Фото: Getty Images
Аввалига Башар Асад ҳокимиятни отасидан мерос қилиб олиши кўзда тутилмаганди. Унинг сиёсатдаги йўли фақат акаси Басил 1994 йил бошида Дамашқ яқинида йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлганидан кейин бошланади. Ўшанда Башар Лондонда офталмология бўйича таҳсил олаётганди.
Басилнинг ўлимидан кейин укасини Сурияни бошқаришга тайёрлай бошлашади. Башарнинг ҳукмронлиги юз минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлган ва миллионлаб сурияликларни уйларини ташлаб кетишга мажбур қилган қонли фуқаролик уруши даврига тўғри келади.
Башар Асад шифокорликдан ҳарбий жиноятларда айбланган авторитар ҳукмдоргача бўлган йўлни қандай босиб ўтган? BBC унинг тарихини ҳикоя қилади.
Ота мероси
Башарнинг отаси Ҳафиз Асад Сурияни қарийб 30 йил бошқарган
Башар Асад 1965 йилда Ҳафиз Асад ва Аниса Маҳлуф оиласида дунёга келган. Унинг туғилиши Сурия, Яқин Шарқ ва ундан ташқаридаги драматик воқеалар билан бир пайтга тўғри келади. Ўша вақтда минтақанинг кўплаб мамлакатлари сиёсий ҳаётида араб миллатчилиги ўртага чиққан ва Сурия ҳам бундан мустасно эмасди.
Миср билан Сурия ўртасидаги қисқа муддатли иттифоқ тузишга муваффақиятсиз уринишдан кейин (1958–1961) Дамашқда панараб миллатчилиги ғояларига эргашган Баас араб социалистик уйғониш партияси ҳокимиятни ўз қўлига олади. Ўша вақтдаги араб мамлакатларининг кўпчилиги ҳам Сурия демократик давлат эмасди ва кўппартиявий сайловлар ўтказилмаган.
Асадлар оиласи манбус бўлган алавийлар жамоаси Суриядаги озчиликни ташкил этади ва кўалаб алавийлар Сурия армиясидан ижтимоий лифт сифатида фойдаланади. Ҳафиз Асад армия зобит ва Баас партиясининг содиқ тарафдори сифатида ажралиб турарди ва 1966 йилда мудофаа вазирига айланади.
Ҳафиз Асад ўз таъсирини кучайтиришда давом этиб, мамлакатдаги ҳокимиятни ўз қўлида жамлайди ва 1971 йилда президентга айланади — у бу лавозимда 2000 йилда вафот этгунига қадар қолади. Суриянинг қатор тўнтаришлар билан кечган урушдан кейинги тарихи фонида бундай узоқ йиллик барқарорлик унинг моҳирона сиёсий манипуляцияси самараси эди.
У темир мушт билан ҳукмронлик қилиб, мухолифат ва ўзгача фикрловчиларни бостиради. Аммо Асад ташқи сиёсатда анча прагматик эди: у советлар иттифоқи билан фаол ҳамкорлик қилган, аммо шу билан бир вақтда 1991 йилда Форс кўрфазидаги урушда АҚШ раҳбарлигидаги коалицияга қўшилади.
Лондондаги тиббиётчи талаба
Башар Асад бўлажак рафиқаси Асмани Лондонда учратганди
Башар Асад аввалига ўзи учун сиёсат ва ҳарбий ишлардан йироқ бўлган йўлни танлаганди. У тиббиёт соҳасида карьера қилишга бел боғлаганди.
У 1992 йилда Дамашқ университетини тамомлагач, Буюк Британияга йўл олади, бу ерда Лондондаги Western Eye кўз клиникасида офталмологияга ихтисослашади.
BBC’нинг 2018 йилги «Хавфли сулола: Асадлар» номли ҳужжатли филмига кўра, Башар Лондонда қулай ҳаёт кечирган: севимли мусиқачиси Фил Коллинзнинг концертларига тушган ва умуман олганда маҳаллий британ маданиятидан баҳра олган.
Башар бўлажак рафиқаси Асма ал-Аҳрасни айнан Лондонда учратади. Асма Лондон Қироллик коллежида компютер фанларини ўрганган, кейинроқ Ҳарвардга бизнес бошқарув курсига (MBA) қабул қилинган. Аммо унинг ҳаёти тез орада ўзгариб кетади.
Иккинчи ўғил бўлгани учун Башар доимо акаси, Ҳафиз Асаднинг вориси саналган Басилнинг соясида қоларди.
Басил 1994 йил январида вафот этиши Башарнинг ҳаётини буткул ўзгартиради. У дарҳол Лондондан чақириб олинади ва уни Суриянинг кейинги етакчиси бўлиш учун тайёрлашади.
Башарни қуролли кучлар зобити қилишади ва уни бўлажак президент сифатидаги имижини шакллантира бошлашади.
Орзулар ва ўзгаришлар
Асадлар оиласи Сурияда ярим асрдан кўпроқ ҳукмронлик қилди. Фото: AFP
Ҳафиз Асад 2000 йил июнида вафот этади ва 34 ёшли Башар тезда президентга айланади, бунинг учун президент лавозими учун белгиланган минимал 40 ёш чегарасини камайтириш мақсадида Сурия конституциясига ўзгартириш киритишга тўғри келади.
Башар Асад президентликка қасамёд қилиб, дарҳол янги сиёсий оҳанг белгилашга ҳаракат қилади. Унинг чиқишларида «шаффофлик, демократия, ривожланиш, модернизация, масъулият ва институционал фикрлаш» ҳақида сўз боради.
Лавозимга киришганидан бир неча ой ўтиб Башар Асма ал-Аҳрасга уйланади. Уларнинг оиласида уч фарзанд дунёга келади: Ҳафиз, Зейн ва Карим.
Аввалига Башарнинг сиёсий ислоҳотлар ва ОАВ эркинлиги тўғрисидаги риторикаси кўплаб сурияликларда умид уйғотганди. Унинг етакчилик услуби ва ғарбда таълим олган Асма билан ёнма-ён туриши янги ўзгаришлар даври келгандек таассурот уйғотганди.
Сурия «Дамашқ баҳори» деб ном олган, сўз эркинлиги нисбатан таъминланган қисқа муддатли даврни бошдан кечиради, аммо 2001 йилга келиб хавфсизлик кучлари қатағонни тиклаб, мухолифатчи фаолларни ҳибсга олишга киришади.
Башар хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган чекланган иқтисодий ислоҳотлар ўтказган бўлса-да, унинг бошқарувидаги илк йиллар амакиваччаси Рами Махлуфнинг таъсир доираси кенгайиши билан ёдда қолган. Махлуф улкан бизнес-империя қурган, танқидчилар буни бойлик ва ҳокимият қоришиб кетишига мосил сифатида келтиришади.
Ироқ ва Ливан
Ливаннинг собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририй ўлдирилиши Башар Асад сиёсатига таъсир кўрсатади
2003 йилда Ироқда бошланган уруш Башар Асад ва ғарб мамлакатлари муносабатлари сезиларли даражада ёмонлашишига олиб келади. Сурия президенти АҚШнинг Ироққа босқинига қарши чиқади, буни айримлар у Сурия Америка ҳарбий амалиётининг кейинги нишони бўлиши мумкинлигидан хавотирлангани билан изоҳлашади.
Вашингтон эса Дамашқни Ироқ Америка томонидан оккупация қилинишига қарши курашган исёнчилар учун қуроллар контрабандасига кўз юмишда ва экстремистларга икки мамлакат чегарасини эркин кесиб ўтишига йўл қўйиб беришда айблайди.
2003 йил декабрда АҚШ нафақат Ироқ, балки Ливанда сурияликлар ҳарбийлар жойлаштирилгани билан боғлиқ қатор сабабларга кўра Сурияга қарши санкциялар киритади.
2005 йил февралда Ливан собиқ бош вазири, Суриянинг Ливандаги асосий мухолифи Рафиқ Ҳаририй Байрут марказидаги кучли портлаш оқибатида ўлдирилади. Бунда дарҳол Сурия ва унинг иттифоқчилари гумонланади.
Ливанда оммавий норозилик намойишлари авж олади, шу ва халқаро босим туфайли Дамашқ қарийб 30 йиллик мавжудликдан кейин Ливандаги Сурия қўшинини олиб чиқишга мажбур бўлади.
2020 йилда махсус халқаро трибунал «Ҳизбуллоҳ» мазкур жиноятда айбдор деб ҳукм чиқарганига қарамай, Асад ва унинг Ливандаги асосий иттифоқчиси, ливанлик шиалар гуруҳи мунтазам равишда Ҳаририйнинг ўлдирилишига алоқадорлигини рад этиб келади,
«Араб баҳори»
«Араб баҳори» намойишлари Сурияга 2011 йилда етиб келади
Ҳокимиятдаги дастлабки 10 йилида Башар Асад Эрон билан муносабатларни мустаҳкамлайди, Қатар ва Туркия билан алоқаларни яхшилашга уринади, аммо бу узоққа бормайди. Аввалига ёш президент Ар-Риёд томонидан қўллаб-қувватланганига қарамай, Саудия Арабистони билан ҳам муносабатлар барқарор эмасди.
Умуман олганда, Башар Асад ташқи сиёсатда отаси тутган йўналишга амал қилиб, эҳтиёткорлик кўрсатади ва тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувлардан қочади.
Унинг бошқарувининг ўн йиллиги ўтганида режимни авторитар деб таърифлаш мумкин эди, чунки мухолифат овозини куч билан ўчириш давом этарди.
2010 йил декабрда Асма Асад Vogue журналига берган интервюсида уйида «демократия ҳукмронлиги»ни айтади.
Шу вақтларда Тунисда сабзавот сотувчи савдогар Муҳаммад Буазизий аёл полициячидан калтак еганидан кейин ўзини ёқиб юборади. Бу акт Тунисда халқ қўзғалонига сабаб бўлади, якунда президент Зина ал-Абидин Бен Али ағдарилади.
Тунисдаги қўзғалон кутилмаганда бутун араб дунёси бўйлаб инқилобий ҳаракатларни илҳомлантириб, Миср, Ливия, Яман, Баҳрайн ва Сурия ҳам намойишлар ичида қолади.
Vogue журналида 2011 йил мартида «Саҳродаги атиргул» (кейинроқ қайтариб олинган) сарлавҳаси остида чиққан интервюда Сурия «портлашлар, кескинликлар ва одам ўғирлаш йўқ бўлган мамлакат» сифатида тасвирланганди. Аммо бу образ жуда тез фурсат ичида кескин ўзгаради.
Март ойи ўрталарига келиб Дамашқда норозилик намойишлари бошланиб кетади, бир неча кун ўтиб Сурия жанубидаги Даръа шаҳрида одамлар кўчаларга чиқади. Бу намойишларга деворга Асадга қарши граффити чизган болалар ҳибсга олиниши сабаб бўлганди. Хавфсизлик кучлари эса намойишчиларни ўққа тутади.
Асад Сурия халқига мурожаат қилишдан олдин икки ҳафта кутади. Парламентдаги чиқишида у ўзи Сурияга қарши «фитна» деб атаган жараёнга барҳам беришни ваъда қилади, шу билан бирга, одамларнинг кўплаб эҳтиёжлари қондирилмаётганини тан олади.
Даръада намойишчилар отиб ташланиши бошқа шаҳарларда янада каттароқ намойишларни келтириб чиқади, уларда энди Асаднинг истеъфосига чақириқлар янграй бошлайди. Ҳукумат бунга жавобан зўравонлик ишлатиб, тартибсизликларда «саботажчилар ва ташқи кучлар томонидан бошқарилаётган жосуслар»ни айблайди.
Бир неча ой ўтиб вазият ҳукумат кучлари ва бутун мамлакат бўйлаб қўлига қурол олган мухолифат гуруҳлари ўртасидаги қуролли тўқнашувларга айланиб кетади.
Можаро интернационал тус олади
10 йилдан ошиқ давом этган урушда Суриянинг кўплаб шаҳарлари тўлиқ вайрон қилинган
Можаро кучайгач, БМТ ҳисобларига кўра, қурбонлар сони юз минглабгача ошган. Сурияда фуқаролик урушига ташқи кучлар жиддий аралаша бошлаган.
Россия, Эрон ва эронликлар томонидан қўлланадиган қуролли гуруҳлар Асад томонда туради, Туркия ва Форс кўрфази давлатлари эса қуролланган мухолифатга ёрдам кўрсата бошлайди.
Асадга қарши намойишлар аввалига демократия ва барча учун эркинлик шиорлари билан иш олиб борган бўлса-да, вақт ўтиб улар диний характер касб эта бошлайди. Мухолифатдаги айрим фракциялар ҳукуматни суннийларга зарар етказиш ҳисобига озчилик алавийларга хайрихоҳлик кўрсатишда айблайди.
Хорижий аралашув секталар ўртасидаги бўлинишни кучайтиради. Сунний гуруҳлар алавийларни кофир деб атай бошлайди, минтақадаги шиалар эса Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» етовида Асад режимини қўллаб-қувватлаш учун Сурияга кириб келади.
Бу вақтда қўшни Ироқда ИШИД экстремистик гуруҳи кучая бошлайди. Бу террорчи гуруҳ фуқаролик урушидан фойдаланиб, Суриянинг катта ҳудудларини эгаллаб олади ва мамлакат шарқидаги Раққа шаҳри пойтахти бўлган «янги халифалик» тузилганини эълон қилади.
2013 йил августида Дамашқ яқинида, мухолифат назоратида бўлган Шарқий Ғутада юзлаб кишилар кимёвий ҳужум қурбонига айланади.
Ғарбдаги барқудрат давлатлар ва Сурия мухолифати ҳужумда Асад режимини айблайди. Дамашқ ўз алоқадорлигини рад этган бўлса-да, халқаро босим остида кимёвий қуроллари захирасини йўқ қилишга розилик билдиради. Лекин кимёвий ҳужумлар бу билан тўхтаб қолмайди.
Урушнинг ўзи янада шафқатсиз тус олади. БМТ комиссияси можаронинг барча томонларини қотиллик, қийноқ ва зўрлаш каби уруш жиноятларини содир этишда айблайди.
2015 йилга келиб Асад ҳукумати мамлакатнинг катта қисмини қўлдан бой бериб, ҳалокат ёқасига келиб қолгандек кўринганди. Аммо Россиянинг ҳарбий аралашуви урушнинг боришини ўзгартириб, Асадга муҳим ҳудудларни қайтариб олиш имконини беради.
Ғазодаги уруш
Идлибда ўрнашган мухолифат кучлари ноябр ойи охирида чақмоқ тезлигидаги юриш бошлади
2018 ва 2020 йиллар оралиғида минтақавий ва халқаро келишувлар шундай вазиятни яратадики, унга кўра, ҳукумат кучлари Суриянинг катта қисмини назорат қилади, мухолифатчи кучлар ва курд отрядлари эса мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги ҳудудларни бўлиб олади.
Бу келишувлар Башар Асаднинг позициясини мустаҳкамлаб, аста-секинлик билан дипломатик аренага қайтишига имкон беради: 2023 йилда Сурия Араб давлатлари лигаси аъзолигига тикланади, араб мамлакатлари Дамашқдаги элчихоналарини қайтадан очади.
Сурияда иқтисодий вазият оғирлашиб борганига қарамай, Башар Асад ўз бошқарувининг учинчи ўн йиллигида энг оғир синовлардан ўтиб олгандек кўрина бошлайди.
Аммо 2023 йил 7 октябрида Ҳамаснинг Исроилга қилган кутилмаган ҳужуми Ғазода янги урушни бошлаб беради, кўп ўтмай Ливан, хусусан, Асаднинг яқин иттифоқчиси — «Ҳизбуллоҳ» бу урушга тортилади.
Исроил билан қуролли можаро «Ҳизбуллоҳ» учун оғир оқибатларга эга бўлади, гуруҳ кўплаб муҳим қўмондонлари, жумладан, ўттиз йиллик етакчиси, шайх Ҳасан Насруллоҳдан айрилади.
Ливанда сулҳ тузилган кунда эса Сурия шимолидаги «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги мухолифат кучлари кутилмаганда юриш бошлаб, бир неча кун ичида Суриянинг иккинчи энг йирик шаҳри — Ҳалабни эгаллаб олади.
Юриш кейинги кунларда ҳам жадал суръатларда давом этди ва исёнчилар мамлакат марказидаги муҳим шаҳарлар Ҳама ва Ҳомсни ўз назоратига олади, бунга параллел равишда Суриянинг жанубий ҳудудларида ҳам исён бошланиб, ҳукумат қўшинлари сиқиб чиқарилади.
Асаднинг муҳим иттифоқчилари бўлган Россия ва Эрон бу сафар унга ёрдам бера олмади. 8 декабр куни тонгда исёнчилар пойтахт Дамашққа кириб келди. Россия ТИВ Асад президентликдан истеъфо бериб, мамлакатни тарк этганини маълум қилди.
Якшанба куни кечқурун Россиядаги давлат агентликлари Кремлдаги манбага таяниб, Россия Суриянинг ағдарилган президентига сиёсий бошпана бергани, Асад ўз оила аъзолари билан Москвага етиб келгани ҳақида хабар тарқатди. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Башар Асаднинг яқин қариндоши осиб ўлдирилди
Қарзинг бўлмасин!
Фронтдаги вазият: Россия Украинанинг Донбассдаги муҳим бўлган қалъасини ўраб олмоқда
"Металлург" 2025 йил Суперлигада ўйнайди
Исёнчилар Дамашқ қамоқхонасида кутилмаган ҳолатга дуч келишди
Башар Асад оиласи билан Москвага қочиб келгани маълум бўлди
Майк Тайсон: “Йиғладим ва қасос олишга ваъда бердим”
Туркия Сурия мухолифатининг Асадни ағдариш режалари ҳақида 6 ой олдин билган