
АҚШ Олий суди томонидан қабул қилинган сўнгги қарор мамлакатдаги юз минглаб мигрантлар тақдирига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Суд Жо Байден маъмурияти томонидан ишга туширилган ва 500 мингдан ортиқ инсонга Қўшма Штатларда қонуний равишда яшаш имкониятини берувчи гуманитар дастурни бекор қилишга Доналд Трамп маъмуриятига рухсат берди. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар тарқатди.
Ушбу қарор АҚШда вақтинча паноҳ топган Куба, Никарагуа, Венесуэла ва Ҳаитидан келган минглаб мигрантлар учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Байден бошчилигида амалга оширилган дастур доирасида улар шахсий ҳомийлар орқали мамлакат ҳудудига кириш ва тезлаштирилган тартибда ишлашга рухсатнома олиш имкониятига эга бўлишган эди.
Суд ҳужжатида қайд этилишича, илгари судя Кетанжи Браун Жексон кўриб чиқиши учун қабул қилган тўхтатиб туриш ҳақидаги илтимоснома рад этилган. Энди эса расман Трамп маъмурияти миграция сиёсатида қайта фаоллашишига йўл очилди.
Бу қарор фақат бир гуманитар дастур билан чекланиб қолмайди. Апрель ойида Оқ уй расмийлари, суд жараёнлари узоққа чўзилиши мумкинлигини баҳона қилиб, айрим мигрантларни судсиз депортация қилишни таклиф қилишган эди. Бундай талаблар Трампнинг аввалги президентлик фаолияти давридаги қатъий миграция сиёсатини эсга солади.
20 май куни эълон қилинган яна бир қарорга кўра, Венесуэладан келган тахминан 350 минг мигрантга қарши депортация жараёнини бошлашга ижозат берилди. Улар аввал вақтинчалик ҳимоя мақоми асосида яшаб келганлар.
The Washington Post нашрининг ёзишича, Трамп маъмурияти нафақат Лотин Америкасидан келганлар, балки Судан, Афғонистон, Яман, Ливия, Украина ва бошқа давлатлардан келган минглаб мигрантлар учун ҳам депортация режаларини тайёрламоқда. Бу эса Америкадаги инсонпарварлик тамойиллари юзасидан жиддий саволлар туғдиради.
Байден томонидан ишга туширилган дастур нодавлат ташкилотлар, ҳуқуқ фаоллари ва халқаро ҳамжамият томонидан олқишланган эди. Энди эса бу дастурнинг бекор қилиниши Америкадаги муҳожирлар учун катта синовга айланиши мумкин.
Келгуси ҳафталарда ушбу қарорнинг амалий ижроси ва унинг инсонлар ҳаётига қандай таъсир кўрсатиши диққат марказида бўлади. АҚШдаги миграция сиёсати эса яна бир бор глобал муҳокамалар мавзусига айланиши кутилмоқда.
Фото: The New York Times «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар