date

Исроилнинг “Темир гумбаз”и нега Эрон ракеталарини тутиб қола олмаяпти?

Исроилнинг “Темир гумбаз”и нега Эрон ракеталарини тутиб қола олмаяпти?
Сўнгги ҳафталарда Яқин Шарқ минтақасида, хусусан, Исроил ва Эрон ўртасида юзага келган ҳарбий зиддият халқаро жамоатчилик диққат марказига айланди. Ҳар икки давлатнинг ҳужум ва мудофаа имкониятлари синовдан ўтган бу жараёнда, айниқса, Исроилнинг кўп йиллардан буён ғурур билан намоён қилаётган ва “енгиб бўлмас” деб таърифланадиган ҳаво мудофаа тизимларининг чегаралари ва имкониятлари жиддий имтиҳонга дуч келди. Айниқса, Эрон томонидан узоқ масофали ва гипертовушли ракеталар билан амалга оширилган сўнгги ҳужумлар фонида битта савол янада долзарб тус олди: нега дунёда машҳур бўлган “Темир гумбаз” (Iron Dome) тизими Эрон ракеталари олдида заифлик кўрсатяпти?

Эроннинг ракета арсенали ва унинг имкониятлари

Маълумки, Эрон ўз ракета саноатини сўнгги ўн йилликларда жиддий ривожлантирди ва бугунги кунда мамлакат қўлида ўнлаб турдаги турли масофага учиш қобилиятига эга ракеталар мавжуд. Охирги ҳужумларда эса Теҳрон Тель-Авив ва Ҳаифа каби Исроилнинг йирик шаҳарларига максимал тезлик ва разиллик билан зарба бера оладиган гипертовушли ва баллистик ракеталардан фойдаланди. Жумладан, “Имод”, “Қадр” ва “Хайбар Шакан” каби ракеталар нафақат учиш масофаси, балки аниқлиги ва зарба кучининг юқорилиги билан ажралиб туради.

“Имод” ракетаси
Фото: IslamicWorldNews

2015 йилда Эрон томонидан ишлаб чиқарилган “Имод” баллистик ракетаси 1 700 кмгача парвоз қилиб, 10 метргача аниқликда нишонни ура олади. Бу ракета ядровий ёки бошқа турдаги оғир жанговар каллак билан таъминланиши мумкин ва унинг бурун қисми махсус конусли шаклда тузилган бўлиб, каллакнинг ҳавода портлашини таъминлайди. Бу эса кимёвий ёки электромагнит импулс каби таҳдидларни кўпроқ самара билан етказишга имкон беради.

Шунингдек, “Қадр” ракеталари 1 600–2 000 км масофагача учиб, 650–1 000 кг оғирликдаги портловчи модда олиб юради. Бу турдаги ракеталар бир неча хил версияда ишлаб чиқарилади ва уларнинг ҳар бири муайян масофадаги нишонларни аниқ ура олади. Масалан, “Қадр С”, “Қадр Ҳ” ва “Қадр Ф” турлари турли учиш масофаси билан ажралиб туради.

Энг замонавийларидан бири — “Хайбар Шакан” 2022 йилда тақдим этилган бўлиб, бу ракета қаттиқ ёқилғида ишлайди ва 1 450 км масофагача тўғридан-тўғри зарба бера олади. Унинг аниқлиги 30–40 метрни ташкил қилади ва ўзи билан 550 кг жанговар каллак олиб учиши мумкин. “Хайбар Шакан” ракетаси ўзини гипертовушли ва траекторияни парвоз вақтида бир неча бор ўзгартира оладиган қурилма сифатида намоён қилди.

Исроилнинг кўп қатламли мудофаа тизими

Исроил ҳарбий саноати дунёдаги энг технологик ривожланганлардан бири ҳисобланади ва бу мамлакат ҳаво мудофаа тизимларига катта маблағ, замонавий илмий ишланмалар ва кўп йиллик тажриба сарфлади. Исроилнинг мудофаа тизими бир неча даражадан иборат бўлиб, улар орасида Arrow (Ўқ), David’s Sling (Довуд палахмони) ва Iron Dome (Темир гумбаз) тизимлари алоҳида аҳамиятга эга.

“Темир гумбаз”, “Ўқ” ва “Довуд палахмони”
— Arrow (Ўқ) тизими махсус равишда узоқ масофали, баллистик ва гипертовушли ракеталарга қарши ишлаб чиқилган. Бу тизимдаги ҳар бир ракета бир неча миллион доллар туради ва асосий вазифаси душман ракеталарини атмосферадан ташқарида, яъни баланд қатламларда уриб туширишдан иборат.

— David’s Sling (Довуд палахмони) эса 40–300 км масофадаги тактик ракеталар, дронлар, қанотли ракеталар ва ҳатто душман самолётларига қарши самарали ишлайди. Бу тизим 2017 йилдан буён фаолиятда ва унинг мақсади — ўрта ва узоқ масофадан учирилган ракеталарни йўқ қилиш.

— Iron Dome (Темир гумбаз) эса қисқа масофали ракета ва артиллерия снарядларини тўхтатиш учун мўлжалланган бўлиб, у 4 кмдан 70 кмгача бўлган ҳудудда фаолият юритади. Бу тизим Исроилга яқин ҳудудлардан отилган ракета ва снарядлардан аҳолини ва муҳим объектларни ҳимоя қилишда катта самара берган.

Нега “Темир гумбаз” Эрон ракеталарига қарши кураша олмаяпти?

Айни пайтда дунё ҳамжамиятини қизиқтирган асосий савол шундаки, нега “Темир гумбаз” каби машҳур тизим гипертовушли ва баллистик ракеталарга қарши самарасизлик кўрсатди? Масаланинг ечими унинг техник хусусиятларида. Iron Dome асосан қисқа масофага отилган снарядлар ва ракеталарни тутиш учун ишлаб чиқилган. У баллистик ёки гипертовушли ракета каби юқори тезлик ва узоқ масофага эга қуролларга қарши мўлжалланмаган.

“Темир гумбаз” ишлаш жараёни
Фото: thenightly.com

Бундан ташқари, Эрон сўнгги ҳужумларда “глайдер қурилма” деб аталувчи мослама қўллади — бу қурилма ракета учирилгандан сўнг траекторияни бир неча бор ўзгартириш имконини беради ва Исроилнинг мудофаа тизимларини чалғитади. Шу боис, Arrow ва David’s Sling каби юқори қатлам тизимлари кўплаб ракеталарни атмосферада уриб тушира олган бўлса-да, айрим ракеталар барибир нишонга етди ва қурбонлар ҳам бўлди.

Машҳур ҳарбий таҳлилчилардан бири Сергей Мигдал таъкидлашича, Эрон баллистик ракеталари атмосферадан ташқарига чиқиб, у ердан кинетик энергия билан юқори тезликда пастга тушади ва Iron Dome тизими бундай қуролларни ушлай олмайди. Фақат Arrow ва Америкада ишлаб чиқилган THAAD тизимлари бундай таҳдидга қарши тура олади. Мигдал фикрича, айнан ушбу тизимлар бўлмаганида Исроилнинг марказий шаҳарлари янада катта вайронага айланиши мумкин эди.

Исроил Мудофаа армияси матбуот котиби Анна Уколова ҳам бу мавзуга изоҳ берди: “Мамлакатимиз ҳавоси кўп қатламли ҳимоя тизими билан қопланган, лекин ҳеч бир система 100% кафолат бермайди. Исроил ҳарбий саноати Эрон қуролларига қарши доимий равишда янгиланиб бормоқда, лекин замонавий таҳдидлар олдида барча ҳимоя тизимлари бирдек самарали бўла олмайди.”

Ҳозирги вазият ва истиқбол

Сўнгги ҳужумларда Исроилда 24 киши ҳалок бўлгани, 640 киши турли жароҳатлар олгани расман қайд этилди. Эрон томони эса ўз ракета арсеналини янада такомиллаштириб, учиш масофаси 1 500 кмдан 2 000 кмгача бўлган турли типдаги баллистик ракеталарни ишлаб чиқаришда давом этмоқда. Булар орасида “Фаттаҳ-2” каби гипертовушли моделлар ҳам бор ва уларнинг тезлиги, манёвр қилиш қобилияти Исроил мудофаа тизимлари учун жиддий синов бўлиб турибди.

Бугунги кунда, Исроилнинг дунёда энг илғор деб ҳисобланган ҳаво мудофаа тизимлари замонавий баллистик ва гипертовушли ракеталарга қарши туришда жиддий техник, моддий ва вақт босимига учраяпти. Яъни, ҳар қандай тизим синовда, замонавий таҳдидлар эса кун сайин кўпаймоқда. Шу сабаб, келажакда Исроил ва бошқа давлатлар ушбу хавфлар олдида янада кучлироқ ва интеллектуал мудофаа механизмларини яратишга мажбур бўлади.

Хулоса

Исроил ва Эрон ўртасидаги бу қарама-қаршилик нафақат минтақавий хавфсизлик, балки глобал ҳарбий технологиялар ривожи учун ҳам катта сабоқ ва таҳлил манбаидир. “Темир гумбаз” ва бошқа тизимлар келажакда янада такомиллашади, лекин ҳозирги замонавий ракеталар ва гипертовушли қуроллар ҳар қандай мудофаа механизмлари учун жиддий синов бўлиб қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроилнинг “Темир гумбаз”и нега Эрон ракеталарини тутиб қола олмаяпти?