22:30 / 26.09.2024
66

Украина учун фронтнинг қайси нуқтасидаги вазият энг оғири?

Украина учун фронтнинг қайси нуқтасидаги вазият энг оғири?
Фото: EPA
Украинанинг Донецк области жанубидаги Вуҳледар шаҳрини мудофаа қилаётган бўлинмаларининг ҳолати тобора оғирлашмоқда. Россиянинг бостириб келаётган қисмлари шаҳарни жануби-ғарбдан ва шимоли-шарқдан айланиб ўтмоқда ҳамда аллақачон логистикага жиддий таҳдид солган ҳолда уни яримқуршов ҳолатига туширган. BBC ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев фронтдаги вазиятни таҳлил қилди.

Украина қуролли кучларининг икки йилдан ортиқ вақтдан буён Вуҳледарни ҳимоя қилиб келган 72-бригадаси ҳолдан тойган ва қуршовга тушиш хавфи остида қолган, Forbes таҳлилчиси Дэвид Акснинг таъкидлашича, унга ёрдам бериш ёки ўрнига олиб келиш учун захира кучлари йўқ.

«Украина қуролли кучлари бу вақтда Курскда юриш қилмоқда ва мамлакат шарқи ва жанубидаги бошқа ҳудудларда ҳам ҳимояланмоқда. Улар бутун фронт бўйлаб ёйилиб кетган. Армияда тузилган янги 14 бригада эса замонавий техникаларнинг ўткир тақчиллигини бошдан кечирмоқда», — дея ёзади эксперт.

Украина бош штабининг собиқ вакили, ҳарбий эксперт Владислав Селезнёв ҳам Вуҳледар йўналишида таҳдидли вазият юзага келгани ҳақида гапирмоқда.

«Барчаси ҳам душман куч ва воситалар бўйича устунликка эгалиги билан боғлиқ эмас. Мудофаа амалиётини ташкиллаштиришдаги нотўғри ҳисоб-китоблар ҳам ўзини билдирмоқда», — деган Селезнёв Украина телеэфирида.

Вуҳледар катта стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади. У тепаликда ва икки фронт — шарқдаги Донецк области ва жанубдаги Запорижжя фронтлари туташган нуқтада жойлашган.

Шаҳардан 18 км шарқдан Россия армияси ҳарбийлари ва техникаларини Донецк-Волноваха линияси орқали ва янада жанубга олиб ўтиши мумкин бўлган темирйўл ўтган.

Аммо Вуҳледар Украина қуролли кучлари назорати остида қоларкан, унинг стволли артиллерияси мазкур муҳим магистралга мақсадли зарбалар амалга ошириши мумкин бўлиб турганди.

Россия қўшинлари Украинага босқин бошидан буён Вуҳледарни эгаллаб олишга уриниб келади.

2022 йил кузида улар шаҳардан жанубдаги Павловка қишлоғини олганди, аммо шундан кейин шаҳарга ҳужум қилишга бўлган барча уринишлар муваффақиятсизликка учрайди. 2023 йил февралидан 2024 йил июнига қадар Россия армияси бу ерда камида тўрт бор йирик ҳужум амалиётларини ўтказган — бу уринишларнинг барчасида катта йўқотишлар берилган ва ҳеч қандай натижага эришилмаган.

Аммо ҳозирда Россия қўшинлари Донбассдаги бошқа йўналишларда аста-секин олдинга силжиётгани ўз таъсирини кўрсата бошлади ва Украина қуролли кучлари кенгайиб бораётган қанотларини ҳимоя қилиши борган сари қийинлашмоқда.

Апрел ойида Новомихайловка қулаганидан кейин Россия бўлинмалари Вуҳледарни шимоли-шарқдан айланиб ўта бошлади. Муваффақиятни ҳис қилиб, улар жануб ва жануби-ғарбдан ҳам босимни кучайтирди.

«72-алоҳида механизациялашган бригадани ротация қилишдан бош тортган раҳбарият ҳудудий мудофаа кучларини ёрдамчи захира кучлари сифатида киритишга мажбур бўлди, у эса душман ҳужумига дош беролмади, — дея ёзади украинларнинг DeepState портали. — Ундан аввалроқ эса Пречистовкадаги 58-бригада мудофааси ҳам қулаганди. „Яхшироқ марралар“га режадан ташқари чекиниш эса душман Вуҳледар гуруҳининг ўнг қанотини ўраб олишига олиб келди».

Украиналик кўнгилли ва блогер Сергей Стерненко ҳам вазият ўта оғир эканини таъкидлайди. Унинг фикрича, «энг юқори даражадаги раҳбарият айни вақтда оператив вазият қандайлигини умуман тушунмайди».

72-бригада қисмлари Вуҳледардан нисбатан қулайроқ мудофаа позицияларига чекинишни бошлади, дея ёзди чоршанба куни Forbes. Нашр тахминига кўра, украин қўшини Вуҳледар шимолидан Богоявленка қишлоғига олиб кетилган.

Россия қўшини Вуҳледар чеккаларига етиб келган, аммо уни эгаллаш Донецк области ғарбидаги кейинги ҳужум амалиётлари учун уларга қандайдир оператив устунлик тақдим этиши даргумон, дейилади Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) ҳисоботида.

Бу вақтда Донбасс фронтининг бошқа участкаларида ҳам Украина бўлинмалари ҳолати ёмонлашишда давом этмоқда.

Украина ҳукумати Россия армияси яқинлашиб келаётган аҳоли яшаш пунктларидан одамларни олиб кетмоқда. Фотода — Кураховодан эвакуация жараёни. Фото: Reuters
Покровск ва Курахово йўналишлари

Россия қўшини Покровскдан шарқ ва жануби-шарқдаги ҳудудларга юриш қилишда давом этмоқда. Қуруқлик орқали ҳужумлар Миколайивка йўналишидаги Гродовкадан ғарбда, Селидовонинг шарқида, Украинскдан шимоли-ғарб ва ғарбда Цукурино йўналишида ҳамда Желанное-2 ҳудудида олиб борилмоқда.

«Кўриниб турибдики, рақибнинг „Марказ“ қўшинлар гуруҳи „Жануб“ қўшинлар гуруҳининг жануби қисми таркибидаги куч ва воситалар билан биргаликда Украина қуролли кучларини Волчя дарёси бўйидаги, Горняк ва Кураховка қишлоқлари оралиғидаги плацдармдан сиқиб чиқариш режасини амалга оширишни якунламоқда», — дея ёзган украиналик ҳарбий шарҳловчи Константин Машовец.

Покровскдан 20 километр масофадаги Селидово шаҳрида вайрон қилинган темирйўл кўприги. Сентябр бошида РФ қуролли кучлари Кураховога ҳужум бошлаш учун Селидовони шарқдан айланиб ўтди. 2024 йил 21 сентябр
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images

Украина қуролли кучлари Волчя дарёсининг чап соҳилидан аста-секинлик билан олиб чиқилиши ҳақида ўтган ҳафтадаёқ хабар қилинганди. Ўтган вақт ичида Украина қўмондонлиги бу участкада фронт чизиғини барқарорлаштира олмади, бу эса Селидово жануби-шарқи ва жанубидаги вазиятни улар учун кескин ёмонлаштирди. Покровскдан жануби-шарқдаги бу шаҳар Украина қуролли кучлари учун таянч пункт вазифасини ўтайди ва Россия қўшинларининг Покровск йўналишидаги олдинга силжишидаги тўсиқ ҳисобланади.

«Афтидан, Украина қуролли кучлари яқин вақтлар ичида Волчя ортига олиб кетилади ва яа бир катта савол туғилмоқда — улар Горняк — Кураховка чизиғи бўйлаб мудофаани ушлаб тура оладими, чунки вазиятнинг ривожланишига қараб бундай дейиш қийин», — деб ҳисоблайди Машовец.

Покровск остонасида — Гродовка ва Новогродовка оралиғидаги ҳудудда ҳам вазият украинлар учун оғирлашди, бу ерда Россия қисмлари Журавка дарёсини кесиб ўтишга муваффақ бўлган. Ҳозирда улар Покровскдан 10 км масофада турибди.

Торецк йўналиши

Торецкда, Россиянинг илғор бўлинмалари анча олдинроқ ёриб кирган шаҳарда кўча жанглари давом этмоқда. Урушларни ўрганиш институти маълумотига кўра, украинлар шаҳардаги бир неча позицияларни қайтариб олишга муваффақ бўлган. «23 сентябр куни эълон қилинган геолокация кадрлари кўрсатмоқдаки, украин кучлари Торецк шарқида Марказий кўча бўйлаб жануб томон илгарилаган», — дейилади ISW ҳисоботида.

Торецкдаги баланд бинолар штурм ҳаракатларини қийинлаштиради, аммо шаҳар борган сари кучлироқ вайрон қилинмоқда, Россия авиацияси мудофааланаётганларнинг позицияларига йўналтирилувчи авиабомбаларни ташламоқда, Украина қуролли кучлари эса ҳозирча бунга қарши чора топа олгани йўқ. Бунинг устига Россия армияси қанотлардан тўхтовсиз босим уюштирмоқда.

Сешанба куни Украина бош штабидан маълум қилишларича, Россия қўшини Торецк ҳудудида ҳужумларни давом эттирмоқда: шаҳардан шимоли-шарқдаги Дачное яқинида, жанубдаги Нелиповка атрофида ҳамда ғарбда Шчербиновка йўналишида.

«Мен одамларимиз Украина қуролли кучлари Селидово, Торецк ва Вуҳледарни ташлаб чиқишига руҳан тайёр бўлишни тавсия қилган бўлардим», — дея ёзган Константин Машовец.

Харкив йўналиши

Айрим хабарларга кўра, май ойида Белгород томондан Харкив областига бостириб кирган Россия қўшини мудофаага ўтмоқда.

Украинанинг Харкив областида жанг қилаётган дронлар баталёни командири ўринбосари Олеся Маляревичнинг фикрича, бу ҳудуддаги фронт чизиғидаги вазиятга Украина Курск областига бостириб киргани таъсир қилган бўлиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Липци-Глубокое ҳудудида Россия Тинч океани флотининг денгиз пиёдалари иштирокида интенсив жанглар кетаётганди, Курск операцияси бошланганидан кейин эса «бу бўлинманинг бир қисми бошқа томонга олиб кетилган».

Украинанинг Харкив қўшинлар гуруҳи вакили, полковник Виталий Саранцев Россия кучлари Харкивдан шимолда Глубокое-Липци чизиғи бўйлаб ўз позицияларини мустаҳкамлаб, алоқа ва логистикани яхшилаётгани, бу билан бой берилган позицияларни келгусида қайтариб олишга уринишга ҳам тайёрланаётганини айтган.

Чоршанба куни украин қўшини Вовчанск марказида ҳаракатланаётгани маълум бўлди, кадрлар геолокациясига кўра, улар Вовчанск агрегат заводини тўлиқ эгаллаган. Уни мудофаа қилган россиялик ҳарбийлар бир неча ой мобайнида қуршовда эди, уларга дронлар ёрдамида таъминот етказиб турилганди, аммо, улар позицияларини ушлаб қолишга муваффақ бўлмаган.

Украина ҳарбий разведкаси вакилининг сўзларига кўра, Вовчанск агрегат заводини ҳимоя қилган россиялик ўнлаб ҳарбий хизматчилар асир тушишган.

Курск ва бошқа йўналишлар

Россиялик Z-блогерлар ёзишича, украин қўшини механизациялашган бўлинмалар билан ҳужум уюштириб, Курск областида ўзлари назорат қилиб турган ҳудуддан ғарбдаги Глушково районида кичик ҳудудни эгаллаб олган. Геолокация кадрлари Украина қуролли кучлари Веселое (Глушково райони марказидан жануби-ғарбда) шарқ ва жануби-шарқ томон олдинга силжиганини тасдиқлайди.

Қўшни Коренево районида ҳам жанглар тўхтагани йўқ. Россиядаги манбаларга кўра, Украина қуролли кучлари Олговка (Кореневодан шарқда), Любимовка (Кореневодан жануби-шарқда), Толстой Луг (Любимовкадан жануброқда), Малая Локня ва Обуховка (Кореневодан жануброқда) ҳудудларида ҳужумларни давом эттирган.

Россия мудофаа вазирлиги 23-24 сентябр кунари Россия қўшини украинларнинг Новий Пут ва Медвеже (иккиси ҳам Глушководан жанубда жойлашган) қишлоқларига қилинган ҳужумлари қайтарилгани ҳақида хабар берди.

Бошқа йўналишларда — Купянск-Сватове-Креминна чизиғи бўйлаб, шунингдек Северск ва Часив Яр ҳудудларида ҳамон Россия томони ташаббусга эгалик қилмоқда. Россия ҳарбийлари бир неча ҳужум амалиётлари ўтказган, аммо фронт чизиғида сезиларли ўзгариш ясашнинг уддасидан чиқа олмаган. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина учун фронтнинг қайси нуқтасидаги вазият энг оғири?