date

Ливандаги Биби Марям ҳайкали билан боғлиқ можаро кучаймоқда

Ливандаги Биби Марям ҳайкали билан боғлиқ можаро кучаймоқда

Исроиллик ҳарбий хизматчининг Ливандаги Биби Марям ҳайкалини ҳақорат қилаётгани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Мазкур ҳолат ортидан Исроил армияси воқеа юзасидан расмий текширув бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, армия ушбу ҳолатга “жиддий муносабат” билдирган ва аскарга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини ваъда қилган. Сурат бир неча ҳафта аввал Ливаннинг насронийлар истиқомат қиладиган Дебел қишлоғида олинган бўлиб, 6 май куни интернет тармоқларида оммалашди. Кадрда Исроил аскари ҳайкал оғзига сигарет қўйгани ва ўзи ҳам тамаки чекиб тургани кўринган.

“Бу Ливан жанубида исроиллик ҳарбийлар томонидан диний қадамжоларни ҳақорат қилиш, мулкни вайрон этиш ва талон-торож қилиш билан боғлиқ кетма-кет воқеаларнинг навбатдагиси”, дея ёзди Al Jazeera.

Апрель ойида ҳам айнан шу қишлоқда Исроил аскари Исо ҳайкалини болға билан ургани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳайкалга зарар етказган аскар ҳамда уни тасвирга олган ҳамкасби жанговар вазифалардан четлатилиб, 30 суткага қамалган.

Шунингдек, Исроил қўшинлари Дебелдаги қуёш панелларини бульдозерлар ёрдамида йўқ қилгани, уйлар, йўллар ва зайтун дарахтларига ҳам зарар етказгани айтилмоқда.

Бу воқеалар Исроилнинг Байрут ва Ливаннинг бошқа ҳудудларига ҳужумларни кучайтириб, бу ҳаракатларни “Ҳизбуллоҳ” жангчилари ҳамда улар инфратузилмасига қарши амалиёт сифатида изоҳлаётган бир вақтда содир бўлмоқда. Айни пайтда Исроил қўшинлари Ливан жанубидаги қатор ҳудудларни назорат остига олиш ва қишлоқларни вайрон қилишни давом эттираётгани таъкидланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Ливандаги Биби Марям ҳайкали билан боғлиқ можаро кучаймоқда