
Украина Президенти Владимир Зеленский томонидан имзоланган янги қонун мамлакатда кенг норозиликларга сабаб бўлди. Қонун коррупцияга қарши курашувчи муҳим давлат органлари – Миллий Коррупцияга Қарши Бюро (НАБУ) ва Махсус Коррупцияга Қарши Прокуратура (САПО) мустақиллигини чеклаб, уларни Бош прокурор назоратига ўтказишни кўзда тутади.
Мазкур қонун Украина фуқаролари ва халқаро ҳамжамият, хусусан Европа Иттифоқи ва Г7 давлатлари томонидан танқид остига олинди. Киев, Лвов, Днипро ва Одесса шаҳарларида юзлаб норозилар иштирокида намойишлар бўлиб ўтди. Бу намойишлар Россия босқини бошланганидан бери энг йирикларидан бири сифатида қайд этилмоқда.
Намойишчилар “Биз Европани танлаганмиз, авторитаризмни эмас” ва “Отам шу нарса учун ҳаётини фидо қилмаган” деган шиорларни кўтариб чиқишди.
Президент позицияси: "Ишламаётган тизимни ислоҳ қилиш керак"
Президент Зеленский қонунни ҳимоя қиларкан, коррупцияга қарши органлар фаолиятини самарасиз деб атади. Унга кўра, йирик молиявий жиноятлар юзасидан очилган ишлар йиллар давомида ҳал қилинмай, “чанг босиб ётган”.
Президент фикрича, Бош прокуратура органлар устидан назоратни кучайтириш орқали жиноий жавобгарлик муқаррарлигини таъминлайди ва “Россия таъсири”дан холи тизим яратилади.
Халқаро ҳамжамият эътирози
Европа Комиссияси вакили Гиём Мерсе янги қонундан хавотир билдирар экан, бу каби ўзгаришлар Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда қўйилган коррупцияга қарши талабларни заифлаштиришини таъкидлади.
Европа кенгайиш комиссари Марта Кос эса САПО ва НАБУ мустақиллигининг йўқолишини “жиддий орқага қадам” деб атади. У бу икки ташкилотнинг Европа Иттифоқига аъзолик йўлидаги муҳим тамойил бўлганини эслатди.
Шунингдек, Г7 давлатлари элчилари Украина раҳбарияти билан мазкур қонун юзасидан алоҳида музокаралар ўтказишни истаётганини маълум қилишди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар