АҚШда ёшлар орасида тўғри ичак саратони кескин кучаймоқда

АҚШда ёшлар орасида тўғри ичак саратони ҳолатлари ва ўлим кўрсаткичлари кескин ошмоқда. Тадқиқотларга кўра, бу касаллик 2035 йилга келиб, 50 ёшгача бўлганлар орасида ўлимнинг етакчи сабабларидан бирига айланиши мумкин. Олимлар бу тенденциянинг сабаблари сифатида ичак микрофлорасидаги ўзгаришлар, нотўғри овқатланиш ва ширин ичимликларни кўп истеъмол қилишни кўрсатмоқда. Аҳолини эрта текширувлардан ўтиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилишга чақиришмоқда.
АҚШда ёшлар ўртасида тўғри ичак саратони билан боғлиқ ҳолатлар ва ўлим кўрсаткичлари тез суръатларда ошиб бормоқда. Бу ҳолат олимлар ва шифокорларни жиддий хавотирга солмоқда.
Тадқиқотларга кўра, тўғри ичак саратони йўғон ичак саратонига нисбатан икки-уч баравар тезроқ тарқалмоқда. Агар бу тенденция давом этса, 2035 йилга келиб, мазкур касаллик 50 ёшгача бўлганлар орасида ўлимнинг етакчи сабабларидан бирига айланиши мумкин.
Мутахассислар маълумотига кўра, 2026 йилда АҚШда йўғон ичак саратонининг қарийб 158 мингдан ортиқ янги ҳолати аниқланиши, 55 мингдан зиёд инсон эса ушбу хасталикдан вафот этиши кутилмоқда. Қайд этилишича, вафот этганларнинг катта қисми 65 ёшгача бўлганлар ҳиссасига тўғри келади.
Янги илмий изланишлар ёшлар орасида саратонинг кўпайиши, асосан, тўғри ичак саратонининг ортиши билан боғлиқ эканини кўрсатмоқда. 1990 йиллар охиридан буён касаллик ҳар йили тахминан 3 фоизга ўсиб бормоқда.
Олимлар бу хавфли тенденция сабабларини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, ичак микрофлорасидаги ўзгаришлар, нотўғри овқатланиш ва ширин ичимликларни кўп истеъмол қилиш омил бўлиши мумкин. Шу билан бирга, кўплаб ёш беморларда анъанавий хавф омилларининг йўқлиги масалани янада мураккаблаштирмоқда.
Мутахассислар аҳолини эрта текширувлардан ўтиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилишга чақирмоқда.






























Изоҳлар 0
…