
Буюк Британияда ҳаётининг охирги босқичига етиб келган беморларга ўз ҳаётини тинч ва азобсиз тугатиш ҳуқуқини бериш масаласи бир неча йиллардан бери муҳокама қилиб келинмоқда. 2024 йилнинг 20 июнь куни мазкур масалада илк жиддий қадам ташланди: Жамоалар палатаси “ўлим ёқасидаги беморлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўпчилик овоз билан қабул қилди (314 — қўллаб-қувватловчи, 291 — қарши). Бу тарихий қадам деб баҳоланмоқда, чунки аввалги муҳокамаларда бундай ташаббус рад этилган эди.
Янги қонун лойиҳаси Англия ва Уэлс ҳудудида 6 ой ёки ундан кам вақт умри қолган, ақли расо, ўлим ёқасидаги беморларга тиббий ёрдам орқали ҳаётни якунлаш ҳуқуқини беради. Бу жараённи амалга ошириш учун бемор махсус комиссия — шифокор, ижтимоий ходим, ҳуқуқшунос ва психиатрнинг аниқ рухсатини олиши шарт. Беморга ўлимга сабаб бўладиган дорилар берилади ва уларни қабул қилишни беморнинг ўзи мустақил амалга оширади.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу ҳуқуқ эвтаназиядан фарқ қилади. Эвтаназияда шифокор ёки бошқа мутахассис бемор сўровига кўра инексия орқали ҳаётга нуқта қўяди. Янги лойиҳада эса бемор барча рухсатлар ва синовлардан ўтиб, мустақил равишда дорини қабул қилади. Бу нафақат бемор ҳуқуқларини кенгайтириш, балки ҳаётни ўзига хос тарзда тугатишга инсонийлик йўлини очиш демакдир.
Айни вақтда амал қилаётган қонунларга кўра, ўлим тўшагида ётган беморга “ёрдам берган” шахс 14 йилгача қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин эди. Янги қонун ушбу тажрибага чек қўяди ва шу билан бирга ўқишда нуқсони бор, аутизм ёки психик муаммолари бўлган шахслар манфаатини ҳимоя қилиш учун мустақил адвокатлар ва махсус маслаҳат кенгашини ташкил этишни назарда тутади.
Қонун лойиҳаси ҳозир Лордлар палатасида кўриб чиқилади, бироқ одатда юқори палата Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонунларни тўхтатмайди. Шу сабабдан, Британияда шундай муҳим ўзгариш яқин орада амалга ошиши эҳтимоли катта.
Бу ташаббус Шимолий Ирландия ва Шотландияда ҳозирча амал қилмайди — уларда алоҳида овоз бериш кутилмоқда.
Дунё тажрибаси
Ўлимга ёрдамлашиш, ёки “шифокор ёрдамида ўлиш” ҳуқуқи дунёнинг бир қанча ривожланган давлатларида қонунийлаштирилган. 1942 йилда Швейцария бу амалиётни илк қонунийлаштирган давлат бўлди. Европа мамлакатлари орасида Нидерландия, Бельгия, Люксембург, Испания, Португалия ва Австрияда ҳам “ўлимга ёрдам бериш” қонуний ҳисобланади. АҚШда бу амалиёт 10 та штатда қонуний бўлса, Австралияда 2022 йилдан бери барча штатларда амал қилади. Колумбия, Эквадор ва Мен ороли ҳам шу каби қонунлар қабул қилган.
Айни пайтда дунё бўйлаб 300 миллионга яқин одам ушбу имкониятдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бундай қонунларнинг қабул қилиниши — инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва қийин ҳаётий танлов олдидаги эркинлигига оид жиддий ислоҳотдир.
Британиядаги янги қонун ҳаётининг охирига етиб келган беморларга бир зумлик ором ва танлов ҳуқуқини бериши мумкин. Тиббиёт, ҳуқуқ ва жамият учун катта масъулият юклаган ушбу янги қонуннинг амалиётда қандай ишлашини эса яқин вақтлар кўрсатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг