Ғолибаф АҚШга киноя қилди: блокада иш берадими?

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Багер Ғолибаф ижтимоий тармоқдаги саҳифасида АҚШга нисбатан кинояли баёнот билан чиқди. Унинг фикрлари қисқа вақт ичида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ғолибаф ўз постида АҚШ ҳудуди бўйлаб шартли равишда иккита девор қуриш мисолини келтиради. Унинг таъкидлашича, агар битта девор Нью-Йоркдан Ғарбий соҳилгача, яна бири эса Лос-Анжелесдан Шарқий соҳилгача қурилса, уларнинг умумий узунлиги 7 755 километрни ташкил этади.
Бироқ бу рақам ҳам Эроннинг умумий чегаралари узунлигидан қарийб 1 000 километрга қисқа эканини алоҳида урғулайди. Шу орқали у эҳтимолий блокада ёки босим чораларини истеҳзо билан баҳолаб, “блокадада омад тилайман” дея киноя қилади.
Шунингдек, у пост якунида АҚШ расмийларидан бири Пит Ҳегсетга мурожаат қилиб, километр ва мил ўртасидаги фарқни эслатиб ўтади: “1 км = 0,62 мил”.
Мазкур баёнот фонида АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескин риторика яна бир бор намоён бўлди. Таҳлилчиларга кўра, бундай чиқишлар икки давлат ўртасидаги сиёсий зиддият ва ўзаро танқидлар давом этаётганидан дарак беради.
