Хитойлик олимлар Ерда ҳаёт пайдо бўлиши ҳақидаги қарашларни ўзгартириши мумкин бўлган кашфёт қилишди. Улар Тинч океани тубида аввал фанга номаълум бўлган “Кунлун” деб аталувчи гидротермал тизимни топишди, деб ёзмоқда Peopletalk.
Бу тизим Папуа – Янги Гвинеянинг шимолий-шарқида жойлашган бўлиб, йигирмага яқин кратердан ташкил топган. Энг каттасининг кенглиги 1,8 км, чуқурлиги эса 130 метрга етади. Олимлар уларни “қувурлар тўдаси” деб аташган, чунки бу ердан улкан миқдорда водород чиқиб, бутун экотизим ҳаётини таъминлайди.
“Кунлун” майдони 11 квадрат километрни ташкил этиб, машҳур “Йўқолган шаҳар”дан ҳам катта. У ердаги муҳит эса Ернинг илк ривожланиш босқичларига ўхшайди. Мутахассислар фикрича, миллиард йиллар аввал ҳаёт айнан шундай водород чиқиндилари асосида пайдо бўлган бўлиши мумкин.
Тизим шунингдек чуқур сувда яшовчи турли мавжудотлар — қисқичбақа, найчақурт, денгиз анемонияси ва омарлар учун уй бўлиб хизмат қилади. Улар қуёш нурисиз муҳитда кимёвий моддалардан озиқланади.
Қизиғи шундаки, “Кунлун” оддий вулқон манбаларига ўхшамайди: бу ерда ҳарорат 90 даражадан паст ва тизим океан тизмаларида эмас, балки плита марказида жойлашган. Ҳисоб-китобларга кўра, у дунёдаги сув ости водородининг 5 фоиздан ортиғини ишлаб чиқаради.
Олимлар кратерлар аста-секин шаклланганини айтишмоқда: аввал водород ер остида тўпланиб, кейин портлаб чиқиб, изидан ёриқ ва манбалар қолдирган. Бу кашфёт фан учун ҳақиқатан ҳам ноёб аҳамиятга эга.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!