
Бугунги кунда инсоният сайёрамизда содир бўлаётган кўплаб геологик жараёнларнинг сирларини очиб бормоқда. Ана шундай глобал сирлардан бири – Африка қитъасининг аста-секин иккига ажралиб бориши билан боғлиқ эди. Бир неча йиллик тадқиқотлар натижасида халқаро олимлар гуруҳи бу ажойиб ва ғаройиб табиий ҳодисанинг сабабини аниқлаб беришди. Қизиқарлиси шундаки, қитъанинг бўлиниш сабаби Ер қаъридан чиқиб келаётган улкан "иссиқ нуқта" — мантия плюми эканлиги маълум бўлди.
Ушбу тадқиқотга Шотландия, Хитой ва Канада олимлари жалб қилинган бўлиб, улар олиб борган мураккаб тадқиқот натижалари Geophysical Research Letters илмий журналида нашр этилди. Олимлар кенг кўламли тадқиқотлар доирасида Кениянинг Мененгаи геотермал конидан олинган неон изотопларини синчиклаб таҳлил қилишди. Уларнинг асосий мақсади Африканинг ажралиши Ернинг юқори қатламидаги тектоник ҳаракатлар билан ёки чуқурроқ қатламларда содир бўлаётган жараёнлар билан боғлиқ эканлигини аниқлаш эди.
Таҳлил натижаларига кўра, тадқиқотчилар ёрилиш жараёнига сабаб бўлган жинс ва газларнинг Ернинг энг чуқур нуқталаридан, яъни мантия ва ташқи ядро чегарасидан (тахминан 2900 км чуқурлик) чиқиб келаётганини аниқлашди. Бу ҳолат биринчи марта Гавайи ороллари остида кузатилган эди ва унинг айнан Африкада ҳам такрорланаётгани олимларнинг диққатини ўзига жалб қилди.
Тадқиқотнинг етакчи муаллифи Бийинг Чен шундай деди: "Биз топган неон изотоплари аввал Гавайи ороллари остида топилган изотоплар билан мутлақ бир хил чиқди. Бу ерда ҳам чуқур қатламларда пайдо бўлган улкан иссиқлик ва энергия манбаи мавжуд эканлигини кўрсатади".
Олимларнинг сўзларига кўра, бу жараён қуйидагича амалга ошмоқда: Ернинг жуда чуқур нуқталарида иссиқ ва эриган тоғ жинслари жамланиб, юзага кўтарила бошлайди. Бу эса юқори қатламларда кучли босим ва тектоник ҳаракатларни келтириб чиқаради. Айни пайтда бу жараёнлар вулқон отилишларига ва ер пўстида улкан ёриқларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Натижада, Шарқий Африка бўйлаб қарийб 3500 километрга чўзилган гигант ёриқлар тизими — Шарқий Африка рифт тизими (EARS) шаклланмоқда.
Шарқий Африка рифт тизими Қизил денгиздан бошланиб, жанубга қараб Мозамбиккача узоқликка ёйилган. Олимлар бу тизимнинг шаклланиши сўнгги 35 миллион йил мобайнида узлуксиз давом этаётганини ва бу жараён яна миллионлаб йиллар давом этишини тахмин қилишмоқда.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу жараён бир лаҳзада содир бўладиган ҳодиса эмас, балки узоқ йиллар давомида секин-аста амалга ошадиган жараёндир. Бу жараён туфайли Африка қитъасининг шарқий қисми бир неча миллион йилдан сўнг ажралиб чиқиб, мустақил янги қитъа сифатида пайдо бўлиши мумкин.
Тадқиқотда ишлатилган юқори аниқликдаги масс-спектрометрия технологияси ёрдамида олимлар катта ҳудуд бўйлаб ягона ва барқарор кимёвий изларни кузатишди. Бу эса қитъа остида жуда катта "супершлейф" мавжудлигини ва ушбу улкан иссиқ нуқтанинг бир неча кичик манбалардан эмас, балки ягона катта манбадан озиқланишини кўрсатди.
Бу тадқиқот натижалари нафақат қитъаларнинг бўлиниши ҳақида, балки Ер сайёрасида океанларнинг пайдо бўлиши ва шаклланиши ҳақида ҳам муҳим маълумотларни тақдим этади. Африка қитъасида содир бўлаётган бу ўзгариш натижасида Қизил денгиз ва Ҳинд океанидан келадиган сув келажакда бу ҳудудларни босиб, сайёрада янги — олтинчи океанни пайдо қилиши мумкинлиги ҳам олимларнинг башоратлари орасида турибди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда бу ҳудудларда улкан ер ёриқлари кузатилган ва бу ёриқлар йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бу эса тадқиқотчиларнинг башоратини тасдиқловчи яна бир муҳим далил ҳисобланади.
Шундай қилиб, олимлар бу ажойиб ва ҳайратланарли ҳодисанинг сабабларини аниқлаш орқали Ернинг геологик тарихидаги катта ўзгаришларнинг яна бир сирини очишга эришишди. Бу тадқиқот орқали инсоният сайёрамизнинг келажакда қандай ўзгаришларга учраши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлди.
Энди олимлар келгуси тадқиқотларда ушбу жараёнларни янада чуқурроқ ўрганиб, янги сирларни очишга ҳаракат қилишади. Африканинг иккига бўлиниши билан боғлиқ бу илмий кашфиёт эса инсоният учун катта аҳамиятга эга бўлиб қолаверади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар