![Дания разведкаси: Россия 5 йил ичида Европада катта уруш бошлаши мумкин](/uploads/posts/2025-02/eaecaccdf6_271767172_06530721601_1240x0_80_0_0_2b044a39ce1b0aded80c113c43c50cdf.webp)
Дания ҳарбий разведка хизмати (ДДИС) яқин 5 йил ичида Европада “кенг кўламли уруш” хавфи ҳақида огоҳлантирувчи ҳисобот тайёрлади. Бу ҳақда Politico'га таянган ҳолда Дарё хабар берди.
Разведка прогнозига кўра, Россия НАТОни ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий жиҳатдан заиф деб ҳисоблаб, альянснинг бир ёки бир нечта давлатига қарши куч ишлатиши мумкин. Бунда АҚШнинг ролига алоҳида эътибор қаратилган.
“Агар Россия АҚШ ҳужум содир бўлган тақдирда Европа иттифоқчиларини қўллаб-қувватлай олмайди ёки хоҳламайди деган хулосага келса, ҳарбий можаро эҳтимоли ортади”, дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, Москва НАТО билан эҳтимолий қарама-қаршиликка тайёргарлик кўриш учун фаол равишда ҳарбий салоҳиятини ошираётгани таъкидланган. Ҳужжатда можаро тўхтатилса ёки музлатилса, воқеалар ривожининг учта эҳтимолий сценарийси кўриб чиқилади. Барча вариантлар Россия бир вақтнинг ўзида бир нечта давлатларга қарши уруш олиб боришга қодир эмаслигини кўрсатади.
Россия томонидан ҳақиқий ҳарбий таҳдид Украинадаги урушнинг ривожланишига ҳам боғлиқ, деб ҳисоблайди Дания разведкаси.
Ҳужум бўйича учта сценарий
Ҳисобот муаллифлари ҳужум сценарийсини қуйидагича баҳоланмоқда:
- Украинадаги уруш тугагандан сўнг, Россия номи ошкор этилмаган “қўшни давлат” билан маҳаллий қуролли тўқнашувни бошлаши мумкин;
- Тахминан 2 йилдан сўнг НАТОнинг бир ёки бир нечта давлатлари учун ҳақиқий таҳдид туғдиради ва шу тариқа Болтиқбўйи мамлакатларининг бир нечтасига қарши урушга тайёр бўлади;
- Россия 5 йилдан кейин эса АҚШнинг иштирокисиз Европа қитъасида кенг кўламли уруш олиб боришга қодир бўлиши мумкин”.
Ҳисоботда НАТО мамлакатларининг мудофаа салоҳияти кучайиши мумкинлиги инобатга олинмаган.
АҚШ НАТОнинг ҳарбий харажатларини оширишга чақирмоқда
Дональд Трамп НАТО давлатларининг ҳарбий харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 5 фоизигача оширишни талаб қилмоқда. Ҳозирда эришилган келишувларга кўра, блокга аъзо давлатлар мудофаа учун ЯИМнинг камида 2 фоизини ажратиши керак, аммо 2024 йил охирида бу талабни альянснинг 32 давлатидан атиги 23 таси бажарган.
Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати давомида агар Европа давлатлари мудофаа харажатларини оширмаса, АҚШнинг НАТОдан чиқиши билан бир неча бор таҳдид қилган. 2024 йилги сайловлардаги ғалабадан сўнг у Вашингтоннинг альянсдан чиқиш имкониятини яна бир бор тан олди. Бироқ агар европалик ҳамкорлар “ҳисобларни тўлашни” бошласа, бунинг олдини олиш мумкинлигини таъкидлади.
Январь ойида Reuters агентлиги манбаларга таяниб, НАТО давлатлари мудофаа харажатларини ошириш зарурлигига рози экани, бироқ ЯИМнинг 5 фоизи миқдоридаги кўрсаткични ортиқча деб ҳисоблашини маълум қилганди.
Муқобил вариант сифатида харажатларнинг минимал даражасини ЯИМнинг 3 фоизигача ошириш варианти кўрилган.
“Бироқ ҳатто бундай қадам ҳам альянснинг кўплаб аъзолари учун жиддий синов бўлади, улар ҳозирги 2 фоизлик чегара даражасига етишга қийналмоқда”, дейилади хабарда.
Бу борадаги якуний қарор НАТОнинг июнь ойида Гаагада бўлиб ўтадиган саммитида қабул қилиниши керак. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар