АҚШда банк ҳужуми: икки ходим отиб ўлдирилди

АҚШнинг Кентукки штатида содир бўлган қуролли ҳужум жамоатчиликни ларзага солди. Жорий йилнинг 29 апрель куни номаълум шахс банкка бостириб кириб, икки нафар ходимни отиб ўлдирган. Ҳозирда гумонланувчи қидирувда. Бу ҳақда ABC News маълум қилди.
Маълумотларга кўра, воқеа маҳаллий вақт билан соат 14:00 атрофида Береа шаҳридаги Честнат кўчасида жойлашган банк филиалида юз берган. Қуролланган шахс ичкарига кириб, банк ходимларига қарата ўқ узган ва ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Кентукки штати полицияси вакили Скотт Пеннингтоннинг билдиришича, ҳужум аҳолида жиддий хавотир уйғотган. “Биз Береа ва Медисон округи аҳолиси ҳозир қўрқувда эканини тушунамиз. Уларнинг хавфсизлиги биз учун устувор. Жиноятчини топиб, жавобгарликка тортиш учун барча чораларни кўряпмиз”, деди у.
Полиция гумонланувчининг ташқи кўринишига ҳам аниқлик киритган. У тахминан 1,90 метр бўйга эга бўлиб, оч рангли свитер, тўқ рангли қўлқоп, кулранг шим ва оч рангли спорт оёқ кийими кийган. Унинг банкдан пул ёки бошқа қимматбаҳо буюмларни олиб кетган-кетмагани ҳозирча номаълум. Шунингдек, жиноятчи пиёда қочганми ёки транспорт воситасидан фойдаланганми — бу ҳам аниқланмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот органлари аҳолини ҳушёрликка чақириб, эшик-деразаларни қулфлаб қўйиш, шубҳали ҳолатлар кузатилса дарҳол полицияга хабар беришни тавсия қилган. Шунингдек, уйларнинг ташқи ёритгичларини ёқиб қўйиш ҳам хавфсизлик чораси сифатида тавсия этилган.
Полиция вакиллари гумонланувчига мурожаат қилиб, уни ўз ихтиёри билан таслим бўлишга чақирди. “Сиз аллақачон жиддий жиноят содир этдингиз. Бошқа одамлар зарар кўришидан олдин ўзингизни топширинг”, дея огоҳлантирди Пеннингтон.
Маълумот учун, Береа шаҳри Лексингтондан қарийб 64 километр жанубда жойлашган бўлиб, унда 16 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳодиса юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!