
Туркия ғор ва ғор кезувчилар учун идеал маскан бўлиб, мамлакат бўйлаб қарийб 40 000 ғор мавжуд. Ушбу ажойиб геологик тузилмаларнинг ер ости кўллари, сталактитлари ва сталагмитларини ўрганиш энг ҳаяжонли саргузаштлардан биридир. Бу сирли ер ости оламига кирганингизда, ўзингизни фантастик фильмлардагидек ҳис қилмаслик мумкин эмас.
Дамлаташ ғори: Сталактитларнинг ажойиб дунёси
Туркиядаги ғор туризми ҳақида гапирилганда, шубҳасиз, хаёлга келадиган илк ғор Анталиянинг Аланя туманидаги Дамлаташ ғоридир. Ғор пастига кириш жойидаги 50 метрлик йўлакдан ўтиб, цилиндрсимон ковак орқали тушиш мумкин.

Ғор ажабтовур сталактитлари билан бир қаторда, нафас йўллари касалликларидан азият чекадиганлар учун фойдали бўлган ҳавоси билан ҳам машҳур. Aстма билан оғриган беморлар 21 кунлик муолажалардан ўтадилар ва ҳар куни шифокор назорати остида маълум вақт давомида ғорда ўтиришади.
Баллижа ғори: шифобахш геологик мерос
Токатдаги Баллижа ғори 3,5 миллион йиллик тарихга эга. Ғорнинг геологик ландшафти глобал миқёсда камёб бўлиб, унда сталактитлар, сталагмитлар ва устунлар, парда травертинлари, ғор марваридлари ва ноёб пиёз сталактитлари мавжуд. Ўрганилмаган қисмлари туфайли сирли бўлиб қолаётган ушбу ғорда ҳозиргача аниқланган саккизта зал мавжуд.

Ғорнинг зиёратчилар учун очиқ бўлган қисмларини ўрганиш ҳар қадамда ҳайратга ва ҳаяжонга соладиган саёҳатга чиқишга ўхшайди. 2019 йилда ёрқин рангли калцит бирикмалари туфайли ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси вақтинчалик рўйхатига киритилган ғор чанг ва гулчанглардан холи ионлашган ҳавоси туфайли астма ва нафас қисилиши билан оғриган беморларни даволаш маркази вазифасини ўтайди.
Олтинбешик ғори: энг катта ер ости кўли
Туркия Ривиерасининг юраги бўлган Анталия саргузаштсеварлар орзусидаги машҳур манзил бўлиб, у ерда инсоният тарихининг изларини ўзида мужассам этган катта-кичик ғорлар жуда кўп. Урунлу қишлоғидаги Олтинбешик ғори ҳудуддаги биринчи дунёга машҳур ғордир. Табиат мўъжизаси саналган ушбу ғор ўзига хос уч қаватли тузилишга эга бўлиб, Туркиянинг энг катта ва дунёдаги учинчи энг катта ер ости кўлини ўз ичига олади.

Кўлдаги қайиқ саёҳатлари қарағай ўрмонлари ўртасидаги воҳага ўхшаб кўринадиган ғорга кириш имконини беради. Ушбу қаватнинг охирида 44 метрли вертикал травертин тузилмаларининг ҳайратланарли манзараси лол қолдириши турган гап.
Караин ғори: Палеолит ҳаётининг маркази
Анталия вилоятида жойлашган Караин мамлакатнинг энг муҳим табиий ғорларидан бири ва Палеолит даври топилмалари билан машҳур археологик манзилдир. Қолаверса, Караин палеолитдан Рим давригача бўлган даврларда яшаган одамларнинг ҳаёт тарзига оид топилмалар сақланадиган Туркиядаги энг катта ғор саналади. Маълум бўлишича, ғорда топилган қолдиқларнинг баъзиларини Онадўлида энг қадимги инсонлар томонидан яратилган санъат асарлари ташкил этади. Караин ғори ҳам ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Каража ғори: Гумушҳаненинг ер ости саройи
Каража ғори Туркиянинг Шарқий Қораденгиз минтақасидаги энг гўзал шаҳар бўлмиш Гумушҳанеда жойлашган. Ғорда мафтункор сталактитлар, сталагмитлар, пиктограмма деворлари, девор травертинлари, ғор гуллари, ғор марваридлари, фил қулоқлари, травертин ҳовузлари ва ранг-баранг ғор атиргуллари мавжуд.

Ушбу қазилма ғор тўртта алоҳида эллиптик залнинг бир-бирига боғланиши натижасида ҳосил бўлган. Бу заллардан иккитаси вақт ўтиши билан сув оқиши натижасида ҳосил бўлган девор томчилари билан бўлинган ва залларнинг умумий сони олтитага етган.
Дупниса: Тракянинг машҳур ғор тизими
Дупниса ғори Киркларели вилоятининг Демиркўй туманидаги яширин хазина ҳисобланади. Тракядаги биринчи ва ягона туристик ғор бўлган Дупниса ҳар йили ўн минглаб зиёратчиларни қабул қилади. Тахминан тўрт миллион йил давомида ривожланаётган тузилманинг юқори қисми Куру ва Қиз ғорларини ўз ичига олади, ташриф буюрувчилар эса пастки қаватда Сулу ғорида кутиб олинади.

Дупниса оқ рангдан қизил ва жигарранггача бўлган турли хил рангларга эга ва ҳайратомуз сталактитлар, сталагмитлар, устунлар, пардалар, байроқ тошлари ва улкан ўлчамларга эга бўлган тош ҳовузларни ўз ичига олади. Ғорда 11 хил кўршапалак турлари яшайди ва баъзи ҳудудлар кўршапалакларнинг кўпайиши учун 15 ноябрдан 15 майгача зиёратчилар учун ёпиқ бўлади.
Манба: Xabar.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар