
Россия президенти Владимир Путин сўнгги ҳафталарда халқаро сиёсат саҳнасида кутилмаган ҳаракат билан иштирок этди. Унинг ташаббуси ядровий муаммолар бўйича тарихда янги саҳифа очиши мумкин.
Axios нашрининг хабар беришича, музокаралар жараёнидан хабардор манбалар Путиннинг Доналд Трамп ва Эрон расмийларига шахсан мурожаат қилганини тасдиқлади. Унда Россия раҳбари Теҳронни уранни бойитишдан мутлақо воз кечишга чорлаган.
Шу пайтгача Москва Эроннинг ядровий дастурига очиқ ҳимоячи бўлиб келаётганди. Россия расмийлари Теҳроннинг уранни бойитиш ҳуқуқини халқаро майдонда доимо ҳимоя қилган. Аммо Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик қонли тўқнашувлардан сўнг Кремлнинг позицияси кескин ўзгарди.
Нашр ёзишича, Путин урушдан сўнг шахсан Эрон раҳбарияти билан алоқага чиқиб, урандан воз кечиш муҳимлигини уқтирган. Бу энди фақатгина Россиянинг Эронга нисбатан позицияси эмас, балки глобал хавфсизлик учун муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, Москва Исроил ҳукуматига ҳам бу ҳақда маълум қилган. Исроилнинг юқори мартабали расмийларидан бири: “Биз Путиннинг Эронга нима деганини биламиз”, дея фикр билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнь куни Исроил Эроннинг ядровий объектлари, юқори даражали амалдорлари ва олимларини нишонга олиб, кенг қамровли ҳужум бошлаган эди.
Бунга жавобан Эрон Исроил ҳудудини баллистик ракеталар билан ўққа тутди. 22 июнь куни эса АҚШ Эроннинг бир нечта ядровий объектларига ҳаводан зарба берди. Икки кундан кейин тарафлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинди.
Расмий маълумотларга кўра, Исроилнинг зарбаси оқибатида 935 нафар эронлик ҳалок бўлди. Эроннинг жавоб зарбалари эса 28 исроилликнинг ҳаётига зомин бўлди.
Шу орқали АҚШ президенти Доналд Трамп ўз чиқишида Эроннинг ядровий дастури “янгидан барҳам топди” деб эълон қилди. Аммо АҚШ ОАВлари бу сўзларга шубҳа билан қараб, дастур фақат бир неча ойга ортга сурилганини ёзмоқда. Трамп эса уларни “сохта янгилик тарқатувчилар” деб танқид қилди.
Музокаралар ва босимлар давом этаётган бу жараёнда Эрон ядровий дастурдан воз кечишга тайёрми? Россия ва АҚШнинг ягона позицияси бу масалада қандай ҳал қилинишини белгилаб бериши мумкин. Ядровий хавфсизлик яна глобал сиёсий ўйиннинг марказида. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар