
Яқин Шарқда сиёсий таранглик яна авжида. Охирги ойларда Америка ва Эрон ўртасидаги музокаралар бир неча босқичда ўтиб, тарихий келишув арафасида турган бир пайтда, бу жараён Доналд Трампнинг шахсан назоратида бўлиб турибди. Айниқса, АҚШ ва Исроил ўртасидаги стратегик иттифоқнинг келажаги шундай таҳликали вазиятда янада кўпроқ муҳокама қилинмоқда.
Апрелдан буён музокаралар давом этар экан, сўнгги ҳафталарда Исроил ҳукумати ва унинг етакчилари Оқ уйга нисбатан очиқ-ойдин норозилик билдиришяпти. Бинямин Нетаняҳу бошчилигидаги Исроил раҳбарияти музокаралар вақтида АҚШдан етарли даражада ахборот олмаётганидан шикоят қилиб, ўз манфаатлари инкор этилаётгани ҳақида даъво қилмоқда. Айни пайтда, Исроил разведкаси ва мудофаа вазирлигида “Б режа”, яъни эҳтимолий ҳарбий зарба ҳақида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтгани ҳам айтилади.
Бу эса Исроил учун катта хавотир манбаи, чунки келишув бандларидан бири – Эроннинг уран бойитиш ҳуқуқи, яъни ядровий имкониятлари – Тел-Авив учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда. Расмий Вашингтон эса Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига ҳеч қандай шароитда йўл қўймаслигини таъкидлаётган бўлса-да, Исроил бу жараёнда ўзининг сиёсий нуфузи пасайиб, иккинчи ўринга суриб қўйилаётганидан норози.
Янада хавотирлиси, агар музокаралар кутилгандек кечмаса ёки Эрон ядро дастурини чеклаш бўйича жиддий кафолатлар бермаса, Исроил ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида мустақил ҳаракатланиши мумкин. Бу эса, албатта, АҚШ учун катта дипломатик муаммо келтириб чиқаради. Одатда, Америка разведкаси Исроилнинг режалари ва эҳтимолий амалиётларидан яхши хабардор бўлади, уларнинг рухсатисиз йирик операциялар амалга оширилмайди. Аммо бу гал, маълумотларга кўра, Оқ уй айрим маълумотларни яширмоқда, айрим давлат хизматчилари эса хавфсизлик сабаблари билан Баҳрайн, Кувайт ва Ироқдаги база ва элчихоналардан вақтинча чиқарилмоқда.
Трампнинг “Эронда фақат икки йўл бор: ёки битим, ёки уруш” деган сўзлари бу вазиятнинг жиддийлигини яна бир бор тасдиқлайди. Экспертларнинг фикрича, Вашингтондаги баъзи кучлар Эрон билан келишувни чўзиб, музокара столида Теҳронни қаттиқроқ шартларга кўндира олиш умиди билан ҳаракат қилмоқда. АҚШ ўз дипломатларини эвакуация қилишни Исроилга ёрдамдан воз кечиш эмас, балки хавфсизлик чораси сифатида кўрсатмоқда.
Айни пайтда, Америка дипломатлари ва Эрон ташқи ишлар вазирлиги мулоқотни давом эттиряпти. Бироқ Исроил учун асосий масала битим қандай бўлишида эмас, балки бу келишув мамлакат хавфсизлигига ҳақиқий кафолат берадими-йўқми, деган саволда.
Тарихга назар ташласак, Эрон ядровий дастури билан боғлиқ инқироз 2002 йилда махфий ядро объектлари аниқланганидан бошланган эди. 2010 йилдан бошлаб, мамлакатга қатор халқаро санкциялар жорий этилди ва натижада Эрон иқтисодий қийинчиликка юз тутди. 2015 йилда эса АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар билан ядровий келишувга эришилди, бу даврда инспекторлар Эроннинг ядро объектларини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлишди. Аммо 2018 йилда айнан Доналд Трамп бошчилигидаги маъмурият бу битимдан чиқди ва қайтадан санкцияларни жорий этди. Бу қарорни Исроил қўллаб-қувватлади.
Ҳозир эса, янги келишув арафасида, тарих яна қайталанаётгани каби кўриниш пайдо бўлмоқда: бир томонда музокаралар, иккинчи томонда хавотир ва эҳтимолий ҳарбий сценарий. Агар бу жараёнларда кутилмаган бурилишлар бўлса, Яқин Шарқ яна янги низолар устида қолаётган бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар