Европа қитъасида соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий ташвиш уйғотган ҳолат кузатилмоқда. Европа Иттифоқи соғлиқни муҳофаза қилиш идоралари маълум қилишича, жорий йилнинг ёз ойларида Ғарбий Нил ҳамда чикунгунья вируси билан касалланганлар сони рекорд даражага етиб, сўнгги уч йил ичида қайд этилган энг юқори кўрсаткичга айланди. Бу ҳақда Касалликларни олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази (ECDC) расман маълум қилди, деб ёзди report.az.
Энг кўп ҳолатлар орасида 27 марта чикунгунья вируси юқиши аниқланган бўлса, Ғарбий Нил вирусига боғлиқ 335 та ҳолат қайд этилгани таъкидланмоқда. Бу рақамлар Европада масала жуда жиддий тус олганини кўрсатади.
ECDC директори Памела Ренди-Вагнер таъкидлашича: “Европа янги бир босқичга қадам қўймоқда. Чунки чивин орқали юқадиган касалликларнинг кўлами тобора кенгаймоқда, тарқалиши эса кучайиб, узоқ муддатли жараёнга айланмоқда. Бу эса янги одатий ҳолатга айланиши эҳтимолдан ҳоли эмас”.
Мутахассислар огоҳлантиришича, иқлим ўзгариши натижасида қитъада чивинлар мавсуми анча узаяпти ва кучаймоқда. Ҳароратнинг кўтарилиши, қиш фаслининг юмшоқ келиши ва ёғингарчилик шаклларининг ўзгариши чивинлар кўпайиши учун қулай муҳит яратаётгани айтилади. Бу эса вируслар тез ва кенг тарқалишига замин яратаётган омиллардан бири сифатида кўрсатилмоқда.
ECDC маълумотларига кўра, чикунгунья иситмаси тарқатувчи Осиё йўлбарс чивинлари ҳозирда Европанинг 16 давлати ва 369 ҳудудида аниқланган. Таъкидлаш жоизки, 10 йил олдин бу кўрсаткич атиги 114 та ҳудуд билан чекланган эди. Ғарбий Нил вируси эса ҳар йили янги ҳудудларда қайд этилмоқда.
2025 йилда вирус Руминиянинг Сэлаж графлиги ҳамда Италиянинг Латина ва Фрозиноне вилоятларида тарқалгани маълум қилинди. Бу ҳудудларда камида 10 нафар инсон вирус оқибатида ҳаётдан кўз юмгани ҳақида ҳам хабар берилмоқда.
Экспертлар таъкидлашича, чивинлар орқали тарқаладиган касалликлар Европада эндемик хусусият касб этиши мумкин. Бу эса нафақат соғлиқни сақлаш тизимига, балки бутун қитъа аҳолиси турмуш сифатига ҳам катта хавф туғдиради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!