13:59 / 29.01.2025
759

Россиянинг иттифоқчиси бўлган Арманистон нега АҚШнинг стратегик ҳамкорига айланмоқда?

Россиянинг иттифоқчиси бўлган Арманистон нега АҚШнинг стратегик ҳамкорига айланмоқда?
2025 йилнинг 14 январида Арманистон АҚШ билан стратегик ҳамкорлик ҳақидаги хартияни имзолади. Шунингдек, бундан бироз олдин Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш ҳақида қонун лойиҳасини маъқуллади. Еревандагилар кейинги масала бўйича референдум ўтказилишини таъкидлашмоқда.

Шу билан бирга, КХШТдаги аъзолик тўхтатиб турилганига қарамай, мамлакат Москва учун муҳим савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда ва Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)дан чиқишни режалаштирмаяпти. Арманистон бош вазири Никол Пашинян Владимир Путин билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказади ва телефон орқали боғланиб туради. 2025 йил 21 январ куни ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Москвага ташриф буюрди.

Нега Ғарбга йўналган Арманистонга Россия барибир керак? «Медуза» шу саволларга жавоб излади.

Арманистон яқиндагина Россиянинг иттифоқчиси эди. Вазият нега ўзгарди?

Россия таъсир доирасига кирувчи давлатлар (айниқса, КХШТ ва ЕОИИ аъзолари) орасида Арманистон 2022 йилда Россия Украинага бостириб кирганда энг ноқулай вазиятда эди. Арманистон армияси КХШТ туфайли Москва билан чамбарчас боғланган бўлиб, Россиядан имтиёзли нархларда қурол-яроғ олиб турарди. Шунингдек, Арманистон экспортининг 48 фоизи ЕОИИ, биринчи навбатда Россия ва Беларус ҳиссасига тўғри келарди. Боз устига, Арманистон Россия газига кучли боғланиб қолган ва мамлакатнинг электр тармоқлари, темирйўллар ҳамда АЭС каби муҳим инфратузилмаси россияликлар қўлида ёки улар томонидан бошқариларди.

Шунингдек, Россия ўша пайтда Озарбойжон билан бўлган келишув кафолатчиси эди. Ушбу келишув туфайли Қорабоғдаги арманлар Россия тинчликпарвар кучлари ҳимоясида яшашда давом этарди. Украинадаги бомбардимонлар ва босиб олинган ҳудудлардаги воқеалар фонида россиялик ҳарбийлар мавжудлигидан хурсанд бўлиш ғалати туюларди. Аммо бу ҳақиқат эди — ҳатто «Дожд» телеканалига берилган интервюларда Қорабоғда яшаб турган арманлар «Россия мағлуб бўлса, биз ўз уйларимиздан айриламиз», деб айтишган.

Москва томонидан илгари сурилган Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тинчлик шартномаси лойиҳаси аввалига Ереван учун анча афзал кўринганди. Россия мантиғига кўра, тинчликпарвар кучлар Қорабоғда имкон қадар узоқ вақт — Днестрбўйидаги каби ўнлаб йиллар мобайнида қолса, шунчалик яхши эди. Буни асослаш учун келишувда ҳеч бўлмаганда бирор ноаниқ масала, масалан, Қорабоғнинг ҳал қилинмаган мақоми сақланиб қолиши лозим эди.

Бироқ Москва Украина уруши шароитида Озарбойжонга таъсир даражасини жуда паст баҳолади. Натижада, 2023 йил кузида Россия тинчликпарвар кучлари мавжудлигига қарамай, Озарбойжон Қорабоғ устидан тўлиқ назоратни тиклади. Бу эса Арманистон жамиятида Россиянинг позициясини бутунлай йўққа чиқарди.

Албатта, Россия Арманистон-Озарбойжон муносабатларини тартибга солишда ўз таъсирини сақлаб қолишга уринаётгани шубҳасиз. Бу ҳақда, масалан, 21 январ куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистон ташқи ишлар вазири билан музокаралардан кейинги матбуот анжуманида таъкидлади.

Аммо ҳақиқат шундаки, тинчлик шартномаси имзоланишида сўнгги қарор фақат бир давлатга — Озарбойжонга боғлиқ. Ҳозирда тарафлар ўртасида расмий дипломатик тан олиш ва тинчлик шартномаси йўқ. Аммо айнан Озарбойжон Арманистон олдига шартларни қўймоқда ва Ереван ҳозирча уларнинг фақат бир қисмини қабул қилмоқда.

Россия учун Бокуни ўз позициясини юмшатишга мажбурлаш эса, айниқса AZAL авиакомпанияси самолёти билан боғлиқ фожиадан сўнг имконсиз бўлиб турибди.

Арманистон Россиядан нечоғлик узоқлашган?

Аслида, Арманистон Россиянинг Жанубий Кавказдаги асосий иттифоқчилигидан АҚШнинг стратегик ҳамкори ва Европа Иттифоқига қўшилишни истовчи давлатга айланиш йўли унчалик узоқ эмас.

Биринчидан, Арманистон ҳар доим Ғарб билан алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилиб келган. Масалан, армия ва Канзас штати Миллий гвардияси ўртасидаги ҳамкорлик 20 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда. Шу вақт давомида мамлакатда «Зар» ўқув маркази ташкил этилди, унинг тадбирлари Россия давлат оммавий ахборот воситаларида кескин муҳокама қилинади.

Арманистон Сурияга Россия билан бирга ўз контингентини юборган ягона давлат бўлганига қарамай, Афғонистон, Ироқ, Косово ва Малида НАТО билан ҳам ҳамкорлик қилган. НАТО билан бундай ўзаро алоқалар АҚШ билан имзоланган хартияда Арманистоннинг муваффақияти сифатида қайд этилган.

Роберт Кочарян ва Серж Саргсян раҳбарлигидаги «Қорабоғ клани» Москва ғазабига дучор бўлиш ва Қорабоғ бўйича қўлловни йўқотишдан қўрқиб, Ғарб билан яқинлашишда эҳтиёткорлик қилган. Кавказ бўйича мутахассис Олеся Вартаняннинг сўзларига кўра, ғарб томон динамик яқинлашув Кремл томонидан жазога дучор бўлмаслиги – бугунги арман раҳбарияти учун янги имкониятларни кўрсатмоқда.

Иккинчидан, сиёсатчиларнинг ҳассос реакциялари ҳисобга олинмай, фақат фактларга назар ташланса, Арманистон Россиядан унчалик узоқлашмагани маълум бўлади. Мамлакатда Россия ҳарбий базаси ҳамон фаол ва мамлакат расмийлари унинг қолишини қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, Арманистонда «Мир» карталари орқали пул ечиш мумкин, гарчи айрим банклар Америка санкциялари таҳдиди туфайли ушбу тизимдан воз кечган бўлса ҳам.

Россия билан қуруқлик орқали чегара йўқлиги ва денгизга чиқиш ёпиқлиги ҳисобга олинса, Арманистон санкцияларни четлаб ўтишда Қозоғистон ёки Туркия каби логистик афзалликларга эга эмас. Аммо арманлар Россиянинг қимматбаҳо тошлари ва металлари савдосида ўз ўрнини топди. ЕОИИ орқали божсиз савдо имкониятлари туфайли ушбу товарлар ё қайта ишланиб ёки шундайлигича асосан БААга экспорт қилинмоқда. Шу сабабли, КХШТ билан де-факто алоқалар сусайган бўлса-да, Арманистон ҳукумати ЕОИИда фақат плюсларни кўрмоқда.

Арманистон КХШТдан чиқдими йўқми?

Никол Пашинян ўз мамлакатини энди КХШТ аъзоси сифатида кўрмаётгани ва ташкилотдаги фаолиятини аввалги даражада қайта тикламаслигини айтган. Шунга қарамай, Арманистон КХШТдан расман чиқиш ҳақида эълон қилганича йўқ — бу, эҳтимол, Москва билан муносабатларни янада ёмонлаштирмаслик мақсадида қилинган. Бундан кўра, мамлакат раҳбарияти КХШТдаги иштирокини «музлатди» ва унинг тадбирларига эътиборга бермаяпти: масалан, КХШТ доирасида ўтказилаётган машғулотлар ёки музокараларга Арманистон ўз вакилларини юбормаяпти.

Бундай ёндашув сабаблари — ташкилотнинг самарасизлигида. Бу бир қатор чақирувлар билан тасдиқланди. КХШТнинг асосий принципи НАТОникига ўхшаш: агар иттифоқдош давлатлардан бири ташқи агрессияга дуч келса, уни ҳимоя қилиш керак. Қорабоғ масаласида бу принцип қўлланмаган, чунки бу ҳолатда Арманистон ўзи халқаро ҳамжамият томонидан Озарбойжон ҳудуди деб тан олинган ерларни босиб олган эди.

2021 ва 2022 йилларда Озарбойжон қўшинлари қатор зиддиятларда Сюник вилоятидаги Арманистон ҳудудларини эгаллаганда, КХШТ бу ҳолатларга жавоб қайтаришдан бош тортган ва уларни «чегара ҳодисалари» деб атаган.

Арманистоннинг КХШТдан чиқиши масаласига жавоб бериш учун вазиятни яхшилаб ўрганиш керак. Олеси Вартаняннинг мақоласидаги қизиқарли бир тафсилот буни тушунтиришга ёрдам беради: 2022 йил феврал ойида арман расмийлари Ғарбдаги ҳамкорларига Россия билан алоқаларни тезроқ узиш истагини билдирган. Бироқ Ғарбда уларга бу масалада шошмасликни маслаҳат беришган. Чунки Россия кичик Арманистонни жазолашга қарор қилса, унинг заиф иқтисодиётини қайта тиклаш учун Европанинг ёки АҚШнинг етарлича ресурслари йўқ.

Фақат Россия эмас, балки Арманистоннинг жанубий қўшниси Эрон ҳам минтақада ташқи кучлар таъсири кучайишига қарши. Арманистон ва Эрон ўртасидаги савдо айланмаси катта бўлмаса-да, Эрон Россиядан ташқари Арманистонга нефт ва газ етказиб беришга қодир ягона давлатдир. Бунинг учун транспорт инфратузилмасини сезиларли даражада яхшилаш талаб этилади, шунингдек, Озарбойжон Зангезур йўлагини эгаллаб олишининг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Зангезур йўлагини очиш ғоясини қайта-қайта таъкидламоқда. У Арманистоннинг босимга нисбатан учрайдиган ҳар қандай қаршилигини танқид қилиб, яқинда шундай деди: «Зангезур йўлагини очиш керак ва очилади. Улар буни қанчалик тез тушунса, шунча яхшироқ. Биз бу вазиятда узоқ қололмаймиз. Нега биз Нахичивонга, Озарбойжоннинг ажралмас қисмига бошқа йўллар орқали боришимиз керак?»

Арманистон Россиядан узилиб, тўлиқ Ғарб томон бурила оладими?

Телекўрсатувларда айтилганидан қатъи назар, Арманистон Россиядан бутунлай узилиши ва фақат Ғарб томон йўналишига ўтиши амалда имконсиз. Ҳатто агар Озарбойжон билан можаро тугаса ва Ереван Озарбойжон газини сотиб олишни бошласа ҳам, бу уни янада ўз минтақасига боғлаб қўяди. Европанинг энергия манбаларига чиқиш учун Туркия орқали алоқа пайдо бўлиши мумкин, аммо Анқара ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун бу оқимни вақтинча тўхтатиб қўйишга қодир. Шунинг учун Россия Арманистон учун муҳим ҳамкорлигича қолаверади.

Шунга қарамай, Арманистон Россия томонидан босиб олиниш хавфидан холи, чунки умумий чегара йўқ. Бу Арманистонга айрим ўзига хос имкониятларни беради. Масалан, 2024 йилда Ереван Россия чегарачиларини Звартноц халқаро аэропорти ва Эрон билан чегарадаги «Агарак» назорат ўтказиш пунктидан чиқариб юборишга эришди.

Ғарб томон қадам ташлаётган Арманистон АҚШ билан Стратегик шериклик хартиясини имзолади. Бироқ, бу ҳарбий иттифоқ эмас, балки иқтисодий ва дипломатик қўллаб-қувватлаш шакли. Ҳужжатда Ереваннинг Америка технологиялари, дастурий таъминотга эга бўлиши, бозор ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш ва атом энергияси бўйича ҳамкорлик каби масалалар кўтарилган. Булар жуда муҳим масалалар бўлса-да, аммо янгиликлар сарлавҳасига чиқадиган даражада таъсирли эмас.

Масалан, Арманистондаги ягона Мецамор атом электр станцияси фаолияти 2036 йилгача узайтирилиши мумкин, аммо бу Россиянинг «Росатом» компанияси модернизациясига боғлиқ. Шу вақтгача Арманистон янги атом электр станциясини қуриши керак бўлади, ва эҳтимол, бу АҚШ компаниялари томонидан амалга оширилади. Бу йўналишда илк қадамлар қилинган — 2024 йил августда Ереван ва Вашингтон ядровий технологияларини мамлакатга ўтказишга имкон берадиган келишувни тайёрлаган.

Шу билан бирга, Арманистон Россиядан нефт ва газ етказилиши борасида боғлиқлигича қолаверади. На Европа Иттифоқи, на АҚШ бу масалани узил-кесил ҳал қила олади.

Ғарб Арманистонни урушда ҳимоя қилишга тайёрми?

АҚШ ва Арманистон ўртасидаги Стратегик шериклик хартиясида сиёсий масалалар унчалик таъсирли кўринмайди. Америкаликлар Ереваннинг Озарбойжон билан чегараларни делимитация қилиш ва транспорт алоқаларини тиклаш бўйича позициясини қўллаб-қувватлаган. Аммо бу, масалан, Озарбойжон Сюник вилоятини озарбойжонлик қочқинларни қайтариш баҳонасида босиб олишга ҳаракат қилса, АҚШ тўғридан тўғри ҳарбий ёрдам кўрсатади, дегани эмас.

Москва шу боисдан Арманистоннинг ишончини умуман йўқотиб қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Масалан, Сергей Лавров Москвада Арарат Мирзоян билан учрашувда Сюникда Россия консуллигини очиш масаласини кўтарган. Бундай консулликлар мавжудлиги Озарбойжонни куч ишлатишдан тийиб туриши мумкин. Шунингдек, Арманистоннинг Ғарбдаги асосий иттифоқчиси — Франция ҳам худди шу йўлдан боришни режалаштирган, Эрон эса бундай консулликни 2022 йилдаёқ очган.

Арманистон ҳукумати Евроиттифоққа аъзо бўлиш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллаб, мамлакат исталган вақтда интеграцияга тайёр эканини эълон қилган. Бироқ, бу, аслида, сайловолди ваъдалардир. 2026 йилдаги парламент сайловлари учун евроинтеграция масаласи ҳукуматнинг асосий ижобий дастурига айлантирилиши мумкин. Бунинг учун референдумни сайлов кунига мослаб ўтказиш эҳтимоли ҳам бор, бу тажриба яқинда Молдовада синовдан ўтди.

Шу билан бирга, Молдованинг ўз тажрибаси Евроиттифоққа аъзо бўлишда номзод мақомига эга бўлишнинг ўзи етарли эмаслигини кўрсатади. Арманистон эса ҳозирча бундай мақомга эга эмас. Москвадагилар ҳам бунга яхши тушунишади. Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук Ереваннинг Европа иттифоқига қўшилиш ҳаракатини «Титаник»га чипта сотиб олишга ўхшатди. Агар бу ҳаракат реал деб қаралса ҳам, унинг амалга ошиши ўнлаб йиллар кетади.

Ҳозирча Ғарб томон юз буриш Арманистонга Европа ва АҚШдан молиявий кўмак олишга ёрдам бермоқда. 2024 йил учун АҚШ томонидан 65 млн доллар, Евроиттифоқ томонидан 270 млн евро тўрт йил давомида тақдим қилинадиган грант кўринишида ажратилган. Шунингдек, Европанинг тинчлик жамғармасидан Украинага ёрдам сифатида тузилган фонддан 10 млн евро олинган.

Кремл Арманистоннинг Ғарб томон бурилишидан норози, аммо буни тўхтата олмайди. Россия учун ягона имконият — келаси йилги парламент сайловларига жиддий аралашиб, Пашинян тарафдорларининг кўпчилик ўринга эга бўлишининг олдини олишдир. Бу стратегиянинг «синовдан ўтказилгани»ни яқин вақтларда Молдова мисолида кузатиш мумкин — бу ерда Кремл европапараст президент Майя Санду ғалабасидан сўнг вазиятни қайта ўзгартишга ҳаракат қилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг