, бу ерда хитойлик ишчиларга тез-тез ҳужумлар содир бўлмоқда. Хитой ман шу тажрибадан келиб чиқиб, Афғонистонда ўз сиёсатини олиб боради.

АҚШ ва Ғарб шу вақтга қадар афғон халқига тегишли бўлган 10 миллиард доллар маблағни қайтаришдан бош тортяпти. Тошкентда иқтисодиёт ва хавфсизлик масалаларига бағишлаб ўтказилган анжуманда Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий қизиқ гапни айтган эди. Яъни, Афғонистонни кўкариб турган дарахтга қиёсласак, унинг тагига сув қуйилмаса, албатта қуриб қолади.

Шунинг учун биз афғон халқининг фаровонлигини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартиришга ҳаракат қиляпмиз. Аммо Ғарбда сақланаётган маблағларсиз иқтисодиётни кўтаришга қийналяпмиз.

Агар Афғонистонда иқтисодий-ижтимоий барқарорлик қарор топмаса, мамлакатда ишсизлик кучаяди, оқибатда одамлар қўлига қурол олади, мамлакат яна уруш ва ўзаро қирғинбаротга қайтади. Афсуски, Украина ва Яқин Шарқдаги зиддиятлар туфайли Афғонистонда юз бериши мумкин бўлган мана шундай нохуш сценарийлар жаҳон ҳамжамиятининг эътиборидан четда қолмоқда.

Шу билан бирга Афғонистонда “Толибон”нинг ҳокимият тепасига келганига уч йил тўлиши муносабати билан ўтказилган ҳарбий парадлар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мамлакатда ҳукм сураётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларга қарамасдан, “Толибон” қуролли кучлар сонини муттасил ошириб бормоқда, АҚШ маблағлари эвазига “жиҳод мактаблари” қурилмоқда, деган гап-сўзлар тез-тез янграб турибди. Хўш, бу Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси учун қанчалик хавфли? Афғонистон биз учун ҳамкордан хатарга айланиши мумкинми?

Абдували Сойибназаров:
— “Назаримда, бундай гаплар провокациядан бошқа нарса эмас. “Толибон” вакиллари улар тарафидан Ўзбекистонга ҳеч қандай хавф бўлмаслиги юзасидан кафолат берган. Ўзбекистон аввалбошда “Толибон” билан ўзаро манфаатли алоқалари ривожлантириш йўлидан борди. Гарчи дунё мамлакатлари “Толибон”ни тан олмаётган бўлса-да, афғон халқи бизнинг азалий қўшнимиз, битта дарёдан сув ичамиз, ўртада умумий чегара бор. Шунинг учун яхши қўшничилик алоқаси икки томон учун ҳам энг мақбул йўл”.

Катта давлатларнинг манфаатлари тўқнашаётган Афғонистон ўзининг сиёсий-иқтисодий мустақиллигини, мавқеини сақлаб қолишда Ўзбекистонга бемалол суяна олади. Биринчидан, биз мустақилликнинг илк йилларида бундай “ўйин”ларни кўрдик, иккинчидан, Ўзбекистон раҳбарияти Афғонистоннинг турли халқаро форумларда иштирок этиб, жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосига айланиши учун саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда.

Толибон” ҳаракати ҳокимиятга келганидан бери хавфсизлик таъминланди, ўғрилар йўқ. Баъзи муаммолар бор эди, лекин ҳозир улар ҳам яхши. Биз “Толибон”дан миннатдормиз. Фақат иш билан боғлиқ муаммолар мавжуд, лекин бошқа масалалар яхши”, дейди маҳаллий фуқаролардан бири.

Худога шукур, бизнес қилишга имконият яратилган, уруш йўқ, қаерга саёҳат қилсангиз ҳам, сизни ҳеч ким безовта қилмайди. Кечаси соат ўн иккида ҳам истаган жойингизга боришингиз мумкин, ҳеч ким эътироз билдирмайди. Биз “Толибон” ҳукуматидан мамнунмиз”, дейди маҳаллий тадбиркор.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистоннинг янги ҳукумати қандай ишларни амалга оширмоқда?