date

Россияда ўзбекистонлик эркак жанжал оқибатида қотилликда гумонланмоқда

Россияда ўзбекистонлик эркак жанжал оқибатида қотилликда гумонланмоқда

Россияда яна бир жиноий ҳолат юзасидан ўзбекистонлик фуқаро тилга олинмоқда. 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси 45 ёшли эркакнинг ўлимига сабабчи бўлганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Ички ишлар бош бошқармаси расмий маълумот берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа жорий йилнинг 25 апрель куни кечки пайт Свердлов номидаги посёлкада содир бўлган. Икки эркак ўртасида келиб чиққан кескин тортишув қисқа фурсатда муштлашувга айланиб кетган. Жанжал якунида иштирокчилардан бири воқеа жойидан қочиб кетган, иккинчиси эса ерда ҳаракатсиз ҳолда қолган.

Ҳодисанинг гувоҳи бўлган шахс дарҳол тегишли хизматларга мурожаат қилган. Воқеа жойига етиб келган тез тиббий ёрдам ходимлари эркак аллақачон вафот этганини тасдиқлаган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари берган маълумотга кўра, марҳум 45 ёшли эркак бўлиб, Твер вилоятида яшаган. Унинг танасида, хусусан, ўнг чакка қисмида жиддий жароҳат аниқланган. Мутахассислар айнан шу зарба ўлимга сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Дастлабки суриштирувларга қараганда, можаронинг сабаби аёл кишига боғлиқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шахсий муносабатлар фонида келиб чиққан келишмовчилик кескин тус олиб, фожиали якун топган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов органлари воқеани “оғир тан жароҳати етказиш оқибатида эҳтиётсизлик билан ўлимга сабаб бўлиш” моддаси билан баҳоламоқда.

Гумонланувчи тезкор тадбирлар натижасида ўша посёлкадаги 1-макрорайон ҳудудида, 45-уй яқинида қўлга олинган. Аниқланишича, у 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлиб, доимий иш жойига эга эмас.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш, шунингдек, можаронинг асл сабабларини тўлиқ ўрганиш устида иш олиб бормоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Россияда ўзбекистонлик эркак жанжал оқибатида қотилликда гумонланмоқда