date

BBC Трампдан узр сўради, лекин товон тўламайди

BBC Трампдан узр сўради, лекин товон тўламайди

Британиянинг йирик медиакорпорацияси BBC Трамп нутқи таҳрирланган ҳолда эфирга узатилган Panorama дастури атрофида келиб чиққан можаро юзасидан АҚШ президенти Доналд Трампдан расман узр сўради. Бироқ корпорация Трамп талаб қилган миқдордаги товон пулини тўлашни мутлақо қабул қилмади. BBCнинг 13 ноябрдаги баёнотида таъкидланишича, видеоматериал қандай тарзда монтаж қилингани юзасидан чин дилдан афсус билдирилса-да, туҳмат учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмас, деган қатъий позиция сақланиб қолади.

BBC раҳбариятидан Оқ уйга шахсий узр

BBC Кенгаши раиси Самир Шах Оқ уйга йўллаган махсус мактубида ҳам мазкур хатога йўл қўйилганини тан олди ва бу ҳолат учун ўз номидан ҳам, корпорация номидан ҳам афсус билдирди. Шу билан бирга, моҳиятан можароли ҳисобланган дастур эндиликда қайта эфирга узатилмаслиги, BBC платформаларида эса умуман жойлаштирилмаслиги маълум қилинди.

Масалага сабаб бўлган фильм

“Трамп: иккинчи шанс?” деб номланган ҳужжатли фильм BBC эфирида 2024 йилги АҚШ президентлик сайловлари олдидан намойиш этилган эди. Фильмда 2021 йил 6 январ куни Трамп айтган нутқнинг бир нечта қисмлари йиғилиб, ягона фрагмент сифатида берилиши, томошабинларда Трамп Капитолийга қилинган ҳужум пайтида зўравонликка чорлаган деган таассуротни уйғотган.

Айнан шу монтаж Оқ уйнинг қаттиқ эътирозига сабаб бўлиб, улар BBC’ни “фейк янгиликлар тарқатиш”да айблашди. Трамп адвокатлари эса корпорациядан очиқ узр, раддия ва компенсация талаб қилган. Агар бу амалга оширилмаса, 1 миллиард долларлик даъво аризаси ёзилиши билан таҳдид қилинди.

Истеъфолар ва BBC ичидаги силкинишлар

Можаро ортидан BBC бош директори Тим Дэйви ҳам, BBC News бўлими раҳбари Дебора Тернесс ҳам лавозимидан кетишини маълум қилди. Дэйви ўз мактубида BBC ходимлари томонидан йўл қўйилган “айрим хатолар”ни тан олди ва умумий масъулиятни ўз зиммасига оларини айтди. Унинг таъкидлашича, BBCдеги ҳозирги тортишув ва танқидлар унинг қарорини тезлаштирган.

Дебора Тернесс ҳам алоҳида баёнот чиқариб, содир бўлган воқеалар учун масъулиятни ўз зиммасига олганини билдирди. Бироқ у BBC News’ни ҳимоя қилган ҳолда иш тутгани ҳақидаги айбловларни рад этди ва барча жараёнда журналистик тамойилларга амал қилганини таъкидлади.

BBCнинг қатьий позицияси: узр бор, товон йўқ

Корпорация ёмон монтажга йўл қўйилганини тан олган бўлса-да, қонун нуқтаи назаридан Трамп томони талаб қилаётган товон тўланиши учун етарли асос йўқлигини яна бир бор қайд этди. BBCнинг фикрича, мазкур ҳолат ахборот таҳрирлашдаги хатога бориб тақалади, аммо у туҳмат даражасига етмайди.

Можаро қисқа муддат ичида глобал медиа ва сиёсий майдонда катта муҳокамага айланди. Трамп тарафдорлари BBCни қaттиқ танқид қилар экан, кўплаб Британия ва халқаро журналистлар корпорацияни ахборот шаффофлиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани учун қўллаб-қувватлашди.

BBC ва Трамп ўртасидаги баҳс ҳали расман ёпилмаган бўлса-да, асосий нуқта аён: корпорация хатосини тан олди, лекин товон пули масаласида орқага чекинмайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » BBC Трампдан узр сўради, лекин товон тўламайди