Хитойда инновацион технологиялар билан боғлиқ нохуш воқеа содир бўлди. Bloomberg нашри тарқатган хабарга кўра, Чанчун шаҳрида ўтказилган ҳаво намойишлари машқлари пайтида икки учар машина ўзаро тўқнашиб кетди.
Маълумотларга қараганда, мазкур қурилмалар мамлакатдаги энг йирик электр автомобиллари ишлаб чиқарувчиларидан бири — Xpeng Inc. компанияси томонидан яратилган. Бу ҳодиса ҳаво маконида янги технологияларни қўллаш хавфсизлиги ҳақида жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқди.
Тафсилотларга кўра, тўқнашувдан сўнг учиш-қўниш имкониятига эга электр воситаларидан бири ёниб кетган. Иккинчи учар автомобил эса шошилинч ҳолатда хавфсиз қўнишга муваффақ бўлган. Ҳодиса вақтида ҳалокат ёки оғир жароҳат ҳақида маълумот берилмаган бўлса-да, мутахассислар бундай ҳолат келгусида қайтарилмаслиги учун жиддий таҳлил ва чоралар кўрилиши шартлигини таъкидлашмоқда.
Аслида, Xpeng Motors бир неча ой аввал 2026 йилгача оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режаларини эълон қилган эди. Компаниянинг таъкидлашича, янги турдаги учар воситаларнинг бошқарув тизимида сунъий интеллект технологиялари кенг қўлланилади. Бу эса пилотсиз парвозлар имкониятини яратиши, йўловчилар учун эса қўшимча қулайлик ва хавфсизликни таъминлаши режалаштирилган.
Айни пайтда, Хитойда мазкур турдаги воситаларга буюртма бериш имкони мавжуд. Бироқ уларнинг оммавий ишлаб чиқарилиши ва кенг миқёсли сотуви 2026 йилдан бошланиши кутилмоқда. Шунга қарамай, Чанчунда содир бўлган мазкур воқеа жамоатчилик орасида янги технологиялар хавфсизлиги борасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!