date

Юзининг ярмини йўқотган британиялик Дейв 3D принтер орқали янги қиёфа олди

Юзининг ярмини йўқотган британиялик Дейв 3D принтер орқали янги қиёфа олди

Британиянинг Девон шаҳрида яшовчи 75 ёшли Дейв Ричардс ҳаётидаги энг оғир кунни 2021 йилда бошидан кечирди. У велосипедда кетаётганида маст ҳайдовчи уни уриб юборди ва бу ҳалокат унинг тақдирини тубдан ўзгартирди. Эркакнинг юзининг ярми учинчи даражали куйишдан шикастланди, кўзига зарар етди, суяклари синиб, юзи деформацияга учради.

Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун соатлаб операция ўтказишди. Кўзни асраб қолиш мумкин эмас эди — инфекция кўриш нервига тарқалиши хавфи бор эди. Шу сабаб, уни олиб ташлашга тўғри келди. Кейин эса жарроҳлар унинг танасининг бошқа қисмидан қон томирлари бўлган тўқимани кўчириб ўтқазишди, шу йўл билан юзининг ярмини ёпишга муваффақ бўлишди.

«Мен бир нечта жарроҳлик амалиётларини бошдан кечирдим. Бу жуда оғриқли ва руҳий синовли жараён бўлди, аммо мен ўз қиёфамни ва ишончимни тиклашни хоҳладим», — деб эслайди Дейв.

Тикланиш жараёнида у замонавий 3D тиббий марказ — Reconstructive Prosthetics мутахассислари билан учрашди. Улар унга ноёб имконият таклиф қилишди: 3D-принтер ёрдамида юзининг йўқолган қисмини қайта яратиш. Протез унинг териси, соч ранги ва ҳатто кўз сояси билан тўлиқ мослаштирилди.

«Бу жараён ёқимли бўлмаган, кўплаб қолиплар, фотосуратлар ва ўлчовлар олинди. Аммо 3D технологиялар ажойиб имкониятлар яратди. Энди юзим деярли табиий кўринади ва мен ўзимни яна ўзимдек ҳис қиламан», — деди Дейв Ричардс.

NBT реконструктив жарроҳлик бўйича етакчи мутахассиси Эми Дейви таъкидлашича, 3D-сканерлаш протезни беморнинг юз ҳаракатларига мослаштириш имконини беради. Шу билан бирга, босиб чиқаришда ишлатиладиган материаллар инсон терисига хавфсиз ва тўқималар тузилишига яқин бўлади.

Протез ўрнатилгандан сўнг, Дейв реабилитация курсини давом эттирди. Унга махсус орбитал протез ва бўйин учун 3D-принтерда тайёрланган корсет ҳам ясалди. Ҳозирда у чандиқларнинг зўриқишини камайтириш учун даволанишни давом эттирмоқда.

«Аввалига бу технологияга ишонмаган эдим, — дейди у, — аммо энди шифокорлар ва муҳандислардан чексиз миннатдорман. Улар ҳаётимни тубдан ўзгартиришди. Мен яна ўзимни инсондек ҳис қиляпман».

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Юзининг ярмини йўқотган британиялик Дейв 3D принтер орқали янги қиёфа олди