
Португалиялик таниқли дерматолог Андрей Малвестити инсон соғлиғини баҳолашда тирноқ ҳолати муҳим кўрсаткич эканини таъкидлади, деб хабар берди [Diario de Noticias]. Унинг сўзларига кўра, тирноқдаги ҳар қандай ўзгаришлар организмда кечаётган жиддий жараёнлардан, айниқса хавфли касалликлардан эрта огоҳлантириши мумкин.
Малвестити таъкидлаганидек, кўпинча одамлар тирноқдаги кичик ранг ўзгаришларига эътибор бермайди. Бироқ айнан шундай белгиллар баъзан саратон ёки қон айланиши тизимидаги бузилишлар каби оғир касалликларнинг дастлабки кўриниши бўлиши мумкин. Масалан, тирноқдаги оқ ёки бинафша доғлар одатда шикастланиш ёки майда қон томирларининг узилиши билан боғлиқ бўлади ва хавфли эмас.
Аммо агар тирноқда қора, жигарранг ёки кулранг тасмалар ёки доғлар пайдо бўлса, бу ҳолат албатта дерматолог кўригидан ўтиш учун жиддий сабаб ҳисобланади. Чунки бундай белгиллар айрим ҳолларда меланома – тери саратонининг илк босқичидан дарак бериши мумкин.
Шунингдек, тирноқ пластинкаси ажралиб чиқиши ёки енгилгина тозаланиши ҳам организмдаги муаммоларга ишора қилади. Бу ҳолат қўзиқорин инфекциялари, кимёвий моддалар таъсири ёки ҳатто иммун тизими билан боғлиқ аллергик реакцияларнинг натижаси бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Дерматологнинг сўзларига кўра, беморлар орасида энг кўп тарқалган шикоят — тирноқларнинг мўртлашиши, ярқироқлигини йўқотиши ва парчаланишидир. Бу кекса ёшда табиий жараён бўлиши мумкин, аммо баъзан қалқонсимон без фаолияти бузилиши, қон айланиши секинлашиши ёки темир танқислиги анемиясидан ҳам далолат бериши мумкин. Шунингдек, бундай ҳолатлар тошбақа касаллиги, диабет ёки атопик дерматит билан боғлиқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Малвестити инсонларга ўз тирноқларига мунтазам эътибор беришни, улардаги ҳар қандай ўзгаришни жиддий қабул қилишни тавсия этди. Унинг фикрича, эрта ташхис қўйиш соғлиқни сақлашнинг энг самарали усули бўлиб, тирноқлар бунда табиат томонидан берилган “табиий сигнал тизими”дек ишлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!