Қирғизистон вице-премьери америкаликлар учун визасиз режимни қайта кўриб чиқишни таклиф қилди

Қирғизистон вице-премьери Эдил Байсалов АҚШ томонидан қирғизистонликлар учун жорий этилган юқори миқдордаги гаров талаби фонида америкаликлар учун визасиз тартибни қайта кўриб чиқиш кераклигини билдирди. У бу ташаббусини X ижтимоий тармоғида баён қилди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Байсаловнинг фикрича, АҚШ Давлат департаментининг янги қоидалари ўзаро тенглик (паритет) тамойилига зид. Унинг таъкидлашича, визага оид сиёсат — бу икки томонлама ҳурмат масаласи.
X’даги фойдаланувчилардан бири бундай қадам ортидан Вашингтон қирғизистонликлар учун виза беришни чеклаши мумкинлигидан хавотир билдирди ва АҚШ билан муносабатларни яхшилашни таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 январдан бошлаб Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари B1/B2 тоифасидаги (бизнес ва туристик) визага ариза топширишда 5 минг доллардан 15 минг долларгача гаров пули киритиши шарт. Аниқ сумма суҳбат жараёнида консуллик ходими томонидан белгиланади. Гаров пули виза берилишини кафолатламайди: виза рад этилса ёки АҚШда бўлиш шартларига тўлиқ амал қилингани тасдиқлангач, маблағ қайтарилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!