
Россия бозорида аҳолининг энг кўп истеъмол қиладиган маҳсулотларидан бири – картошка нархи йил бошидан бери кескин ошди. Ушбу вазият, биринчи навбатда, мамлакатда картошка етиштириш ҳажмининг пасайиши, ҳосилдорликнинг тушиши ва захираларнинг камайиши билан боғлиқдир.
“Коммерсант” нашри тарқатган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг баҳорида бошланган картошка танқислиги бугунги кунга келиб маҳсулот нархини рекорд даражага олиб чиқди. Бу йил апрель ойи охирида картошканинг чакана савдодаги нархи 1 килограмм учун ўртача 85,4 рублни (тахминан 13 500 сўм) ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу пайтига нисбатан қарийб 3 баробарга юқоридир.
Улгуржи нархларнинг ўсиши эса чакана савдодаги нархларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмоқда. Йил бошидан бери картошканинг улгуржи бозордаги нархи 85,2 фоизга ошиб, 1 килограмми учун 46,3 рублга (7300 сўм) етиб борди. Ҳатто май ойининг бошида ушбу рақам янада юқорилаб, килограммига ўртача 51,1 рубл (8100 сўм) даражасига чиқди. Бу эса ўтган йил шу даврига нисбатан 4,4 баробар кўпроқ демакдир.
Россиянинг “Руспродсоюз” ташкилоти ҳам мазкур маълумотларни тасдиқламоқда. Унга кўра, 2 май ҳолати билан картошканинг улгуржи нархи 1 кг учун 47,6 рубл (7 500 сўм) бўлиб, сўнгги бир ой ичида 25 фоизга ўсган.
Чакана савдо соҳаси мутахассислари бу вазиятда картошка нархларини барқарорлаштириш учун ҳатто зарарга ишлашга ҳам мажбур бўлишяпти. Чакана савдо компаниялари уюшмаси президиуми раиси Станислав Богдановнинг таъкидлашича, кўпгина дўконлар арзон турдаги картошкани сотиб олиш нархидан пастроқ нархларда сотишга ҳаракат қилмоқда ва шу сабабли ҳар бир килограмм маҳсулот учун тахминан 2 рубл зарар кўришяпти.
Картошка нархининг ошишига бир неча муҳим сабаблар бор. “Руспродсоюз” ижрочи директори Дмитрий Востриков бозордаги нархларнинг юқорилашига сабаб сифатида сақлаш омборларининг етишмаслиги, энергия таъминоти харажатларининг ошиши ва захираларнинг кескин қисқаришини кўрсатмоқда.
Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам ушбу муаммони ҳал қилиш учун чоралар кўрмоқда ва 2025 йилда картошка экиладиган майдонларни 2,3 фоизга оширишни режалаштирган. Аммо бу йил баҳорнинг совуқ келиши сабабли картошка экиш ишлари кеч бошланган, бу эса ҳосил йиғиш жараёнининг июнь-июль ойларигача кечикишига сабаб бўлиши мумкин.
Бозор мутахассислари ва экспертлари нархлар билан боғлиқ бу ноаниқ вазият июнь ойининг охири ёки июль бошигача давом этиши мумкинлигини айтишмоқда. Ана шу пайтда янги ҳосилнинг йиғиб олиниши бошланиши ва натижада нархларнинг пасайишига умид қилинмоқда.
Айни пайтда аҳоли орасида эса картошканинг нархи бўйича хавотир ва норозилик кучайиб бормоқда. Кўпчилик оилалар бу вазиятда молиявий қийинчиликларга дуч келиб, одатий истеъмол маҳсулотини сотиб олишда ҳам қийинчиликка дуч келишмоқда.
Шундай қилиб, картошка инқирози Россияда наинки иқтисодий, балки ижтимоий муаммога айланиб бормоқда. Ҳукумат ва тегишли ташкилотларнинг ушбу масалага тезроқ ечим топиши аҳолининг фаровонлиги учун ниҳоятда муҳим вазифага айланди.
Картошка НархлариРоссия БозориКартошка ИнқирозиИстеъмол МаҳсулотлариНарҳлар ОшишиАҳоли Хавотири Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар