21:35 / 23.11.2024
13

Австрияда сантехник 30 килограмм оғирликдаги тилла тангалар топиб олди

Австрияда сантехник 30 килограмм оғирликдаги тилла тангалар топиб олди
Фото: NF/newsX
Австрияда сув қувури устаси 30 килограмм оғирликдаги тилла тангалар яширилган хазинани топиб олди, уларнинг қиймати 2 миллион фунт стерлингга (2,5 млн доллар) баҳоланмоқда, деб хабар берди The Sun нашри.

Виллалардан бирининг ертўласи полидан чиқиб турган арқон хазинага илк ишора бўлган, бошқа қурувчилар унга эътибор бермаган эди. Сантехник қизиқиб, арқонни тортди, аммо хазинани чиқара олмади. Шунда у белкурак билан бетонни уриб, ичида олтин тангалар бўлган қутини топди. Тангаларда австриялик бастакор Моцартнинг тасвири бор эди. Бу қимматбаҳо буюмлар Иккинчи жаҳон уруши даврида яширилган деб тахмин қилинмоқда.

Илгари бу ертўлада ишлаган бошқа ишчилар топилма ҳақида эшитиб, афсусланди. Улардан бири арқонни кўрган, лекин унга тегмай қўя қолган. Австрия қонунларига кўра, хазина сантехник ва вилла эгаси ўртасида тенг тақсимланади. Бу эса қувур устасига 1 миллион фунт стерлинг тўланишини англатади.

Бундай топилмалар дунёнинг турли бурчакларида учраб туради. Аввалроқ Ўрта денгизда ғаввос 2000 йиллик тарихга эга 30 мингта қадимий тангадан иборат хазинани топганди. Сув остида қолган бойликнинг қиймати тахминан 2,5 миллион фунт стерлингни ташкил этади. Бироқ ғаввос хазинани Италия ҳукуматига топширди.

Яқинда Туркиянинг ғарбий қисмидаги қадимги юнон Нўтион шаҳри ҳудудида ўтказилган қазишмалар пайтида тахминан 2000 йил аввал яширилган хазина — олтин тангалар солинган кўза топилди. Тангалар Нўтиондан тахминан 96 километр узоқликда жойлашган қадимий Сардис шаҳрида зарб этилган бўлиши мумкин. Қадимги юнон тарихчиси Ксенофонтнинг айтишича, битта танга қиймати бир аскарнинг ойлик хизмати учун тўланадиган маош миқдорига тенг бўлган.

Унга қадар Германияда ҳаваскор археолог металл қидирувчи ёрдамида 3000 га яқин қадимги Рим тангаларидан иборат хазинани топганди. У топилма ҳақида ҳокимиятга хабар берган, кейинчалик мутахассислар қазиш ишларини олиб борган. Топилма олимларни ҳайратга солди, чунки хазина Рим империяси чегараларидан ташқарида ва машҳур герман қишлоқларидан анча узоқда яширилганди. Хазинанинг айрим тангалари Римда зарб этилган бўлса-да, уларнинг кўпчилиги Келнда тайёрланган — ўша пайтда бу шаҳар Галлия империяси таркибига кирарди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Австрияда сантехник 30 килограмм оғирликдаги тилла тангалар топиб олди