
Германия ҳукумати ёшларнинг молиявий келажагини таъминлаш ва уларни эрта ёшданоқ пенсия жамғармалари билан таништириш мақсадида янги ва ноодатий дастурни амалга оширишга қарор қилди. Мазкур ташаббусга кўра, мактаб ўқувчиларининг ҳар бирига ойига 10 евро ажратилиб, бу маблағлар уларнинг келажакдаги пенсия ҳисобрақамига инвестиция қилиб борилади. Бу ҳақда CNBC нашри хабар бермоқда.
Дастур доирасида 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир мактаб ўқувчисига махсус пенсия ҳисобрақами очилади ва ушбу ҳисобга ҳар ойда давлат томонидан белгиланган 10 евро миқдорида маблағ ўтказиб борилади. Шу тариқа, ўқувчилар мактабни битириш вақтига келиб, тахминан 1500 евро миқдорида дастлабки капитал йиғиб олади. Бу маблағлар узоқ муддатли сармоя сифатида сақланиб, пенсия ёшига етгач, фоизлар билан биргаликда ўқувчилар томонидан олиниши мумкин бўлади.
Ҳозирча бу янги лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган маблағларни давлат жамғармалари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилмоқда. Аммо бу маблағлар қандай инвестиция воситаларида сақланиши ва уларнинг бошқаруви билан айнан қайси ташкилот шуғулланиши ҳозирча аниқ эмас. Шунингдек, сармоя фоизлари ва келгусидаги умумий жамғарма миқдорлари борасида ҳам ҳозирча тўлиқ маълумотлар очиқланмаган.
Дастурнинг яна бир жиҳати шундаки, вояга етгач, Германия фуқаролари шахсий маблағларини ҳам мазкур ҳисобрақамга йиллик белгиланган чекловлар доирасида қўшиш имкониятига эга бўлади. Лекин бу маблағларни фақат пенсия ёшига (2025 йил май ойидан бошлаб Германияда бу ёш 67 деб белгиланган) етгандагина чиқариб олиш мумкин бўлади.
Германия ҳукумати ушбу янги дастур ёш авлодни келажакдаги пенсия жамғармаси учун бошланғич капитал билан таъминлашига, шунингдек, молиявий саводхонлик даражасини оширишига умид қилмоқда. Бу орқали ёшлар ўз маблағларини бошқаришга ва инвестициялар қилишга нисбатан қизиқиш уйғотиши режалаштирилмоқда.
Бироқ, айрим молиявий экспертлар ушбу лойиҳага нисбатан шубҳа билан қарамоқда. Улар фикрича, дастлабки 1500 евро миқдоридаги сумма пенсия ёшига етиб борганда жуда оз миқдорга айланиб қолиши ва кўпчилик учун фақат рамзий маънога эга бўлиб қолиши мумкин. Шу билан бирга, экспертлар бу дастурда ёшлар инвестиция жараёнида бевосита иштирок этмаслигини, улар фақат пассив равишда маблағлар ва фоизларни олишини қайд этмоқда. Бу эса молиявий билим ва инвестицияларга қизиқишни уйғотиш имкониятини чеклаб қўяди, дейишмоқда.
Бунинг сабаби, ёшларнинг ҳисобрақамидаги маблағларнинг инвестиция жараёни учинчи шахслар томонидан бошқарилади ва ёшларда инвестиция билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш имконияти бўлмайди. Шу сабабли, баъзи таҳлилчилар бу ташаббусни ёшларнинг молиявий саводхонлигини сезиларли даражада ошириш имкониятидан кўра, фақатгина моддий таъминотни бироз яхшилаш усули сифатида баҳоламоқда.
Шу билан бирга, дастурни қўллаб-қувватловчилар ҳам мавжуд. Уларнинг таъкидлашича, бу маблағларнинг ҳар ойда ёшларнинг ҳисобларига ўтказилиши ва уларнинг бу ҳақда мунтазам равишда хабар олиб туриши ёш авлодда маблағларни жамғариш ва молиявий режалаштириш бўйича тасаввурни шакллантиришга ёрдам беради. Шу орқали ёшларда шахсий молиявий масъулият ҳисси уйғотилади.
Германияда амалга оширилаётган бу янги лойиҳа келажакдаги пенсия таъминотига бўлган муносабатни ўзгартириш ва ёш авлоднинг пул билан боғлиқ масалаларга қизиқишини ошириш учун муҳим қадам бўлиши мумкин. Шу билан бирга, бу каби лойиҳалар дунё мамлакатлари учун ҳам намуна бўлиши ва бошқа давлатларда ҳам татбиқ қилиниши эҳтимолдан холи эмас.
Хулоса қилиб айтганда, Германиянинг мазкур янги дастури ёшларни келажакда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда уларда молиявий билимларни ривожлантириш учун муҳим қадам сифатида кўрилмоқда. Бунинг натижасида келажакда ёш авлод нафақат пенсия ёшига етишганда, балки ҳаётининг барча босқичларида ўз маблағларини оқилона бошқара оладиган авлодга айланиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг