Непал ҳукумати Эверестга (8 849 м) ва баландлиги 8 минг метрдан ортиқ бўлган бошқа чўққиларга ёлғиз чиқишни тақиқлади. Бу ҳақда Тҳе Катҳманду Постга таяниб Дарё хабар берди.
Кўриб чиқилган қоидалар ёлғиз экспедицияларни тақиқлайди ва саккиз мингга метр баландликка чиқувчи ҳар икки алпинист учун гид тайинланишини талаб қилади. Бошқа чўққилар учун қоида ҳар бир гуруҳга камида битта гидни ёллашни талаб этади.
“Биз алпинистларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун гидларни мажбурий қилиб қўйдик, айниқса саккиз минг метрли баландликда. Алпинистнинг тажрибасидан қатъи назар, чўққиларга ёлғиз чиқиш даври тугади”, дейди Непал туризм департаменти бош директори Нараян Прасад Регми.
Эверестни забт этиш рухсатномаси учун тўлов ошди
1 сентябрдан бошлаб баҳор мавсумида (мартдан майгача) одатдаги жанубий йўналиш бўйича кўтариладиган хорижликлар учун тўлов киши бошига 11 минг доллардан 15 минг долларгача ошди. Куз мавсумида (сентябрь — ноябрь) нарх 5,5 минг доллардан 7,5 минг долларгача кўтарилди.
Қишки (декабрь–февраль) ва муссон (июнь–август) мавсумлари учун бир кишилик нарх 2,75 минг доллардан 3,75 минг долларгача ошди.
Расмийлар чиқиндиларни утилизация қилиш, баландликларда ишлайдиган непалликларнинг ижтимоий таъминоти ва давлат даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Алпинистлар юқори ҳудудлардаги ҳар қандай чиқиндиларни йиғиш ва уларни тушириш учун ўзлари билан биологик парчаланадиган пакетларни олиб юриши керак.
Янги қоидаларга кўра, алпинистларга туризм департаменти томонидан берилган рухсатномада кўрсатилмаган нарсаларни олиб юриш тақиқланади.
2024 йилги баҳор мавсумида чўққига кўтарилиш учун 421 та пуллик рухсатнома берилган. 600 га яқин алпинист, жумладан, 200 нафар хорижлик чўққига чиққан ва 2 мингга яқин киши базавий лагерга ташриф буюрган. Саккиз алпинист ҳалок бўлган. Умумий ҳисобда барча экспедициялар 100 тоннага яқин чиқинди ҳосил қилган.
Эверест дунёдаги энг баланд тоғ чўққиси бўлиб, денгиз сатҳидан 8 849 метр баландликда жойлашган. Бу шунчалик баландки, чўққига чиққан алпинистлар кислород ниқоблари ёрдамида нафас олади. Эверест Ҳимолай тоғларидаги бошқа баланд, қорли чўққилар орасида жойлашган бўлиб, унга олиб борадиган йўл қадимги Непал ва Тибет зиёратгоҳлари орқали ўтади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар