date
views 255

Исроилнинг Эрон бўйлаб ракета зарбаси. Яқин Шарқда буёғига нима бўлади?

Исроилнинг Эрон бўйлаб ракета зарбаси. Яқин Шарқда буёғига нима бўлади?
Фото: Reuters
Исроил қўмондонлиги вакиллари таъкидлашича, тунги авиарейд натижасида Эроннинг ракета ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, «ер-ҳаво» синфидаги снарядлари арсеналлари ҳамда бошқа қуроллари йўқ қилинган.

The New York Times маълумотига кўра, Исроил зарбалари оқибатида мамлакат жанубидаги нефтни қайта ишлаш ва нефт-кимё заводлари, газ кони ҳамда портни ҳимоя қилиш учун ўрнатилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари аниқ нишонга олинган.

Axios эса Эрон баллистик ракета дастуридаги «ўта муҳим компонент» йўқ қилингани ҳақида хабар берган. Портал суҳбатдошларига кўра, нишонга олинган объектлар Эрон ўзи мустақил ишлаб чиқара олмайдиган ва Хитойдан сотиб олишга мажбур бўладиган «ўта мураккаб ускуналар»дир. Уларнинг тикланиши учун «камида бир йил кетиши мумкин». Эрон ҳамон баллистик ракеталарнинг катта захирасига эга бўлса-да, Исроилдаги манбаларга кўра, Эрон энди янги баллистик ракеталар ишлаб чиқара олмаслиги факти унинг «Ҳизбуллоҳ» ва ҳусийчилар каби ҳамкорларининг баллистик ракета захираларини тўлдириш имкониятини чеклайди.

Исроил етакчилари мамлакат авиацияси зарбалари яҳудий давлатининг Теҳрон томонидан «ойлар давомида тўхтовсиз давом этган ҳужумлари», жумладан, Эроннинг 1 октябр куни Исроил ҳудудини ёппасига ўққа тутишига жавоб бўлган.

Исроил армияси бош штаби бошлиғи Ҳерци Ҳалеви (чапда) Эрон бўйлаб зарба вақтида ЦАҲАЛнинг Тел-Авивдаги штаб-квартирасида, 2024 йил 26 октябр
Israel Defense Forces / Xinhua / ZUMA Press / Scanpix / LETA

Эрон режимига содиқ бўлган нашрлар «жиноий сионистик режим зарбаларини қайтариш чоғида» икки нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани (кейинроқ қурбонлар сони тўрт нафарга етди), аммо Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари зарбалари оқибатида гўёки жиддий зарар етказилмагани ҳақида хабар берган.

Бу маълумотни мустақил равишда текширишнинг имкони йўқ, аммо дипломатларга яхши маълумки, Ислом Республикаси ҳукумати бундай ҳолатларда одатда ўз йўқотишларини камайтириб кўрсатади.

Эрондаги «Тасним» ахборот агентлиги Теҳронинг Исроилга «мутаносиб» жавоб зарбаси бериши ҳақида ёзган.

Деярли барча йирик араб давлатлари тунги ҳужумни кескин қоралаб чиқди, аммо бу баёнотлардан бирортасида қасосга чақириқ йўқ.

Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари «рискни камайтириш ва можаро кўлами кенгайишининг олдини олиш учун» икки томон ҳам «максимал даражада вазминлик ва мулоҳазакорлик» кўрсатиши кераклигини таъкидлаган.

Саудия Арабистони, Қатар ва Миср ТИВ баёнотларида ҳам барча томонларни «кескинликни камайтириш учун максимал даражада вазминлик» намойиш этиш зарурлиги айтилади.

Буларнинг барчаси экспертларга Теҳрон Исроилнинг ҳужумига жавоб қайтармасдан, бу орқали чексиз давом этиши мумкин бўлган «қасос доираси»ни ёпишига умид қилишига имкон бермоқда.

Ғарбдаги етакчилар ҳам шунга чақиради.

Британия бош вазири канцелярияси «кейинги эскалация ҳеч кимнинг фойдасига бўлмаслиги» қайд этилган, бош вазир Кир Стармернинг ўзи эса буни очиқ матн қилиб ёзган: «Эрон жавоб қайтармаслиги лозим».

BBC мухбирлари Эроннинг жавоб зарбаси эҳтимоли ва Яқин Шарқдаги яқин келажакдаги воқеалар қандай ривожланиши мумкинлиги ҳақида фикр юритди.

Форс кўрфази мамлакатлари Вашингтонга хавотир билан қарамоқда
Фрэнк Гарднер, BBC хавфсизлик масалалари бўйича мухбири:

Яқин Шарқдагиларнинг барчаси Исроилнинг [Эроннинг 1 октябр кунги зарбаларига] жавоби яқин эканини тушунарди. Аммо айрим мамлакатларнинг ҳукуматлари АҚШдаги президентлик кампанияси якунланмагунича Исроил зарба бермаслигига умид қилаётганди.

Бугун тонгда, Теҳроннинг реакциясини кутган ҳолда, Вашингтон ва Форс кўрфазидагилар асабийлашишига сабаблар етарли эди. Бўғознинг Арабистон томонида америкаликларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилган, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Бешинчи флоти эса Баҳрайндаги портни қароргоҳ қилган.

АҚШ Эронга амалга оширилган тунги ҳужумга алоқадор эмаслигини билдирди, аммо Исроилдаги Thaad ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими фаолиятини 100 нафар америкалик ҳарбий таъминлайди, шундай экан, Эроннинг ҳар қандай қасос зарбаси АҚШга ҳам тааллуқли бўлмай қолмайди.

Шу билан бирга, ушбу можародан ўзини олиб қочишни истаётган Форс кўрфазидаги араб давлатлари Исроилга ўз ҳудудидан Ислом Республикасига ҳужум қилишда фойдаланишга рухсат бермаслигига Теҳронни ишонтирган.

Саудия Арабистонидагилар 2019 йилда Ироқдаги исёнчи кучлар Эрон кўмагида ракета зарбалари йўллаб, мамлакат нефт-кимё соҳасига жиддий зарар етказганини яхши эслашади.

Қасос циклини узиш ҳеч қачон осон эмас
Жереми Боуэн, BBC халқаро таҳлилчиси (Қуддус):

Исроилнинг зарбалари кутилганди. Бунинг муқаррарлигини Исроил 1 октябр — Исроил ҳудуди Эрон томонидан ёппасига ўққа тутилган кундан буён билдириб келаётганди.

Энди масала шундаки, Эрон ҳам бунга жавоб қайтарадими.

Президент Байден Исроилга Эроннинг ядровий, нефт ва газ объектларига зарба бермасликни қатъий тавсия қилган — ва бу сафар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу унинг маслаҳатига қулоқ тутди.

Вашингтондагилар Теҳроннинг фақат ҳарбий объектларига зарба бериш билан чекланиш орқали Эронни Исроил бўйлаб «жавоб» зарбалари беришдан қайтаришга кўндириш мумкинлигидан умид қилмоқда.

Чексиз зарбалар ва қарши зарбалар занжирини узиш, айниқса, можаро томонлари ўз томонидан жавоб қайтарилмаслиги заифликни кўрсатиш ҳамда қўрқоқлик сифатида қабул қилинадиган шароитда, ўта қийин бўлади.

Урушлар ҳам айнан шу тариқа, босқичма-босқич кескинлашув орқали юзага келади.

1 октябр куни Эрон Исроилга ўз иттифоқчисига ҳужумлар — хусусан, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиси ўлдирилишига «жавоб берганди».

Энди Исроил Эрон томонидан бир неча ойдан буён ўз иттифоқчилари ва учинчи мамлакатлардаги прокси кучлар қўли билан йўлланаётган баллистик ракеталар ҳужумига «жавоб бергани»ни айтмоқда.

Бу вақтда Исроил армияси Ғазо сектори шимолида йирик ҳужум амалга оширмоқда, БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк буни «бу урушнинг энг мудҳиш палласи» деб атаб, исроиллик ҳарбийлар «тинч аҳоли устига бомба ёғдириб, қамал қилиб, очликка маҳкум этаётгани»ни айтган.

Ташқаридан қараб, Исроилнинг Эрон ҳудуди бўйлаб зарбалари халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини Ғазодаги юришдан чалғитиш учун айнан шу вақтда йўллангани ҳақида ишонч билан айтиб бўлмайди. Аммо айнан шундай мақсад бўлганини ҳам буткул истисно этиб бўлмайди.

Эрон билади: Исроилнинг кейинги зарбаси янада кучлироқ бўлади
Лиз Дюсет, BBC’нинг етакчи халқаро шарҳловчиси:

Эрон авиация бошқармаси мамлакат ичкарисидаги фуқаролик рейслари тўлиқ жадвалга мувофиқ тарзда амалга оширилаётганини маълум қилган.

Ҳозирда бутун дунё эътибори қаратилган Эрон телеканаллари эфирида сўнгги воқеаларнинг транспорт ҳаракатига таъсири кузатилмаган ҳудудлардан кадрлар намойиш этилмоқда.

Агар расмий Теҳрон версиясига ишонилса, Исроилнинг Эрон ҳарбий марказлари бўйлаб учирилган ракеталарининг кўпчилиги мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали муваффақиятли тўхтатилган.

Фақат «чекланган зарар» ҳақида хабар берилиб, зарбалар вақтида эронлик икки ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани маълум қилинган (Бир неча соат ўтиб яна икки ҳарбий ўлими ҳақида хабар пайдо бўлди, шу тариқа, жуми қурбонлар сони тўрт нафарга етди — таҳририят тузатиши).

Исроил апрел ойида йўллаган биринчи зарба кўп жиҳатдан рамзий маънога эга бўлган, натижада Эрон ҳам давом эттирмасликка қарор қилганди. Теҳрондагилар бу сафар ҳам жавоб бермасдан юзини сақлаб қолиши мумкинлиги истисно этилмайди.

Эрон расмийлари Исроилнинг Мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига йўлланган зарбалари оқибатларини баҳолаши керак бўлади. Теҳрондагилар шуни аниқ билишади: Исроил эҳтимолий жавоб зарбасига янада кучлироқ зарбалар билан жавоб қайтаради.

Янада кенг кўламли ва хавфли урушга тортилишни истамайдиган Ислом Республикаси кейинги қадами бўйича якуний қарорини қабул қилишдан олдин ўз жавобининг ҳам мамлакат ичкарисида, ҳам бутун Яқин Шарқ минтақасидаги барча эҳтимолий сиёсий «харажатлари»ни синчковлик билан кўриб чиқади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроилнинг Эрон бўйлаб ракета зарбаси. Яқин Шарқда буёғига нима бўлади?