
2022 йил 24 феврал куни эрталаб соат 4 ларда Россия армияси Украина ҳудудига ҳужум бошлаганди. Юриш бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда: жануб, шарқ ва шимолдан олиб борилади. Бироқ, айнан жанубда, украинлар Қримнинг тор бўйинларини ушлаб туриш осонроқ бўлиб туюлган жойда, Россия ҳужуми энг катта муваффақиятга эришади. Нима учун бундай бўлгани ҳалигача маълум эмас.
Қрим ҳудудидан босқин бошланганидан бир неча соат ўтгач, Россия ҳарбий колонналари Херсон ва Нова Каховкага етиб боришга, яъни 60-80 км ичкарига киришга муваффақ бўлади.
Россия армиясининг Қрим орқали кирган бўлинмаларининг бир қисми бунга параллел равишда шарққа ҳужумни ривожлантиради, бу йўналишда 2022 йил феврал ойи охири – март ойи бошида Бердянск, Мелитопол, Энергодар каби йирик шаҳарлар ва улар яқинидаги Запорижжя атом электр станциясини эгаллаб олишга муваффақ бўлади. Кейин Мариуполни узоқ ва қонли қамал қилиш бошланади, бу шаҳар фақат май ойи ўрталарига бориб эгалланади.
Уч йиллик кенг кўламли урушдан сўнг, Украина жанубидаги ҳудудий истилолар Кремлнинг энг катта ютуғи ва бу можаронинг энг сирли саҳифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Жанубда нега муваффақиятсизликка учралганди, деган саволга Украинанинг на сиёсий, на ҳарбий раҳбарияти тўлиқ жавоб бера олади. Бу эса афсона ва тахминларни келтириб чиқаради. BBC украин хизмати шарҳловчиси Олег Черниш 2022 йилда Украина жанубида содир бўлган воқеалар ҳақида тўртта асосий саволни ажратиб олди ва уларга жавоб беришга ҳаракат қилди.
Қримдаги кўприклар миналаштирилганмиди?
Яриморолни Украинанинг материкдаги қисми билан боғловчи Қрим бўйинларида Арманскдан Перекоп орқали Чаплинка ва Каланчакка олиб борадиган атиги иккита автомобил йўли ва бешта асосий кўприк ўтиш жойи мавжуд.
Гап бевосита Чўнғардаги эски ва янги автомобил кўприклари, Сиваш дарёсининг ғарброғидаги тўғондаги темирйўл кесишмаси, шунингдек, Арабат стрилка орқали Геническ томон автомобил ва эски темирйўл кўприкларининг икки оралиқ ёпмаси (пролет) ҳақида бормоқда.
Шунингдек, Сиваш кўлининг саёз кўрфазига кирадиган кўллар ҳудудидаги яна бир нечта мустаҳкам тўғонлар мавжуд.

Украина ҳарбий қўмондонлиги таъкидлашича, босқин арафасида бешта кўприкнинг барчаси миналаштирилганди, Каланчак ва Чаплинка йўлида эса мина майдонлари 2014 йилдаёқ тайёрланган.
Украина қуролли кучлари Бирлашган кучлари собиқ қўмондони Сергей Наевнинг сўзларига кўра (у бу лавозимни 2020 йил мартидан 2024 йил февралигача эгаллаган, ҳозирда фронтдаги тактик гуруҳ қўмондони), кўприклар устма-уст зарядлаш усули билан миналаштирилган, яъни портловчи моддалар ер юзасига ўрнатилган, қуруқликдаги ҳудудларга эса тахминан 1500 та мина қўйилган.
Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, кенг кўламли ҳарбий тажовуз шароитида бу миқдордаги миналар етарли эмас эди.
«Умуман олганда, тажовузни қайтариш учун... у ерда 200 мингдан ортиқ мина бўлиши керак эди», — деди генерал 2025 йил 10 февралда «Украинская правда»га берган интервюсида.
Кўприклар ва Перекоп бўйнидан ташқари, Сиваш кўрфазидаги кўплаб кўтарма тўғонлар ҳам миналаштирилган, дейди BBC мухбирига 2017-2020 йилларда Қрим билан чегарада бир неча бор жанговар навбатчилик қилган денгиз пиёдалари баталёни собиқ жангчиси Леонид Гуданич.
Унинг айтишича, бу ҳудудда мудофаа позициялари, кузатув постлари тайёрланган, портловчи тўсиқларнинг созлиги, биринчи навбатда, бўлинмаларни ротация қилиш пайтида доимий равишда текширилган.
«Яъни, сиз объектни қабул қилганингизда, дарҳол портловчи моддалар ўрнатилганлиги, кабеллар бутунлигини текширасиз, чунки энди бу сизнинг масъулиятингизда бўлади», —деб тушунтиради собиқ денгиз пиёдаси.
У фақат бир марта миналаштириш билан боғлиқ муаммо аниқланганини эслайди. Бу Лемури кўли ва бевосита Сиваш қўлтиғини ажратиб турадиган Кутаран тўғонида бўлганди.

«Белкуракни олиб, портловчи моддалар солинган қутиларни ковлашга кетдик. Баъзи қутилар бўш бўлиб чиқди, баъзиларида портловчи модданинг ярми етишмади», — дейди у.
Зарур миқдордаги портловчи моддалар қайта тикланиб, ҳодиса ҳақида Украина хавфсизлик хизматига хабар берилган.
Гуданич Россия диверсия гуруҳлари Қрим билан чегарадаги портловчи тўсиқларга зарар етказишга уринган бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди, аммо кўп нарса Қрим бўйинларида хизмат қилган Украина бўлинмаларининг профессионаллиги ва ҳушёрлигига боғлиқлигини таъкидлайди.
«Аксилтеррор амалиёт (АТО) билан таққослаганда, Қрим яқинидаги жанговар навбатчилик — дам олишга ўхшарди. Барча бўлинмалар ушбу участкада хизмат қилаётганда ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашганмикин?» — дея риторик тарзда сўрайди собиқ денгизчи.
Нега барча кўприклар портлатилмади?
«Агар (Қримдан) ўтиш йўллари бузилиб, дастлабки соатлар бироз бошқача ривожланганида, Россия армияси бундай тезликда ҳаракатлана олмаслиги аниқ эди. Бу аксиома», — дея таъкидлаганди Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов 2023 йил августида.
Агар Қримдаги кўприклар, тўғонлар ва ўтиш жойлари миналаштирилган бўлса, нега улар портлатилмади?
Генерал Сергей Наевнинг ишонтиришича, у 2022 йил 23 февралда барча портловчи тўсиқларни тайёрлаш бўйича биринчи рақамли буйруқни берган ва аслида уларнинг баъзилари Россия ҳужуми пайтида портлатилган.
Унинг айтишича, Чўнғардаги темирйўл кўприги ва Арабат йўналишидаги автомобил кўприги портлатилган.
Украина қаҳрамони Виталий Скакун ўз жонини қурбон қилиб, Арабатдаги кўприкни портлатиб юборганди.
Унинг сафдошлари эслашича, украин жангчилари 24 феврал куни эрталаб портлатиш буйруғидан сўнг Геническ яқинидаги кўприкларга кумулятив зарядлар (ҳар бирида — тахминан бир тонна портловчи модда) бўлган иккита тиркамани етказишга муваффақ бўлган.
«Биз ҳаммасини уладик, портлашни босяпмиз, лекин у портламаяпти. Биз иккинчи, учинчи марта уриниб кўрдик — ҳеч нарса чиқмади», — деб эслайди денгиз пиёдалари жангчиси, Виталий Скакун билан бирга хизмат қилган Олександр Ткач 2024 йил феврал ойида берган интервюсида.

Улар симларни текшириб кўришади, яна ва яна уриниб кўришади, лекин портлаш содир бўлмади. Шунда Виталий Сакун портлатиш мосламасини қўлига олиб, кўприкка қараб югуради. Бир дақиқадан сўнг портлаш рўй беради, жангчи ҳам ҳалок бўлади.
Кейинроқ маълум бўлишича, портлаш оқибатида кўприкнинг фақат ярми вайрон бўлган. Бу русларнинг ҳужумини кечиктиради, аммо тўхтата олмайди.
Чўнғардаги темирйўл кўприги портлаши тўғрисида эса яқинда Наев айтган гаплардан бошқа ҳеч нарса маълум эмас.
Чўнғар яриморолидаги кўприкларни портлатиши керак бўлган денгиз пиёдалари баталёни аскари Иван Сестриватовский 2023 йил июл ойида биринчи марта журналистлар билан суҳбатлашиб, портлашни амалга оширишга уч марта урингани, симларни улаб, қайта улагани, аммо портлаш содир бўлмаганини айтганди.
«Мен сапёр эмасман, лекин бу ерда иккита вариант бор. Ёки диверсия гуруҳи туширилган ёки миномётдан ўққа тутиш оқибатида симлар шикастланган», — деганди ўшанда жангчи.
Чаплинка ва Каланчак трассалари яқинидаги мина майдонлари ҳам иш бермайди.
«Жануб» оператив қўмондонлиги собиқ қўмондони Андрей Соколов (2021-22 йилларда — «Жануб» мудофаа қўшинлари қўмондони, ҳозирда — тактик гуруҳ қўмондони) 2023 йилдаёқ россияликлар артиллерия зарбалари билан бу майдонларни миналардан тозалай олганини, Украина қуролли кучлари эса душман ҳужумидан олдин тўғридан-тўғри бўйиндаги автомобил йўлларини миналаштириш буйруғини олмаганини тахмин қилган.

Россия ҳарбий колоннаси Чўнғардаги маъмурий чегарани қаршиликсиз кесиб ўтмоқда. 2022 йил 24 феврал тонги
Фото: State Border Guard Service of Ukraine
Украиналик ҳарбий мухбир Юрий Бутусовнинг айтишича, портлаш Арабат стрелкасидаги кўприкдан ташқари, Кутар тўғонида ҳам содир бўлган: 24 феврал куни эрталаб у ерда россияликларнинг иккита пиёдалар жанговар машинаси (БМП) портлаган. Ушбу портлаш ҳақида расмий маълумот йўқ. Ҳарбий Леонид Гуданичнинг тасдиқлашича, бу тўғон миналаштирилганди.
Нима учун аксарият ҳолларда бўйинларга ўрнатилган портловчи тўсиқлар биринчи уринишдаёқ ишламаган ёки умуман портламаган?
Генерал Сергей Наев Россия диверсия гуруҳлари ишлагани ва симлар шикастлангани эҳтимолидан ташқари, украин ҳарбийларининг оғир руҳий-ҳиссий ҳолатига ҳам эътибор қаратади. Улар ўқлар ёмғири остида портлатиш ишларини амалга оширишига тўғри келарди.
«Биз тушунишимиз керак: уруш давомидаги ҳарбий вазифалар дарҳол ва 100 фоизга бажарилмайди», — дея қўшимча қилди у.
Кучлар нисбати Россия армияси фойдасига қандай кўринишда эди?
2022 йил апрел ойида Украина қуролли кучлари Бош штаби матбуот хизмати жанубдаги муваффақиятсизликка изоҳ бераркан, бу ердаги рус қўшинлари сони украиналиклардан 15 баравар кўп бўлганини таъкидлаганди.
«Жануб» оператив қўмондонлиги собиқ қўмондони Соколов 20-25 баравар устунлик ҳақида гапирарди. Унинг сўзларига кўра, Қримдан Россия Федерациясининг 25 та баталён-тактик гуруҳи, яъни 20 минг кишигача миқдордаги қўшинлари Украинага ҳужум қилган.
Шу билан бирга, Қрим йўналишидаги йўлларни фақат 250 га яқин кишидан иборат Украина денгиз пиёдалари баталёни ва чегарачиларнинг оз сонли кучлари ҳимоя қилганди. Бундан ташқари, денгиз пиёдалари орасида тажрибасиз ёш аскарлар ҳам кўпчиликни ташкил этарди.
Улар Қрим бўйинларидаги мудофаа позицияларида тўғридан-тўғри жанг қилиши кўзда тутилмаганди, дейди BBC Украина хизматига Чўнғарда кенг кўламли босқинни қарши олган денгиз пиёдаларидан бири.
«Душман ёриб кирган ҳолат учун бизда аниқ кўрсатма бор эди: кўприкларни портлатиш ва ҳудуд ичкарисидаги тайёрланган мудофаа чегараларига чекиниш», — дейди у.
Уларга Украина қуролли кучларининг 59-мотопиёдалар бригадаси ёрдамга келиши керак эди, аммо улар Олешковский қумлари яқинидаги полигондан чиқишга улгурмайди — бу Қрим билан маъмурий чегарадан 60 км узоқликда. Бундан ташқари, унинг энг жанговар баталёнларидан бири бутунлай ҳимояси қолган Мелитопол мудофааси учун юборилади.

Наев 2022 йилда Херсон области мудофааси билан шуғулланган «Жануб» оператив қўмондонлиги учун ҳам масъул бўлган.
Фото: Ukrinform
Бундай шароитда Украина қўшинлари душман билан фақат Днипро дарёсига яқин жойда, Антонов кўприги яқинидагина илк жангларни бошлашга муваффақ бўлади. Бироқ, ўша пайтда россияликлар аллақачон Нова Каховкани эгаллаб, Херсоннинг ўнг соҳилига ўтиб олгани ҳисобга олинса, Украина қуролли қучлари ўнг қирғоқдаги ҳудуд ичкарисига чекиниши муқаррар эди, акс ҳолда катта кучлар қуршовда қолган бўларди.
Херсоннинг сўл соҳилида Россия босқинига қаршилик кўрсатиш учун Украина қуролли кучларининг атиги 1,5 минг аскари етарли эмас эди. Айниқса, Россия бир вақтнинг ўзида учта йўналишда: Херсон, Новая Каховка ва Мелитополга ҳужум қилган ҳолатда.
Мудофаа режасига кўра, фронтнинг бу қисмини Украина қуролли кучларининг камида тўртта бригадаси, яъни 12-16 минггача аскар ушлаб туриши керак эди.
Аммо бу кучларни жанубий йўналишга жўнатиш, Украина қўмондонлиги версиясига кўра, имконсиз эди.
Украина қуролли кучларининг ўша пайтдаги бош қўмондони Валерий Залужнийнинг бош маслаҳатчиси генерал Виктор Назаров (у 2021 йил августидан 2024 йил февралигача бош қўмондоннинг бош маслаҳатчиси, кейин эса маслаҳатчиси бўлган) яқинда BBC билан суҳбатда ўша пайтда жанговар таркибда бўлган қуруқлик қўшинларининг 24 та бригадасидан ярми шарқий фронтга жалб қилинганини айтганди. Қолган 12 та бригадани эса Киев, Черниҳив, Суми ва бутун жанубий йўналишни ҳимоя қилиш учун «сочиб юбориш»га тўғри келган.

Украина армияси Чўнғардаги кўприкка қисман зарар етказишга фақат 2023 йил июнида қанотли ракеталар билан зарба бериш орқали муваффақ бўлади. Шундан сўнг кўприк тезда тикланди. Фото: Reuters
Бошқа томондан, Қримдан ўтиш жойи Россия қўшинлари кириб келган фронтнинг энг тор жойидир. Айнан шу ерда 2014 йилдан бери Украина ҳарбийлари ва куч тузилмалари душманнинг ушбу йўналишдан эҳтимолий босқинини қайтариш бўйича ўқитилган. Хусусан, бу ҳақда «2022 йилги жанговар хроникалар» китобида (муаллифлар — ҳарбий тарихчилар Андрей Харук ва Михайло Жирохов) шундай деганди:
«Россия қўшинлари Қримдан Украинанинг материк ҳудудига тўсиб қўйилиши нисбатан осон бўлган тор бўғоз орқали кириб келганди. Олдинги йилларда Украина қуролли кучлари бир неча бор тегишли машғулотлар ўтказган. Бироқ, энг масъулиятли паллада Қримдан чиқиш йўлларини блокировка қилиш режаси амалга оширилмади».
Ҳокимиятда, махсус хизматларда ёки армияда хиёнат бўлмаганми?
Айни пайтда Украина хавфсизлик хизматининг Херсон ва Қрим хизмат бошқармалари раҳбариятида ишлаган бир неча юқори мартабали собиқ ходимлари тергов қилинмоқда. Тўғри, уларнинг ҳеч бири «жанубдаги муваффақиятсизлик»да тўғридан тўғри айбланмайди.
Украина хавфсизлик хизматининг Қрим бошқармаси собиқ бошлиғи полковник Олег Кулинич 2022 йил июл ойида Киевда қўлга олинган. Терговчилар уни Россия махсус хизматлари билан ҳамкорликда гумон қилишган. У Украина раҳбариятидан босқинга тайёргарлик ҳақидаги маълумотларни яширганликда айбланмоқда. Хусусан, Россия қўшинлари ва техникасининг Қримда тўпланиши ва 24 феврал куни эрталаб соат 4 га режалаштирилган Россиянинг яриморолдан Украинанинг материкдаги қисмига ҳужумини.
Кулинич барча айбловларни рад этмоқда. Айни пайтда унга қарши иш Киев суди томонидан ёпиқ режимда кўриб чиқилмоқда. Махсус хизматларнинг собиқ ходими ҳибсга олинган.
BBC’нинг махсус хизматлардаги манбаси маълум қилишича, Кулинич ҳозирча Россияга айирбошлаш тўғрисидаги аризани имзолашдан бош тортган, бироқ ҳукм чиқарилгандан кейин бунга рози бўлиши истисно қилинмаяпти.

Кулинич қўлга олиниши. Фото: State Investigation Bureau of Ukraine
2022 йил март ойида президент Володимир Зеленский Украина хавфсизлик хизматининг Херсон бошқармаси собиқ бошлиғи Сергей Криворучкони «хоин» ва «антиқаҳрамон» деб атаб, уни генераллик унвонидан маҳрум қилганди.
Бироқ, BBC маълумотларига кўра, у жиноий жавобгарликка тортилмаган.
«Унга эълон қилинадиган ҳеч нарса йўқ, [унинг] россияликларга ишлагани фактлари аниқланмади. У аслида ўша вазиятда шунчаки ҳаракатсиз бўлган», — дея таъкидлайди BBC’нинг махсус хизматдаги манбаси.
Айни пайтда Криворучко захирага олинган (яъни у Украина хавфсизлик хизматидаги ҳарбий хизматдан бўшатилмаган, лекин лавозимга ҳам тайинланмаяпти) ва вазифасини бажаришдан четлатилган, деб хабар қилган УХХдагилар BBC сўровига жавобан.
Криворучко 2023 йил август ойида «Громадский» нашрига берган изоҳида ҳар қандай ҳуқуқбузарликка алоқадорлигини рад этган.
Украина хавфсизлик хизмати полковниги Игор Садохин билан боғлиқ ҳолат ундан ҳам чалкашроқ.
Кенг кўламли босқин пайтида у УХХнинг Херсон бошқармаси қошидаги Аксилтеррор марказини бошқарган. Айнан шу марказ босқиндан бир неча ой олдин Қрим билан чегарада ўтказилган аксилтеррор машғулотларини мувофиқлаштирган.
ОАВ маълумотларига кўра, 2022 йил март ойида полковник Садохин Черновицкий областида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан давлатга хиёнатда гумонланиб ҳибсга олинган. Бу ҳақда ўшанда патрул полицияси раҳбари Евгений Жуков ҳам фейсбукда ёзган эди, бироқ унинг пости ҳозирда ўчириб ташланган.
Херсон области кенгаши раҳбари Олександр Самойленко 2022 йил июн ойида «Укринформ» давлат агентлигига берган интервюсида УХХнинг айнан шу ходими жанубда «россияликларга мина майдонлари харитасини берган» бўлиши мумкинлигини айтди.
«Айнан у душманга мина майдонлари тўрини берган ва Херсон хавфсизлик хизмати колоннасини эвакуация қилишда кузатиб борганида Россия авиацияси ҳаракатларини мувофиқлаштирган, деб ишонилади», — деди област кенгаши раҳбари.

Садохин 2022 йил мартида қўлга олинган бўлса-да, қидирувдагилар рўйхатида қолмоқда. Фото: Ukraine Interior Ministry Database
Бироқ ҳозир полковник Садохин озодликда юрибди. Ҳар ҳолда, ИИВ қидирув базасида у 2023 йил бошида ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборидан ғойиб бўлгани ва қидирувга берилгани кўрсатилган.
BBC сўровига жавобан Хавфсизлик хизмати Садохин ҳозир қаерда эканига аниқлик киритмади, бироқ идора уни четлатиб, захирага олганини маълум қилган. Давлат тергов бюроси (ДТБ) унга нисбатан «хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш» моддаси (Жиноят кодексининг 407-моддаси 5-қисми) бўйича ишни тергов қилмоқда. Бош разведка бошқармаси ҳозирча BBC’нинг бу иш бўйича саволига жавоб бермаган. Садохиннинг ўзи ҳам жамоатчилик олдида вазиятга изоҳ бермади.
Давлат тергов бюроси 2022 йил апрел ойидан бери олий ҳарбий қўмондонликнинг Россиянинг Қримдан бостириб кириши пайтидагш ҳаракатларини ҳам текширмоқда. Ҳарбийларнинг кўприкларни миналаштириш ва Қримдан ўтиш жойидаги мудофаани тайёрлаш бўйича ҳаракатлари ўрганилмоқда. Хусусан, тергов ҳарбий раҳбарият, жумладан, генерал Наев ва ўша пайтдаги бош қўмондон, генерал Валерий Залужнийнинг ҳаракатларини кўриб чиқмоқда.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Юзлаб гувоҳлар сўроқ қилинди, экспертизалар ўтказилди, лекин гумонланувчилар йўқ.

Давлат тергов бюроси нафақат Херсон области мудофааси муваффақиятсизлигини, балки босқин бошида Россия қўшинлари томонидан тезда ўраб олинган Мариуполнинг «нотўғри мудофааси»ни ҳам текширмоқда.
Бундан ташқари, BBC’га маълум қилишларича, яна бир жиноий иш очилган. У Мариуполнинг «ишончсиз мудофааси» бўйича.
«Шуни маълум қиламизки, ДТБ Бош тергов бошқармаси терговчилари кўрсатилган маълумот сўровида келтирилган фактлар бўйича терговга қадар текширув олиб бормоқда», — дейилади Мариупол ҳимояси бўйича сўровга жавобда.
Маълумки, Қримдан тезда ёриб кириш туфайли Россия армияси Мариуполга ғарбий қанотдан анча тез яқинлашишга ва соҳил бўйидаги шаҳарга жойлаштирилган украин гарнизонини қуршаб олишга муваффақ бўлди. Мудофаа кучлари аскарлари май ойининг ўрталаригача, руслар қўлига асир тушгунга қадар тўлиқ қуршов ҳолатида қаршилик кўрсатишига тўғри келди.
Бироқ, Бош разведка бошқармаси ушбу икки жиноий ишнинг тафсилотларини ошкор қилишдан бош тортди ва терговга қадар текширув сир сақланишини таъкидлади.
Бюро, шунингдек, Мариупол иши доирасида фронтнинг мазкур участкаси учун масъул бўлган генерал Юрий Содол ва шаҳар мудофаасига қўмондонлик қилган «Азов» бригадаси командири Денис Прокопенко сўроқ қилинганми ёки йўқлигини айтишдан бош тортди.
Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари ва судлари бу ишларга якуний нуқта қўя олмагунча, Украина жамияти Россия Украина жанубини яшин тезлигида босиб олгани ва ҳалигача ушлаб тургани учун ким айбдор деган саволга тўлиқ ва ишончли жавоб олиши даргумон. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар