21:20 / 03.11.2024
55

Россия армиясининг «чайновчи жағлари»: Донбассдаги украин фронти чиндан ҳам «қулади»ми?

Россия армиясининг «чайновчи жағлари»: Донбассдаги украин фронти чиндан ҳам «қулади»ми?
Фото: Reuters
Россия армияси Донецк областидаги юриш суръатини сезиларли даражада оширди. Кузнинг дастлабки икки ойида улар бу ерда каттагина ҳудудни ўз назоратига олди, экспертларга кўра, бу кенг кўламли уруш бошидан кейинги даврда эгалланган рекорд даражадаги катта ҳудуддир. Украинадаги айрим ҳарбийлар ва сиёсатчилар украин фронти «қулаётгани» ҳақида гапирмоқда.

«Буни барчамиз биламиз — ва мен қандайдир ҳарбий сирни очаётганим йўқ, — бизнинг фронт қулади», — деган 27 октябр кунги интервюда украин генерали, уруш бошида Миколайив мудофаасига раҳбарлик қилган Дмитро Марченко.

У «фронтнинг қулаши» сабабларидан бири сифатида Украина қуролли кучларида ўқ-дори ва шахсий таркиб етишмаётгани, «бошқарувдаги мувозанат бузилиши» — хусусан, ҳарбий бўлинмалар командирлари тез-тез алмаштирилиши ҳамда тайёр бўлмаган қисмларни янги йўналишларга олиб ўтказишни (масалан, октябр бошида Вуҳледар атрофида шундай бўлганди) келтирган.

«Фронт қулаётгани» ҳақидаги тезисни дарҳол россиялик пропагандачилар ва Z-каналлар, шунингдек, украиналик айрим сиёсатчилар ва ҳарбий мухбирлар ҳам илиб олишди.

Донецк областидаги тўқнашув чизиғида аслида нималар бўлмоқда? BBC Украина хизмати мухбири Олег Черниш шу мавзуни таҳлил қилди.

Ҳал қилувчи штурмга тайёргарлик

29 октябр куни Россия мудофаа вазирлиги Покровскдан 15 км масофадаги Селидове шаҳри эгаллангани ҳақида расман хабар берди.

Украин кучлари мазкур аҳоли яшаш манзилини узоқ вақт давомида ўзида ушлаб турганди, аммо октябр ойининг иккинчи ярмидан Россия қўшини уни қанотлардан айланиб ўтиб, таъминот йўлларини тўсиб қўя бошлади, кейин эса шаҳар чеккаларидаги аҳоли яшаш кварталларини штурм қилишга киришилди. Украина мудофаа кучлари эса тўлиқ қуршовга тушиб қолмаслик учун, кутилганидек чекинди ва кўп ўтмай шаҳар рақиб томонидан эгалланди.

Украина қуролли кучлари бош штаби Селидове атрофидаги вазиятни шарҳламади, аммо 30 октябр куни Украина қўмондонлигига алоқадор ҳисобланган DeepState таҳлил маркази шаҳар тўлиғича рақиб томонидан оккупация қилинганини тасдиқлади.

Селидовенинг қулаши Россия бўлинмаларига Покровск мудофаасининг жанубий қанотига ҳужум қилиш учун йўл очди, шунингдек, Кураховонинг шимолий чеккалари томон ҳаракатланишда давом этишга имкон беради.

BBC’нинг украин қўмондонлигидаги юқори мартабали манбаси Донбасснинг логистик ва саноат марказлари бўлган айнан шу икки шаҳар катта эҳтимол билан Россия ҳужумларининг яқин вақтлар учун асосий нишонларига айланишини айтган.

Россиялик ҳарбийлар Селидове марказидаги бинога РФ байроғини ўрнатмоқда, украин кучлари қуршовга тушиб қолмаслик учун шаҳарни ташлаб чиққан. Фото: РФ мудофаа вазирлиги
Ноябр бошидаги ҳолатга кўра, Покровскни фронт чизиғидан 6 км масофа ажратиб турибди.

Курахово борасида эса, россиялик ҳарбий блогерлар РФ армияси аллақачон унинг жанубий чеккаларида ўрнашишга ҳаракат қилаётганини айтишган.

BBC маълумотига кўра, украин қўмондонлиги ушбу икки аҳоли яшаш манзиллари ҳимояси учун қўшимча бўлинмалар юборган.

Аммо россияликлар бу ерда ҳам Вуҳледар ва Селидоведа иш берган манёврни қўллаши истисно этилмайди: шаҳар «рўпарадан» штурм қилинмасдан, қанотлардан айланиб ўтилади.

Украина қуролли кучлари бош штабининг стратегик коммуникациялар бошқармаси собиқ бошлиғи, полковник Евгений Саско россияликларнинг ушбу тактик усулини «кавшаётган жағлар» деб атайди: шимол ва жанубдаги қанотларда кучли «жағлар» юзага келган, улар босқичма-босқич шаҳар атрофидаги мудофаани бўшаштиради ва «чайнайди», бу эса якунда унинг қулашига олиб келади.

Агар рус қўшини шаҳарни ғарброқда, Запорижжя-Донецк трассаси бўйида жойлашган икки қишлоқ: Андрийивка ва Константинопол ҳудудида айланиб ўтишга ҳаракат қилса, Кураховода ҳам шу сценарий такрорланиши мумкин.

Рус қўшинлари Украина учун фавқулодда муҳим бўлган логистик маршрут томон бир вақтнинг ўзида шимол ва жанубдан ҳужум қилмоқда. Руслар икки қанотдан ҳам трассагача 11 километр масофа яқинлашган.

«Умид қиламанки, қарши зарбалар натижасида (россияликлар) Андрийивкада „Курахово кармани“да пайдо бўлиб, „жағлари билан кавшаш“ни бошламайди», — дея ёзади полковник Саско.

Россияликлра учун камтарроқ бошқа бир вариант — Курахово сув омборини шимолдан айланиб ўтиш ва трассани Курахово шаҳрининг ғарбий чеккасида, Дачное қишлоғи ҳудудида тўсиб қўйиш ҳисобланади. Бу ҳолатда ҳам россияликлар учун Кураховодан 8 км жанубдаги Успеновка қишлоғини назоратга олиш муҳим. Бу ерда Курахово, Дачное, Катериновка ва Велика Новосилкадан келувчи йўллар туташади. Россия армияси Велика Новосилкадан келувчи йўлни аллақачон Шахтёрск ҳудудида тўсиб қўйган.

Покровск атрофидаги вазият ҳам Украина қуролли кучлари учун анча ноқулай бўлиб қолган. Ёз охирида захира кучлар жалб этилиши эвазига Украина ҳимоячилари рақибнинг шаҳарнинг шарқий чеккалари ва унинг йўлдош шаҳри бўлмиш Мирноград томон жадал юришини тўхтата олганди. Ўшанда россияликлар муҳим аҳамиятга эга бўлган Покровск-Константиновка трассасини тўсиб қўйишнинг уддасидан чиқолмаганди.

Аммо Селидове қулагач, Россия бўлинмалари ушбу ҳудудда яна фаоллашиши мумкин, фақат энди шаҳарни жанубдан айланиб ўтиб, Соленой дарёси ўзани ҳамда темирйўл бўйлаб Новотроицкое ва Шевченко посёлкалари йўналишида ҳаракатланиш орқали.

Покровскдаги вайрона бино. 2024 йил 19 октябр
Fermin Torrano / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

30 октябр куни украин миллий телемарафони эфирида шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Добряк Украина қуролли кучлари бўлинмалари Покровск атрофидаги мудофаа чизиқларини мустаҳкамлаётганини маълум қилди.

У шаҳарга кириш ва ундан чиқиш вақтинча чекланганидан огоҳлантирган.

«Покровскда мудофаа истеҳкомлари қурилмоқда ва биз аллақачон шаҳарга кириб жойлашяпмиз, шаҳарнинг маълум қисмлари тўсилади. Ҳозирда шаҳарда бир неча эшелон барпо этилмоқда, улар Покровск микрорайонлари ва кўчаларининг бир қисмини тўсиб қўяди», — дея изоҳ берган шаҳар раҳбари журналистларга.

Унинг маълумотига кўра, отишмалар чоғида урушга қадар бўлган инфратузилманинг 80 фоизи вайрон бўлган, аммо шаҳарда ҳамон 12 минг киши қолмоқда, шундан 55 нафари болалар.

Покровскдаги турар жойлар атрофида «Аждаҳо тишлари». 2024 йил 23 октябр
Fermin Torrano / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Буни фронт қулаши дейиш мумкинми?

Германиянинг Welt нашри ҳисобларига кўра, октябр ойи бошидан буён Россия қўшини Украинанинг 478 км кв ҳудудини эгаллаган. Уруш бошидаги фаол ҳарбий ҳаракатлар якунланган 2022 йил марти охиридан буён бу мутлақо рекорд кўрсаткичдир.

Украинанинг DeepState проектига кўра, ўтган ойда россияликлар йигирмага яқин аҳоли яшаш манзилларини (Вуҳледар ва Селидове шаҳарлари ҳам шунинг ичида) эгаллаб олган.

Исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделманнг эътибор қаратишича, бу ҳолатда гап украин кучлари рақиб жонли куч ва ҳаводаги устунлиги туфайли чекиниши ҳақида бормоқда. Амалда Россия қўшини анча сусткашлик билан илгарилаган.

«„Фронт қулаши“ каби бундай баёнотлар — асосан ҳиссиётга берилган ҳолда қилинган. Амалда эса қулаш ҳақида гап йўқ», — дейди таҳлилчи BBC учун интервюда ва бу уруш давомида фронт фақат бир марта — Россия томонида «қулагани»ни қўшимча қилган.

Кураховодан тинч аҳолини эвакуация қилиш давом этмоқда. Ноябр ойи бошидаги ҳолатга кўра, бу шаҳар — Россия армиясининг асосий мақсадига айланган ва унинг атрофида жанглар кетмоқда
«Бундай ҳолат 2022 йил кузида айнан Россия томонида, украинлар Харкив йўналишида ёриб ўтганида кузатилганди, — дейди у. — Ана у ерда муайян катта участкада фронт чиндан ҳам қулаганди».

2022 йил сентябрида Украина қуролли кучлари Харкив областининг Балаклия шаҳри атрофида Россия мудофаасини ёриб ўтган ва қисқа муддат ичида катта ҳудудни озод этганди. Шу билан бирга, айрим участкаларда россияликларнинг чекиниши хаотик кечган, улар қуршовга тушиб қолишган ва кўп миқдордаги техника ва ўқ-дориларни ташлаб кетишганди.

Ўша вазиятдан фарқли ўлароқ, Украина қуролли кучларининг Донбасс жануби ва марказидан чекиниши асосан уюшган ҳолатда кечмоқда, баъзида арьергард жанглар олиб борилмоқда — маълум ҳудудни ҳимоя қилишда давом этиш катта қурбонларга сабаб бўлиши аниқ бўлган шароитларда чекинишга қарор қилинмоқда.

Айниқса 2023 йил Бахмут учун кечган жанглардаги тактика билан таққослаганда фарқ яққол кўзга ташланади. Ўшанда шаҳардаги кўча жанглари вақтида Украина қуролли кучлари яхши тайёрликка эга бўлмаган жуда кўп жангчилардан айрилганди.

Генделман Украина қуролли кучларининг бугунги кундаги асосий муаммоси сифатида жонли куч етишмаслиги деб билади. Шахсий таркибдаги камчиликлар туфайли армия кучларини фронтнинг турли участкаларига тарқоқ жойлаштиришга мажбур бўлмоқда, бу эса россияликларга бу бўлинмалар орасида заиф нуқталарга тиғ уриб, рақибнинг «толиққан» мудофаасини бостиришига имкон бермоқда.

Экспертлар сўзларига кўра, ҳозирда Украина қуролли кучларининг асосий муаммоси — жонли куч етишмовчилиги
Разумков марказининг ҳарбий дастурлар бўйича директори, Украина қуролли кучларининг захирадаги полковниги Микола Сунгуровский сафарбарлик борасидаги муаммолардан ташқари, Россиянинг Донбассдаги юриши украин раҳбариятидаги қатор камчиликларни ҳам фош қилганини айтади.

«Ҳа, бу фронт қулаши эмасди, аммо — амалда жиддий камчиликлар ва жиддий муаммолар мавжуд. Барчаси расмийлар уларга қанчалик тез ва мазмунли реакция қилишига боғлиқ», — дейди Сунгуровский BBC билан суҳбатда.

У Украина қуролли кучлари қўмондонлик штаби таркиби етарлича тайёргарликка эга эмаслиги, бошқарув ва ҳарбий ташкил этишдаги муаммоларни санаб ўтади. Армия қўмондонлиги айрим масалаларни ҳал қилмоқда, аммо тизимни йўлга қўйиш учун Киевдаги сиёсий раҳбариятдан ҳам фаол ҳаракатлар талаб этилади.

Бундай шароитларда Покровск ва Кураховони оккупациядан сақлаб қолиш мумкинми?

«Агар қисқа муддатли истиқбол ҳақида гапирадиган бўлсак, бу оператив ва стратегик захираларни ишга солиш орқали амалга оширилиши мумкин, — дея қайд этади Сунгуровский. — Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам тўлиқ тайёр эмас. Иккинчидан, тушунишимча, улар қиш ва баҳордаги қарши ҳужум учун тузилаётганди. Ва айни вақтда улардан фойдаланишни исташмайди, чунки бу Украина қуролли кучларининг келгуси режаларига таъсир кўрсатади».

Куз охирига бориб Россия армиясининг Украинада илгарилаши ноқулай об-ҳаво ва захира тугаши туфайли тўхтаб қолиши мумкин
BBC’нинг Украина сиёсий раҳбариятидаги манбаси фронтдаги вазият «жуда ёмонлиги»ни тан олади. Аммо у ноябр бошида ноқулай об-ҳаво туфайли Россиянинг юриши анча секинлашишидан умид қилмоқда.

Бундан ташқари, уруш истиқболлари борасидаги ноаниқлик АҚШдаги президентлик сайловларидан кейин йўқолиши кутилмоқда.

«Вазият жуда ёмон, аммо ҳалокатли даражада эмас, — дея хулоса қилади мулозим. — Яна бир бор таъкидлайман, бу ҳали ҳалокат дегани эмас».

У Покровск ва Курахово яқин ойлар ичида қулаши мумкинлигини истисно этмайди, аммо шундай қайд этади: асосий мақсад — нафақат Украинани давлат сифатида сақлаб қолиш, балки бундан буён бирорта област марказини бой бермаслик. Кўриниб турибдики, гап Херсон ва Запорижжя ҳақида бормоқда, Владимир Путин уларни очиқчасига «Россия ҳудуди» деб атаган ва мазкур област марказларидан украин қўшинини «сиқиб чиқариш»ни талаб қилган. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия армиясининг «чайновчи жағлари»: Донбассдаги украин фронти чиндан ҳам «қулади»ми?