date

Россияда аёлларга 18 ёшданоқ фарзанд кўриш тавсия қилинди

Россияда аёлларга 18 ёшданоқ фарзанд кўриш тавсия қилинди
Россия Федерацияси парламентининг юқори палатаси — Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко мамлакат аёлларини 18 ёшданоқ фарзанд кўришга чақирди. Бу ҳақда у “Московский комсомолес” газетасига берган интервюсида баёнот берди.

“Демография соҳасидаги асосий вазифа менталитетни ўзгартиришдир. Иноқ, катта ва барқарор оилага эга инсонгина муваффақиятли ҳисобланмоғи лозим. Фарзанд кўриш урфга айлансин, аёллар 28–29 ёшда эмас, балки вояга етгач дарров туғишни одат қилиши керак”, — деди у.

Матвиенконинг фикрича, аёллар фарзанд кўришни ортга сурмаслиги керак, чунки кейинчалик тиббий ёки бошқа сабабларга кўра бу имконият йўқолиши мумкин.

Маълумот учун, 76 ёшли Матвиенко ўзи битта фарзанд — Сергей Матвиенкони вояга етказган. У фарзандини 1973 йилда, 24 ёшида дунёга келтирган.

Статистик маълумотларга кўра, Россия аҳолиси йил сайин камайиб бормоқда. 2025-йил 1-январ ҳолатига кўра, мамлакат аҳолиси 146 миллион 28 минг 325 кишини ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 0,08 фоизга кам.

Ҳисоб-китобларга қараганда, 2045-йилга келиб Россия аҳолиси 138,8 миллиондан 130,6 миллионгача камайиши мумкин. Бунда урушдаги инсоний йўқотишлар ҳисобга олинмаган.

Баъзи демографларнинг прогнозига кўра, 2100-йилга бориб Россия аҳолиси 74 миллиондан 112 миллионгача тушиб кетиши мумкин. Бу эса ижтимоий-иқтисодий муаммоларни кучайтиради.

Шу сабабли Россия раҳбарияти сўнгги йилларда аҳолига эрта фарзанд кўришни тавсия қилмоқда. Бу масала Демография ва оила сиёсати кенгаши йиғилишларида доимий муҳокама қилинмоқда.

Президент Владимир Путин ҳам оналик ва оталикни “бахт” деб атаб, ёшларни бу бахтни ортга сурмасликка ундаган. У ўқиш ёки карьерани сабаб қилиб, фарзанд кўришни кечиктиришни танқид қилган.

Путиннинг 2024-йилдаги фармонида 2030-йилга келиб туғилиш коэффициентини 1,6 нафарга, 2036-йилда эса 1,8 нафарга етказиш вазифаси қўйилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Россияда аёлларга 18 ёшданоқ фарзанд кўриш тавсия қилинди