date
views 456

Эрон ва АҚШ: ядровий “шахмат” — навбатдаги юриш кимники?

Эрон ва АҚШ: ядровий “шахмат” — навбатдаги юриш кимники?
Ядровий битим қайтиб келяптими? Сўнгги кунларда халқаро майдонда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири — Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокаралар янгидан бошланиши ҳақидаги хабарлар бўлди. Бу ҳақда Доналд Трампнинг шахсан ўзи маълум қилди ва бу баёнот ортидан сиёсий саҳнада жиддий жўшқинлик пайдо бўлди.

Узоқ танаффусдан кейинги илк таассуротлар
Маълумки, 2015 йилда имзоланган ядровий келишув — Эронга тинч мақсадда уран бойитиш имконини берган, эвазига Теҳронга нисбатан жорий қилинган санкциялар бекор қилинган эди. Аммо Доналд Трамп президент бўлганидан сўнг бу келишув бекор қилинди ва муносабатлар яна кескинлашди.

Энди эса Трампнинг ўзи музокаралар "жуда юқори даражада" бошланишини маълум қиляпти. Қизиғи шундаки, у Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашувдан сўнг бу ҳақда гапирди — яъни, бу фақат Эрон-АҚШ масаласи эмас, балки бу геосиёсий ўйинда Исроил ҳам асосий фигурант сифатида иштирок этмоқда.

Ўмон – аралашувсиз воситачи
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчийнинг таъкидлашича, музокаралар бевосита эмас, балки Ўмон орқали олиб борилади. Бу — дипломатик эҳтиёткорликнинг белгиси. Ароқчий ҳеч нарсани яширмай, “Тўп АҚШ томонида” дея баёнот берди. Бу дегани — Теҳрон музокараларга тайёр, фақат Вашингтон қатъий ҳаракат қилсин.

Трампдан Хоминаийга мактуб
Яна бир муҳим жиҳат — март ойида Трамп Эрон Олий Раҳбари Али Хоминаийга шахсан мактуб йўллагани. Унда икки ой ичида янги келишувга эришиш талаб қилинган. Бунга жавоб сифатида Хоминаий тўғридан-тўғри музокара эмас, фақат воситачи орқали мулоқотга розилик берган.

Харбий вариант - очиқ, лекин сўнгги чора
Охирги ҳафталарда АҚШ ва Исроил Эрон ядровий салоҳиятига зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо Трамп бу усулни истамаслигини яширмади: “Ҳамма билади — келишув тузиш ҳарбий зарбадан маъқулроқ”.

Бу эса икки сигнални беради:
1. Трамп музокаралар йўлини танлаш ниятида.
2. Агар музокаралар самарасиз бўлса, ҳарбий йўл ҳам ҳали кун тартибидан чиқарилмаган.

Нега бу масала яна долзарб бўлди?
Янги келишув учун АҚШ томони янги ва анча қаттиқ шартлар қўймоқда. Улар орасида:
  • Эроннинг уран бойитиш фаолиятини тўлиқ тўхтатиш,
  • Ядровий қурол ишлаб чиқариш имкониятини йўқ қилиш,
  • Стратегик баллистик ракеталарни чеклаш.

Бу талаблар 2015 йилги келишувда белгиланган шартлардан анча кескинроқ.

Якуний сўз: ядро остидаги сиёсат
Музокаралар бошланди, лекин бу жараён “чақалоқлар учун ўйин” эмас. Бу — дунёнинг келажагига таъсир қилувчи мураккаб сиёсий шахмат партияси. Юриш навбати кимники? АҚШми ёки Эрон? Йўлда битим борми ёки таҳдид?

Zamin.uz билан бирга кузатамиз. Бунинг устига, тарих қайси сценарийни танлашини ҳам яқин кунларда билиб оламиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг