
2025 йил 24 ноябр куни Telegram мессенжерида собиқ UFC чемпиони Хабиб Нурмагомедов томонидан яратилган 29 мингта рақамли папаха тўлиқ сотиб олинди. Аукционлар 22 ноябрда бошланган ва эртаси куни кечгача давом этган.
"Энди ҳар бир одам папахани дўстига, акасига ёки мураббийига совға қилиш имкониятига эга — бу қаердан келганинг ва қаерга йўл олаётганингни ҳурмат қилиш белгиси", — деб ёзди Нурмагомедов. Савдолар ҳар бири беш дақиқалик 290 қисқа раундда ўтказилган.
Ўртача бир папаха харидорларга тахминан 10,1 минг "юлдуз"га тушган — бу қарийб 103 Toncoin ёки тахминан 150 АҚШ долларига тенг. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, умумий даромад 4,35 миллион долларни ташкил қилган.
Бундай рақамли совғалар TON тармоғига асосланган чекланган маҳсулотлардир. Уларни "юлдузлар" ёки Toncoin орқали сотиб олиш, сўнгра NFT кўринишида ташқи платформаларда сотиш мумкин.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.