
Лондонда бўлиб ўтган расмий маросимда ирланд драматурги ва ҳакамлар ҳайъати раиси Родди Дойл бу йилги Букер мукофоти ғолибини эълон қилди. 52 ёшли венгр ёзувчи Давид Салэй ўзининг “Тана” (“Flesh”) номли романи билан адабиёт дунёсидаги энг нуфузли мукофотни қўлга киритди, деб хабар берди Guardian.
Ёзувчининг бу асари унинг ижодий йўлидаги олтинчи роман ҳисобланади. Унда Иштван исмли ёш венгер йигитнинг тақдири орқали замонавий Европадаги ижтимоий ва маданий қарама-қаршиликлар ёритилган. Асарда қаҳрамон ҳарбий хизматни тугатгач, юртини тарк этиб Лондонга йўл олади ва бу ерда бой оилаларга хизмат кўрсатиш орқали ҳаётда ўз ўрнини топишга урингани тасвирланади.
Муаллиф интервьюсида “Тана” инсон табиати, иш ва қадриятлар ўртасидаги мураккаб муносабатларни кўрсатишга уриниш эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, асар “замонавий Европа ва уни белгилаб турувчи иқтисодий ҳамда маданий тафовутлар ҳақидаги мулоҳаза” сифатида ёзилган.
Бу йилги қисқа рўйхатда яна бир қатор машҳур номзодлар бор эди. Улар орасида америкалик ёзувчилар Бенжамин Марковитс (“The Rest of Our Lives”), Сюзан Чой (“Flashlight”) ва Кэти Китамура (“Audition”) ҳамда британ ёзувчиси Эндрю Миллер (“The Land in Winter”) билан ҳинд адабиётчиси Киран Десаи (“The Loneliness of Sonia and Sunny”) ҳам бор.
Салэй илк марта 2016 йилда “All That Man Is” асари билан Букер мукофотига даъвогар бўлган, бироқ ўшанда ғолиблик насиб этмаганди. Шу билан бирга, бу йилги ғалаба унинг ижодидаги янги босқични белгилаб берди.
Букер мукофоти 1969 йилдан буён адабиётдаги энг обрўли совринлардан бири сифатида эътироф этилади. 2014 йилдан бошлаб унга Буюк Британияда чоп этилган ҳар қандай инглиз тилидаги роман номзод бўлиши мумкин. Ғолиб 50 минг фунт стерлинг миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади — бу тахминан 57 минг еврони ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Букерни британ ёзувчиси Саманта Харви ўзининг “Орбитада” романи билан қўлга киритган эди. У асарида Халқаро космик станциядаги олти астронавт ҳаётининг бир кунини таъсирли ва фалсафий услубда ёритган.
Давид Салэйнинг бу йилги ғалабаси Европада ижтимоий ўзгаришлар, миграция ва инсоний қадриятлар ҳақидаги баҳсларга янги нафас бағишлади. Унинг “Тана”си нафақат адабиёт, балки жамиятни англаш учун ҳам муҳим асар сифатида баҳоланмоқда.