Фото: tvzvezda.ru
20 январ куни Жо Байден Оқ уйни тарк этди. 2020 йилда у Доналд Трампни мағлуб этиб, америкаликларга «нормал» ҳолатга қайтишни ваъда қилган эди, аммо унинг президентлиги ички ва ташқи сиёсатда ҳам бирдек беқарорликка айланди. Унинг ўзи эса Америка тарихидаги энг номуносиб президентлардан бири сифатида қаралмоқда.
Байденнинг тарафдорлари у иқтисодиётни тўлиқ ҳалокатдан сақлаб қолгани, Россия билан урушга йўл қўймагани ва Америка саноатини тиклашга пойдевор қўйганини таъкидлашмоқда. Бироқ кўплаб америкаликлар унинг бошқарувини муваффақиятсиз, деб баҳолашмоқда. Эҳтимол, Байденнинг асосий мероси — Доналд Трампнинг яна сайланиши бўлиши мумкин, дейилади «Meduza» нашрининг Байден президентлиги якунларини бўйича шарҳида.
Байден қандай президент бўлган эди?
Жо Байден ўзини ҳар доим етарли тарзда баҳоланмаган сиёсатчи дея ҳисоблаган. 1972 йилда 30 ёшли Байден кутилмаганда энг ёш сенаторлардан бирига айланганди. Ўша пайтда у Делавэрдан сайланган амалдаги республикачилар сенатори Калеб Боггсни мағлуб этади. Байден уни қариликда айблаганди — Боггс ўшанда 73 ёшда эди. Кейинги 36 йил давомида Байден етти марта ушбу лавозимга қайта сайланди ва энг нуфузли демократ сенаторлардан бирига айланди.
Ҳар бир сенатор президент бўлишни орзу қилади ва Байден ҳам бундан мустасно эмасди. Унинг биринчи президентлик кампанияси 1988 йилда можаро сабаб тезда якунланади: Байден Британия бош вазири Нил Киннок нутқидан парчаларни кўчиргани ошкор бўлади. 2008 йилда эса ундан ёшроқ Ҳиллари Клинтон ва Барак Обама ўзиб кетади. Праймеризда ғолиб бўлган Обама ўз жамоасига ёшроқ сиёсатчи образини мувозанатлаш учун оқ танли ва ўртачароқ сиёсатчини танлашга муҳтож эди — танлов Байденга тушади.
Обаманинг кўп йиллик маслаҳатчиси Дэвид Акселроднинг айтишича, Байденни вице-президент лавозимига танлашнинг устунликларидан бири унинг ёши эди. Обама лавозимини тарк этганида Байден 74 ёш бўларди — уни президентликка учинчи марта номзодини қўйишга жуда қари деб ҳисоблашган эди. Бироқ Байден 2016 йилда бу имкониятни жиддий кўриб чиққан, аммо Обама уни бундан қайтарган ва ўзининг собиқ рақиби Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлашни афзал кўрган. Шунингдек, 2015 йилда Байденнинг катта ўғли Бо саратондан вафот этгани вице-президент учун оғир зарба бўлган. Трамп ғалабасидан сўнг Байден сайловларда иштирок этмаганидан афсусланганини айтганди.
Тўрт йил ўтиб Байден президентлик кампаниясини бошлаганида, унинг муваффақиятига камдан кам одам ишонган. Сўровлардаги яхши натижаларга қарамай, Байден Айова штатида тўртинчи ва Ню Ҳэмпширдаги праймеризларда бешинчи ўринни олганди.
Журналистлар унинг кампаниясини барбод бўлган деб ҳисоблай бошлашганди, аммо Шимолий Каролинадаги яхши натижалар ва пойгадан чиққан номзодлар қўллаб-қувватлаши орқали Байден сўлчи сенатор Берни Сандерсни мағлуб этишга муваффақ бўлди. Вице-президентликка у Калифорниядан афроамерикалик Камала Ҳаррисни танлади, у дебатлар вақтида Байденни ирқчиликка қарши кураш ва мактабларни интеграция қилишга қарши бўлганликда ҳамда ирқчи сенаторлар билан дўстликда айблаганди.
Президентлик кампанияси коронавирус пандемияси авжига чиққан пайтда ўтказилди, бу вирус миллиондан ортиқ америкалик ҳаётига зомин бўлганди. Шунингдек, полиция зўравонлигига қарши Black Lives Matter ҳаракати намойишлари давом этаётганди. Байден шу фонга қарши Трамп президентлигининг тартибсизликлари ва жанжалларига барҳам бериш ҳамда Америкага «нормаллик»ни қайтаришни ваъда қилган. Бу тезис 2021 йил 6 январ куни Трампнинг тарафдорлари Байден ғалабасини тан олмасдан Капитолийда сайловчилар овозини ҳисоб-китоб қилишни бузишга уринишидан сўнг янада долзарб тус олган.
Байденнинг ишлари йиллар ўтиб ўз самарасини кўрсатади
Президентлик лавозимига киришгач, Байден аввало Трампнинг меросидан халос бўлишга киришди: АҚШни Париж иқлим келишувига ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига қайтарди, айрим мусулмон мамлакатлардан келган муҳожирларга АҚШга киришга қўйилган тақиқларни бекор қилди ва Мексика билан чегарада девор қуриш лойиҳасини тўхтатди. Байденнинг президентлиги учун дастлабки ойлардаги асосий қийинчиликлардан бири – коронавируснинг иккинчи тўлқини эди. Янги маъмурият вакциналар ва зарур тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кескин оширишга муваффақ бўлди. Биринчи йилда вакциналанган америкаликлар улуши 75 фоиздан ошди.
Бироқ Байден соғлиқни сақлаш соҳасида америкаликларнинг ишончини тиклай олмади. Ковид локдаунларининг зарурати ва вакцинация масалалари сиёсий маданият урушларига айланди, бу ерда демократлар мутахассислар ва илмий далилларга ишонишни талаб қилган бўлса, республикачилар мактабларни ёпишнинг салбий оқибатларини кўрсатиб, вакциналарга, шу жумладан, коронавирусга қарши вакциналарга шубҳа билан қарашни кучайтирди.
Ковид рецессиясидан АҚШни олиб чиқиш учун Байден «Build Back Better» («Яна яхшироқ қуриш») деб номланган кенг кўламли инвестиция режасини таклиф қилди, бу режа тезда «Байденомика» деб номланди. Унинг биринчи қисми — 1,9 трлн долларлик рағбатлантирувчи чоралар пакети бўлиб, аксарият америкаликларга пул тўлаш, ишсизлик нафақаларини ошириш, болалар нафақаси, турар жой ва болалар боғчалари учун субсидиялар, шунингдек, штатлар ва шаҳарлар бюджетлари учун трансферлар киритилди.
Режанинг иккинчи қисми доимий равишда етарлича сармоя ажратилмаган инфратузилмани молиялаштириш ва саноат сектори тикланишига қаратилган. Кўприклар, йўллар, аэропортларни таъмирлаш ва янгилаш, темирйўл транспортини ривожлантириш ва юқори тезликдаги интернет учун 1,2 трлн доллар ажратилди.
Партия ичидаги келишмовчиликлар Байденнинг қонунчилик кун тартибини секинлаштириб қўйди. 2022 йил ноябрида бўлиб ўтган Конгрессга оралиқ сайловларга қадар демократлар фақат солиқ тизимини қайта ислоҳ қилиш, яшил энергия ва транспортни субсидиялаш, пенсионерлар учун рецепт бўйича дори воситалари нархларини пасайтиришга оид катта қонун лойиҳасини қабул қилишга улгурди.
Байденнинг қонунчиликдаги сўнгги ютуғи — CHIPS Act бўлди. Бу илмий ишланмаларни ривожлантириш ва яримўтказгичлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун энг катта инвестиция пакети ҳисобланади.
Байден ҳали сайловгача талабалар кредитлари бўйича қарзларни 400 млрд долларгача ҳисобдан чиқаришга ваъда берган эди. 2023 йилда Олий суд бу дастурни тўхтатиб қўйганига қарамай, маъмурият қонун ҳужжатларидаги айрим имкониятлардан фойдаланиб, 5,3 млн америкаликнинг қарзидан қарийб 190 млрд долларни кечишга муваффақ бўлди.
Фақатгина оз сонли президентлар Байден маъмуриятининг қонунчилик соҳасидаги ютуқлари билан рақобатлаша олади. Бироқ уларнинг самараси фақат келажакда сезиларли бўлади ва америкаликлар уларни катта эҳтимол билан 46-президентга боғламайди.
Иқтисодиётни бюджет орқали рағбатлантиришнинг тескари томони — инфляция кескин ўсиши бўлди. 2022 йил июн ойида инфляция 9 фоизга етиб, 40 йиллик рекордни янгилади. Гарчи АҚШ инфляцияни бошқа ривожланган давлатларга нисбатан тезроқ жиловлай олган ва иқтисодиёт ўсиши бўйича етакчи бўлган бўлса-да, бундай натижаларни оддий америкаликларга етказиш қийин бўлди. Улар кўчмас мулк, бензин ва озиқ-овқат нархлари ўсиб бораётганини кўриб, норози бўлишди.
Ҳа, ишсизлик даражаси паст бўлди, маошлар эса сўнгги 20 йилдаги энг юқори суръатлар билан ўсди, айниқса камбағаллар ишлайдиган соҳаларда. Бироқ инфляция ўсиши Байден президентлиги давомида улардан кўпроқ бўлди. Иқтисодий муваффақиятлар ҳақидаги хабарлар оддий фуқароларнинг оилавий бюджетларида акс этмади, улар Трамп даврида иқтисодиёт яхшироқ эди, деб ҳисоблашди.
Ковид локдаунлари даврида АҚШда жиноятчилик кескин кўпайди. 2020 йилда, Байден президент бўлишидан аввал, бир йилдаги қотилликлар сони қарийб 29 фоизга ошди. 2021 йилда жиноятчилик ўсишда давом этди, аммо кейинги йилда пандемиядан аввалги кўрсаткичларга қайтди ва Байден президентлигининг иккинчи ярмида сезиларли равишда пасайди.
Танқидчилар жиноятчилик ўсишини Black Lives Matter норозилик намойишлари ва полиция харажатларини қисқартириш ташаббусларига боғлашди (гарчи Байден буни қўллаб-қувватламаган бўлса-да), шунингдек, буни демократлар раҳбарлик қилаётган шаҳарлар ва президентга боғлашди. Бироқ жиноятчилик пасайиши Байден маъмурияти ютуғи сифатида қайд этилмади.
Яна бир муҳим муаммо — Мексика билан чегара орқали ноқонуний мигрантлар сони рекорд даражада кўпайиши бўлди. Байден президентлиги давомида уч йил ичида чегарада 6,3 миллиондан ортиқ одам қўлга олинди. Улардан камида икки миллиони АҚШда қолишга ва паноҳ топиш учун аризаларни кўриб чиқиш жараёнини кутишга муваффақ бўлди. Бу жараён йиллаб давом этиши мумкин.
2023 йил декабр ойида кунига 10 минг киши чегарани кесиб ўтарди. Байден республикачилар билан миграция ислоҳоти бўйича келишишга уринди, аммо Трамп бунга қарши чиқишидан сўнг музокаралар тўхтатилди. 2024 йил январида Байден чегарани вақтинча ёпиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу чегарани кесиб ўтишга уринишларни кескин қисқартирди, аммо уни бу чорани аввалроқ қўллаш керак эди, деб танқид қилишди.
Байден ташқи сиёсатда изчил ҳааркат қилмади
Байден учун ташқи сиёсатдаги биринчи қийинчилик 2001 йилдан буён давом этаётган Афғонистон урушига якун ясаш бўлди. Америка қўшинларини олиб чиқиш шартлари ва муддати Трамп маъмурияти даврида «Толибон» билан олиб борилган музокараларда белгиланганди. Байден ҳарбий маслаҳатчиларнинг минтақадаги қўшинларнинг бир қисмини қолдириш ҳақидаги тавсияларига қарамай, ушбу шартларга тўлиқ риоя этишга қарор қилди.
2021 йил август ойида толиблар тез суръатда одимлаган паллаларда америкаликлар ҳарбийлар, фуқаролик ходимлари ва уларга ёрдам берган афғонларни эвакуация қилишни шошилинч тарзда бошлади. Икки ҳафта мобайнида мамлакатдан 122 мингга яқин одам олиб чиқилди.
Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан кейинроқ эвакуация жараёнини кечиктириш сабаби афғон ҳукуматидаги коллапсдан келиб чиққанини тан олди: «Ҳукумат биздан жуда тез ҳаракат қилмасликни сўради, чунки улар бу жанговар руҳият йўқолишига олиб келишидан хавотирланишган. Ортга назар ташлаб, айтиш мумкинки, бу ҳолат барибир содир бўлди».
Америка ҳарбийлари кетар чоғида учоқ шассисига осилган афғонлар ва аэропортга киришда рўй берган теракт тасвирлари бутун дунё бўйлаб тарқалди. Бу воқеаларда 13 америкалик ҳарбий ва маҳаллий аҳоли вакилларидан 170 га яқини ҳалок бўлди. Америкаликларнинг тартибсиз қочиши АҚШ обрўсига жиддий зарар етказди. Танқидчилар, жумладан, Доналд Трамп, айнан шу воқеа Россияни АҚШнинг заифлигига ишонтирган деб ҳисоблашади. 2021 йил кузига келиб, Америка ҳарбийлари Афғонистонни тўлиқ тарк этган пайтда Байденнинг рейтинги кескин пасайди ва шундан кейин ҳеч қачон 50 фоиздан ошмади.
2022 йил 24 февралда АҚШ Россиянинг Украинага кенг миқёсли босқини билан янги инқирозга дуч келди. Байден маъмурияти уруш бошланишидан бир неча ой олдин Россиянинг режаларини бузишга ҳаракат қилиб, Россия армиясининг ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди ва Хитой раҳбарияти орқали Кремлга босим ўтказди. Уруш бошланганидан кейин АҚШ НАТОдаги иттифоқчилари билан биргаликда Россияга нисбатан катта миқёсдаги тармоқли ва хусусий санкциялар жорий қилди. Украинага 100 миллиард доллардан ортиқ қийматда қурол ва молиявий ёрдам кўрсатилиши украин армиясига Россиянинг олдинга юришини тўхтатишга имкон берди.
Бир томондан, бу Байденнинг қатъияти ва АҚШнинг кучини намоён этди: Россия ўз мақсадларига эриша олмади, НАТО мамлакатлари бирлашди ва ҳарбий харажатларини оширди, шунингдек, Швеция ва Финландия нейтраллик сиёсатидан воз кечиб, алянсга қўшилди.
Шу билан бирга, Байденнинг Россия ва Украина бўйича олиб борган сиёсати кўплаб танқидларга учради. Баъзилар уни кескинликдан қўрқиб, турли қуролларни етказиб беришда сусткашликка йўл қўйгани, бу эса украин армиясининг жанговар қобилиятига салбий таъсир кўрсатганида айблашди. Бошқалар эса унинг маъмуриятини можародан чиқиш бўйича аниқ стратегия йўқлиги ва унинг олдини олишда лаёқатсизлик қилганликда айблади.
Сўров натижаларига кўра, 2024 йил декабр ойига келиб, америкаликларнинг кичик қисми (37 фоиз) АҚШ Украинага ортиқча ёрдам бермоқда деб ҳисоблаган. Қолганлар эса ёрдам етарлича (31 фоиз) ёки етарли даражада эмас (30 фоиз) деб таъкидлашган. Илк бор Украина ҳудудларини қайтаришни қўллаб-қувватлашдан кўра можарони тезроқ якунлашни қўллаб-қувватловчилар сони кўпчиликни ташкил этди.
Трампга бўлғуси музокаралар учун яхши пойдевор қолдирганига Байден маъмуриятининг ишончи комил. Аммо бу музокараларнинг келажакдаги истиқболи ҳозирча ноаниқ. Трампнинг атрофидагилар Украинага ёрдамни тўхтатиш янги президент учун Афғонистондан қочишга ўхшаш оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.
Байден учун яна бир жиддий синов – Яқин Шарқдаги можаро авж олиши бўлди. 2023 йил 7 октябрда Ҳамас аъзолари Исроилга ҳужум қилди. Ҳужум натижасида 1200 га яқин одам ҳалок бўлди ва 250 киши гаровга олинди. АҚШ зудлик билан Исроилни қўллаб-қувватлади ва Ғазо секторига қўшин киритиш қарорини маъқуллади. 2024 йил апрелда Конгресс Исроилга 17 млрд долларлик ҳарбий ёрдам ажратишни маъқуллади.
Бироқ можаро кучайиб бораркан, Исроил раҳбарияти Байден маъмурияти талабларига бўйсунмай қўйди. Исроиллик ҳарбийлар АҚШнинг тинч фуқаролар орасидаги қурбонлар сонини қисқартириш ва инсонпарварлик ёрдамни ўтказишни таъминлаш бўйича талабларини инобатга олмасдан ҳаракат қила бошлади.
Байден бутун фаолияти давомида қўллаб-қувватлаб келган Исроилга ёрдам бериш сиёсати ва инсоний мулоҳазалар ўртасидаги зиддият АҚШ сиёсатида жиддий номутаносиблик келтириб чиқарди. Бунинг рамзи сифатида АҚШ армияси томонидан Ғазо соҳилида гуманитар ёрдам етказиш учун мўлжалланган айланма пирс ўрнатилди, лекин у икки ойлик фаолиятдан сўнг бўрон натижасида йўқ бўлди.
Бу номутаносиблик АҚШ ичкарисида ҳам танқидларга учради. Республикачилар Байденни Исроилга қўйган талаблари ва йирик бомбаларни етказиб беришга қўйилган тақиқлари билан унинг ҳаракатларига тўсқинлик қилишда айблашди. Демократлар эса маъмурият фуқаролар орасидаги қурбонларни минималлаштириш учун етарлича ҳаракат қилмаётганини таъкидлашди. Ҳатто уларнинг айримлари президентни геноцидда иштирок этишда айблади. Бу зиддият АҚШ кўчаларида ҳам акс-садо берди. Талабаларнинг Фаластинни қўллаб-қувватлашга қаратилган оммавий намойишлари баъзи ҳолатларда полиция ва Исроил тарафдорлари билан тўқнашувларга айланиб кетди.
Байденнинг Оқ уйдан кетишига бир неча кун қолганда Исроил ва Ҳамас олти ҳафталик оташкесим бўйича келишувга эришди. Президентнинг таъкидлашича, бу келишув унинг жамоаси томонидан ишлаб чиқилган асосий шартлар туфайли амалга ошган. Аммо бу ютуқни Трамп ҳам ўз фойдасига ёзди. Кейинчалик музокара қатнашчилари бу жараёнда Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф асосий рол ўйнаганини таъкидлашди.
Иккинчи муддатга ҳаракат қилган Байден қолган обрўсидан ҳам айрилди
2020 йилги сайловолди кампанияси пайтида 78 ёшли Байден яқин маслаҳатчиларига фақат бир муддатга президент бўлишни режалаштиргани, шундан кейин ёшроқ сиёсий авлод учун «кўприк» бўлиш ниятида эканини айтган. Унинг маслаҳатчиларидан бири шундай деган: «Агар Байден президент бўлса, тўрт йил ичида унинг ёши 82 га етади ва у қайтадан номзодини қўймайди».
Бироқ, 2022 йилнинг ўзидаёқ, айрим демократлар Байденнинг иккинчи муддатга лойиқ эканига шубҳа билан қарай бошлади. Шунга қарамай, партиянинг Конгрессдаги оралиқ сайловларда қайд этган яхши натижалари Байденни руҳлантирди. У шундай хулосага келдики, сўров натижалари салбий бўлишига қарамай, америкаликлар унинг сиёсатига ҳали ҳам ишонч кўзи билан қарашмоқда. Бу эса унинг праймериздаги эҳтимолий рақиблари учун уни танқид қилиш имкониятини чеклади.
2022 йил охирига келиб, Байден иккинчи муддатга номзодини қўйиш ҳақида қатъий қарор қилди. Буни у расман 2023 йил апрелида эълон қилди. Байден бу қарор сабаби мамлакатдаги кўплаб инқирозларни ҳал қилиш зарурати ва сайловда Трамп ҳам сайловда иштирок этаётгани билан боғлиқлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, унинг ёши ва саломатлиги ўз таъсирини кўрсатди. Байден оммавий тадбирларда сўзидан адашиб, баъзан йўлини йўқотгандек кўринди. 2024 йил февралида махсус прокурор Роберт Ҳурр Байденнинг уйида махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш ҳолатини текшириб, унга айблов қўйишдан маъно йўқ, деб топди. Чунки ҳакамлар Байденни «яхши ниятли, лекин кексайган ва хотираси ёмонлашган» киши сифатида оқлаб юборишини тахмин қилди.
Шундан сўнг, президент матбуот анжуманида асабий чиқиш қилди, нутқида у Мексика ва Миср президентларининг исмларини адаштириб юборди. Демократлар ва Байденнинг маслаҳатчилари эса ҳар қандай танқидни кўрмасликка олар ва бу ҳолатлар унинг саломатлиги билан боғлиқ эмаслигини даъво қилишарди. У партиянинг сайловолди праймеризларида осонлик билан ғолиб чиқди, лекин у ерда ҳақиқий рақобатчи йўқ эди.
Байденнинг ҳолатига бўлган шубҳалар ёзги дебатларда Трамп билан бўлган баҳсда юзага чиқди. Президентнинг чиқиши жуда афтодаҳол алфозда бўлиб, унинг қадам ташлаши қийин, овози заиф эди. У рақиби сўзлаётганда, оғзини очиб, узоққа қараб турган ҳолда жуда ноқулай кўринишда эди. Дебатлардан сўнг ўтказилган кўпчилик сўровлар Трампнинг ғалабаси аниқ эканини кўрсатди.
Шундан сўнг матбуотда Байденнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида мақолалар чиқишни бошлади. Журналистлар АҚШ президенти охирги ойларда, айниқса хорижга сафарларда жуда тез толиқаётгани, кун давомида бор-йўғи олти соат — эрталаб соат 10:00 дан тушдан кейинги 16:00 гача ишлаганиини ёзишди. Президентнинг айрим вазифаларини миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан, маслаҳатчи Стивен Ричетти ва иқтисодий кенгаш раҳбари Лаэл Брейнард ўз зиммасига олган.
Байденнинг маслаҳатчилари уни демократ конгрессменлар ёки ўз ҳукумати аъзолари билан учрашувлардан максимал даражада чеклашга ҳаракат қилиб, уни ёмон хабарлардан узоқлаштириш учун ўзига хос «пилла қобиқ»қа жойлаштиришди.
Шу пайтда партиядошлар Байденга сайловлардан чекиниш талабини қўйиб, кампания бошлашди. Бир ой давомида конгрессменлар, матбуот ва сайловолди кампанияси ҳомийлари босимидан сўнг, Оқ уй таслим бўлди ва Байден иккинчи муддатга номзодини қўймаслигини эълон қилди.
Унинг ўрнига тезда вице-президент Камала Ҳаррис номзодини кўрсатишди. Байденнинг жамоаси уни жиддий қабул қилмас ва уни маъмурият ишларига жалб қилмасди.
Сайловларгача қолган 3,5 ой ичида у кампанияни қайтадан ташкил қилишга уриниб кўрди. Дебатлардаги муваффақиятли чиқишига қарамай, у ўз президентлиги Байденникидан нимаси билан фарқланишини кўрсата олмади. 5 ноябр куни Трамп нафақат айрим иккиланувчи штатларда ғалаба қозонди, балки сайловчиларнинг мутлақ кўпчилигининг овозларини қўлга киритган ҳолда АҚШнинг 47-президенти бўлди.
Байден ва унинг жамоаси ҳали ҳам воқеликни инкор қилиб турганга ўхшайди. Яқинда бўлиб ўтган интервюсида у агар сайловда қолганимда, Трампни мағлуб этган бўлардим, деб айтди. Унинг президентлик муддати эса яна бир бузилган ваъда билан якунланди: у қуролга ноқонуний эгалик қилгани ва солиқ тўламагани учун ҳукм қилинган ўғли Ҳантерни олдиндан афв этди. Байден ўғлига қарши иш сиёсийлаштирилганини таъкидлаб, кўп жиҳатдан Трампнинг ўзига қарши жиноий ишлар ҳақида айтган сўзларини такрорлади.
Америкаликлар Байденни АҚШ тарихидаги энг ёмон президентлардан бири деб ҳисоблашмоқда. Аммо келажакда бу баҳолар ўзгариши мумкин.
15 январ куни Жо Байден ўзининг хайрлашув нутқи билан чиқиш қилди. Унда Байден АҚШда олигархия шаклланиши хавфи борлигини таъкидлаб, сўнгги ойларда Трампнинг яқинлари орасига қўшилган Илон Маск ва Трамп маъмуриятида лавозим олган ўнлаб миллиардерларга шаъма қилди. Шунингдек, Байден ўз маъмуриятининг ютуқлари ҳақида сўзлаб берди: 17 миллион янги иш ўрни, кучли НАТО, «ҳамон озод» Украина, жиноятчилик даражасини ва дори-дармон нархларини тушириш.
Бироқ, америкаликлар унинг бу оптимизмини қўллаб-қувватламаётгандек кўринади. CNN сўровига кўра, фақат 36 фоиз америкаликлар Байденнинг президент сифатидаги фаолиятини маъқуллаган. Энг ёмон баҳоларни у миграция сиёсати, ташқи сиёсат ва иқтисодий ҳолат учун олди. Сўровда қатнашганларнинг 60 фоиздан ортиғи унинг президентлигини муваффақиятсиз деб ҳисоблайди — бундай паст баҳони фақат кичик Жорж Буш Оқ уйни тарк этаётганида олган эди. Уларнинг 19 фоизи президентнинг муваффақиятсизликларини ташқи омилларга боғласа, 42 фоизи бунинг сабаби Байденнинг ўзи, деб ҳисоблайди.
Байден ўзининг ягона президентлик муддатини 36,7 фоизлик рейтинг билан якунлади. Бу замонавий тарихдаги энг ёмон кўрсаткичлардан бири бўлиб, ҳатто Трампнинг импичмент ва Капитолийга ҳужумдан кейин Оқ уйни тарк этиш вақтидаги рейтингидан бир неча фоиз паст.
Келажакда америкаликлар Байденнинг президентлигига бўлган муносабатини ўзгартириши ҳам мумкин. Сўровлар кўрсатадики, вақт ўтиб мамлакатда собиқ президентларга бўлган муносабат яхшиланади. Аммо Байден билан боғлиқ ҳолатда бу ҳақда ҳали гапиришга эрта. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар