
АҚШда миграция сиёсати янада қатъийлашиши мумкинлиги ҳақида янги маълумотлар пайдо бўлди. Washington Post хабар беришича, Трамп маъмурияти қандли диабет, саратон ва семизлик каби касалликларни виза беришни рад этиш учун асос сифатида қўллаш бўйича расмий кўрсатма тайёрлаган.
Манбага кўра, Давлат департаменти нафақахўрлар, қариб қолган ота-оналар ёки ногирон қариндошларни боқадиган шахслар учун ҳам визаларни чеклаш ғоясини маъқулламоқда.
Расмийлар бу қарорни шундай шахслар учун тиббий хизмат ва парвариш харажатлари юқорилиги билан изоҳламоқда. Улар таъкидлашича, АҚШга келган бундай мигрантлар давлат бюджетига қўшимча оғирлик юклайди.
Бироқ журналистлар ва таҳлилчилар бу ҳаракатни бошқа жиҳатдан кўрмоқда. Уларнинг фикрича, ушбу ёндашув — мигрантларнинг киришини янада қисқартиришга қаратилган навбатдаги қадам бўлиб, Трамп маъмуриятининг умумий миграция сиёсатини янада қаттиқлаштиришини англатади.
Айни вақтда қарор расман кучга кирмаган бўлса-да, муҳокамалар АҚШда мигрантлар учун янги чекловлар пайдо бўлиши мумкинлигидан дарак бермоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.