Эронда яна 3 киши жосусликда айбланиб қатл этилди

Бугун, 2 май куни Эрон шимоли-ғарбидаги Ғарбий Озарбайжон вилоятида Исроил режимининг “Моссад” разведка хизматига жосуслик қилган Ёқуб Каримпур ва Носир Бекарзодалар қатл этилди. Шунингдек, Исфаҳон вилояти марказидаги Натанз ядровий полигони яқинида разведка маълумотларини тўплашда айбланган бир кишига нисбатан чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилган. Бу ҳақда Эрон Олий суди хабар берди.
Эрон Олий судининг баёнотига кўра, маҳкумларга чиқарилган дастлабки ҳукм ўз кучида қолдирилган хамда қонуний жараёнлар якунланганидан сўнг ижро этилган. Ҳукм бугун, 2 май куни эрта тонгда осиб ўлдириш орқали амалга оширилган.
Иш ҳужжатларига кўра, Каримпур ва Бекарзода 2025 йил июль ойида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши 12 кунлик босқини даврида “Моссад” ходими билан фаол алоқада бўлган ва ундан криптовалюталар эвазига Эроннинг бир қатор нозик манзиллари ва аниқ шахслар ҳақидаги махфий маълумотларни етказиб турган.
“Улар “Моссад” зобитидан бомбаларни ясаш бўйича пухта таълим олган ва ўз қўллари билан бир нечтасини ясаб, уларни белгиланган жойларда портлатишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, маҳкумлар ўз бошқарувчиларига портлатилган жойларнинг тасвирлари ва видеоларини ҳам юбориб турган. Видеоёзувлар кейинчалик Исроил томонидан молиялаштириладиган “Iran International” ахборот каналида Эрондаги сиёсий вазиятни беқарор ҳолатда кўрсатиш учун мунтазам равишда эфирга узатиб келинган”, дейилади Эрон Олий судининг расмий баёнотида.
Бундан ташқари, Каримпур жиноий гуруҳларга Караж ва Машҳад шаҳарларида тўлов эвазига банкоматларга ўт қўйиш каби қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишни топширган.
Шунингдек, Эрон хавфсизлик кучлари жосуслар Исроил разведка хизматига Теҳрон марказидаги Натанз уранни бойитиш заводи ва мамлакатнинг муҳим комплексларининг жойлашуви ва фотосуратларини ҳамда баъзи ҳокимият органлари, диний уламолар ва маҳаллий амалдорлар билан боғлиқ маълумотларни тақдим этганини аниқлаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!