Тошкент шаҳрида йил бошидан буён жамоат транспортида йўл ҳақини тўламасдан сафар қилган 6 мингдан зиёд йўловчи маъмурий жазога тортилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар тарқатди.
Маълумотга кўра, пойтахтда йўловчилар орасида чиптасиз юриш ҳолатларига барҳам бериш мақсадида махсус рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Тадбирларда Транспорт назорати инспекцияси ҳамда Тошкент шаҳар жамоат транспортини мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси инспекторлари иштирок этмоқда.
Ҳисоботларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 6182 нафар йўловчига нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, улар белгиланган тартибда жазога тортилиши таъминланган.
Қонунчиликка мувофиқ, аниқроғи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси 5-бандига кўра, шаҳар ичида ёки шаҳар атрофига қатнайдиган автобусларда йўл ҳақи тўламасдан юриш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми — 41 минг 200 сўм миқдоридаги жарима билан жазоланиши белгилаб қўйилган.
Мутасаддиларнинг айтишича, рейд тадбирлари мунтазам равишда давом эттирилади ва йўловчилар тартибга амал қилишга чақирилмоқда. Шу орқали нафақат қонун устуворлиги таъминланиши, балки жамоат транспорти тизимида адолат ва шаффофлик ҳам қарор топиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!