19:03 / 07.02.2025
144

Трамп Гренландияни куч билан тортиб олмоқчи(ми?)

Трамп Гренландияни куч билан тортиб олмоқчи(ми?)
Трамп Гренландия устидан назоратни қўлга киритмоқчи. У мазкур мақсадига эришиш учун ҳарбий кучни ишга солишга ҳам тайёр. Дания расмийлари бир неча бор Трампнинг оролни сотиб олиш бўйича таклифини рад этди ва шу билан бирга мудофаа харажатларини оширишга қарор қилди, деб хабар беради Дарё нашри.

Шу ўринда савол туғилади: Дания қуролли тўқнашувга тайёрми ёки йўқми? Гренландияликларнинг ўзи АҚШнинг ҳаракатлари борасида қандай фикрда?

Трампнинг бу мақсади аввалдан мавжуд

Трамп Гренландияни сотиб олмоқчи эканлигини биринчи марта айтаётгани йўқ. У аввалги президентлик муддатида ҳам бу мақсадини баён қилганди. Даниядан рад жавобини эшитиб, Трампнинг жаҳли чиққан.

“У қайсарлик билан ўзини гапида туриб олган. Менимча, Тампнинг мақсади жиддий ва потенциали ўта хавфли”, дея АҚШ президенти Дональд Трамп ва Дания бош вазири Метте Фредериксен ўртасидаги телефон суҳбатига изоҳ берган Financial Times манбаларидан бири.

Трамп ва Фредериксен ўртасидаги суҳбат 45 дақиқа давом этган. Financial Times суҳбатдошига кўра, суҳбат “жуда ёмон руҳда” ўтган. Таъкидланишича, Фредериксеннинг ҳарбий базалар ва тоғ-кон соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифларига қарамай, Трамп “тажовузкор оҳангда” гапирган.

Дания бош вазири идораси бу изоҳларга муносабат билдирар экан, “аноним манбалар томонидан берилган изоҳлар суҳбат талқинини тасдиқламайди”, деди. Аммо суҳбатдан кўп ўтмай Дания Гренландия мудофаасига сарфланадиган харажатларни оширишга қарор қилди. Аммо Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсеннинг сўзларига кўра, бу қарорнинг сўнгги воқеаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Фото: Google Images
Мудофаа харажатларининг оширилиши

Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсеннинг сўзларига кўра, Копенгаген кўп йиллардан бери мудофаа харажатларини қисқартириб келади. Гренландияни ҳимоя қилиш учун ҳарбий кемалар ва самолётлар қуриш ва сотиб олишга етарлича сармоя киритмаган. Энди расмийлар бу хатони тузатишни режалаштирмоқда.

Улар учта янги ҳарбий кемаларни сотиб олмоқчи, шунингдек, разведка учун чанага қўшилган итлардан иборат патрул бўлинмалари сонини кўпайтирмоқчи. Бундан ташқари, ҳукумат Арктика ва Шимолий Атлантикада кузатув ҳамда разведка тизимини ишлаб чиқиш, узоқ масофаларга учувчи иккита дрон аппарати харид қилиш учун 400 миллион доллар ажратди.

Бундан ташқари, 27 январь куни Копенгаген Гренландия ва Фарер ороллари билан янги мудофаа шартномасини имзолади. Арктикадаги ҳарбий иштирокни кучайтириш учун Дания 14,6 миллиард крона (2,1 миллиард доллар) ажратишини эълон қилди. Таққослаш учун, ўтган йили Дания ўзининг ўн йилга мўлжалланган мудофааси учун 26 миллиард доллар ёки йилига 2,6 миллиард доллар ажратган. Бу маблағнинг фақат бир қисми Арктикага сарфланиши режалаштирилган эди.

Бироқ, BBC хабарига кўра, мудофаани кучайтириш режаси анчадан бери муҳокама қилиниб келинмоқда ва уни АҚШ президентининг баёнотларига тўғридан тўғри жавоб сифатида қарамаслик керак.

Дания ўзини ҳимоя қила олмайди, шунинг учун Европа давлатларидан ёрдам олмоқчи

Мудофаа харажатларини ошириш Дания расмийлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлардан бири холос. Бундан ташқари, улар ташқи ёрдам олишга ҳаракат қилмоқдалар. 28 январь куни бош вазир Фредериксен бир кунда Европанинг учта давлатига ташриф буюрди ва у ердаги чиқишлари чоғида “ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулиятни зиммасига оладиган кучлироқ ва қатъиятлироқ Европа” ҳақида гапирди.

Фото: Google Images
Европа расмийлари Дания бош вазирини қўллаб-қувватлади. Германия канцлери Олаф Шольц “чегараларни куч билан ўзгартириб бўлмаслиги” ва “бутун Европа бунга қарши бирлашиши”ни таъкидлади. Франция президенти Эммануэл Макрон "Европадаги ҳамма энди АҚШ билан ҳамкорлик бошқача бўлишини тушунгани”ни таъкидлади.

НАТО бош котиби Марк Рютте, ўз навбатида, альянс аъзолари Арктикада мудофаани кучайтиришга ҳаракат қилишлари кераклигини тасдиқлади. Энг баландпарвоз баёнотни австриялик генерал ва Европа иттифоқи ҳарбий қўмитаси раиси Роберт Бригер айтди. У Европқ иттифоқи қўшинларини Гренландияга юбориш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Метте Фредериксен 3 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Гренландия “мамлакат ҳудудининг бир қисми эканлигини ва сотилмаслигини” яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, у европалик ҳамкорларни Трамп оролни эгаллаш билан таҳдид қилишда давом этса, уни қатъий рад этишга чақирди.

Бироқ, қатъий позицияга қарамай, Дания расмийлари Қўшма Штатлар билан очиқ қарама-қаршиликка киришни хоҳламаяпти. Financial Times нашрига кўра, улар Европа иттифоқи ва НАТО иттифоқчиларидан бу масалада вазминлик кўрсатишни сўради.

Сабаби оддий: Даниянинг TV2 телеканалида Дания халқаро муносабатлар институтининг катта илмий ходими Улрик Прам Гад таъкидлаганидек, Дания Гренландияни ҳимоя қилишга қодир эмас.

Дипломатик даражада Вашингтон ва Копенгаген мулоқотни давом эттирмоқда. 24 январь куни Дания ташқи ишлар вазири Ларс Локке Расмуссен АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан учрашди: расмийлар икки давлат ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамлигича қолаётганини тасдиқлади. Бир ҳафта ўтгач, Рубионинг интервьюсини шарҳлар экан, Расмуссен “Американинг баъзи манфаатлари аслида биздаги манфаатлар билан мос келади”, деб таъкидлади.

Гренландияликларнинг ўзлари можаро ҳақида қандай фикрда?

АҚШнинг янги штатига айланиш истиқболи гренландияликларни у қадар ҳовлиқтирмаяпти: аҳолининг 85 фоизи бунга қарши, 55 фоизи эса Дания фуқаролигини сақлаб қолишни афзал кўради. Шу билан бирга, респондентларнинг 45 фоизи Трампнинг оролга бўлган қизиқиши янги имкониятларни очиб бериши мумкин, деб ҳисобласа, 43 фоизи буни таҳдид деб билади.

Фото: Google Images
Маҳаллий ҳокимият вакиллари бу қарашларга қулоқ солмоқда: Гренландия бош вазири Муте Эгеде ҳамкорлик қилишга тайёрлигини, аммо АҚШга қўшилмаслигини маълум қилди. Орол аҳолисини хотиржам ва бирдам бўлишга чақирди. Шунингдек, Гренландиянинг асосий мақсади тўлиқ мустақилликка эришиш эканини қўшимча қилди. Мухолифатдаги “Сиумит” социалистик партияси ҳам унинг фикрига қўшилди.

Бироқ маҳаллий ҳокимият органларининг ҳаракатларига шубҳа билан қарайдиганлар ҳам бор. Гренландия муниципалитетлари ассоциациясининг собиқ директори Марта Лабансеннинг айтишича, ҳукуматнинг мавжуд вазият ва хавф-хатарлар ҳақида очиқ гапиришни истамаслиги “демократик мамлакат учун шармандалик”. Илгари Гренландияда юқори лавозимларни эгаллаган Кай Клеистнинг таъкидлашича, Эгеденинг позицияси “охир-оқибат оролни назорат қиладиган аҳоли ўртасида тушунмовчиликни келтириб чиқаради”.

Шу билан бирга, ҳукмрон коалициянинг ўзагини ташкил этувчи “Халқ ҳамжамияти” партияси асосчиси Аккалук Линге тушунтирганидек, маҳаллий ҳокимият органларининг эҳтиёткорлигини тушуниш мумкин, чунки Гренландия раҳбари ҳеч қачон “мамлакатнинг мавжудлиги хавф остида бўлган” вазиятга тушиб қолмаган.

Эгеде ва унинг коалицияси кескин ҳаракатлардан қочмоқда, чунки икки ойдан кейин Гренландияда парламент сайловлари ўтказилиши керак. Ташқи аралашувга йўл қўймаслик учун 3 февраль куни ҳукумат парламентга кўриб чиқиш учун махсус қонун лойиҳасини тақдим этди. У сиёсий партияларга “хорижий ёки аноним донорлардан бадалларни қабул қилишни” тақиқлайди ва шахсий хайрияларнинг умумий миқдорини 200 минг Дания кронасигача чеклайди.

Айни пайтда Гренландия матбуоти хавотирга тушаётган ўқувчиларни тинчлантиришга ҳаракат қилмоқда. “Бундай пайтларда ўзингизни хотиржам сақлаш жуда муҳим. Чуқур нафас олинг ва ёмон сценарийлар ҳақида ўйламанг”, дейди психолог Ниина Исаксен маҳаллий нашрга берган интервьюсида.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг